Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Илмий даража беришда қатор талаблар бекор қилинади
Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даража олиш учун чет тилидан имтиҳон топшириш талаби фақат мустақил изланувчиларга тааллуқли бўлади. Диссертация мавзуларини ОАКда рўйхатдан ўтказиш, ҳимоя тўғрисида эълон бериш, илмий ишни етакчи ташкилотда муҳокама қилиш, амалиётга жорий этилгани тўғрисида хулоса олиш ва бошқа қатор тартиблар тугатилади.
Фото: tuit.uz
Ўзбекистонда илмий даража олишдаги бир қатор бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Президент фармонига асосан, 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даражалар беришда қуйидаги тартиблар бекор қилинади:
- чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш, мустақил изланувчилар бундан мустасно;
- Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисида эълон бериш;
- диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш;
- ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун тайёрланган диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилиш;
- диссертация авторефератини чоп этиш;
- диссертация илмий натижаси амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида хулоса олиш;
- Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгаши томонидан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш;
- ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш;
- таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти учун жалб қилинган чет эллик фуқаронинг хорижда олган илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларини нострификация қилиш. Бунда илмий даража тўғрисидаги ҳужжат унинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида тўғридан тўғри тан олинади.
Мазкур фармон билан, Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси тизимига ўтказилди. 2026 йил 1 сентябрдан айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади.
Жорий ҳафтада Олий аттестация комиссиясини 10 йилдан кўпроқ бошқарган Аҳмадбек Юсупов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча маълум эмас.
Янги тартибга кўра, ОАК раиси Фанлар академияси президенти тавсияси асосида, Президент администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Мавзуга оид
12:40 / 30.05.2026
Кичик бизнесга кенг кўламли солиқ эркинликлари эълон қилинди (батафсил)
17:27 / 29.05.2026
Айрим докторантларнинг стипендияси 1,7 баробарга оширилади
08:43 / 29.05.2026
Олий аттестация комиссияси Фанлар академияси тизимига ўтказилди
11:12 / 26.05.2026