Жамият | 22:04 / 19.07.2022
18309
5 дақиқада ўқилади

“Туя қилинган” экспонатлар: Фарғонада ҳам ноёб асарлар қалбакилаштирилган

Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейида 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонат қалбакилаштирилгани аниқланди. Шунингдек, 2011 йилда музейдан Фарғона вилояти ИИБга жами 21 номдаги ашёлар олиб кетилган. Улардан 14 таси 2016-2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, қолган 7 та ранг-тасвир асарининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейидаги умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонат (улардан 56 таси ранг-тасвир асарлари) қалбакилаштирилган.

Музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилинган.

Музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона ранг-тасвир ва 1 дона графика асари эса топилмаган.

Булар ҳақида Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳамда Маданий мерос агентлиги ўтказган текширувларда маълум бўлди.

Хўш, ноёб ҳисобланган асарлар қандай қилиб қалбакисига алмаштирилди?

Музей директори Хайрулло Зокировдан йўқолган асарлар бўйича маълумот олмоқчи бўлдик. Раҳбар иш жойида йўқлиги сабаб бунинг иложи бўлмади, у билан телефон орқали ҳам боғлана олмадик.

Музейда бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи Жаҳонгир Тойболаев қалбакилаштирилган асарлар хусусида маълумот берди.

Жаҳонгир Тойболаев

“Бугунги кунда музейимизда 100 мингдан ортиқ экспонатлар сақланади. Шу йилнинг май-июнь ойларида Бош прокуратура томонидан музейда текширув ишлари амалга оширилди. Текширувда экспонатларнинг сақланиши, улардан фойдаланиш, шу билан бирга бюджетдан тўғри фойдаланиш ҳолатига асосий эътибор қаратилди.

Текширув давомида 70 дона экспонат қалбакилаштирилгани аниқланди. Албатта, бу дастлабки хулосалар бўлиб якуний хулосага ҳали келингани йўқ.

70 та экспонатлардан 56 таси ранг-тасвир, яъни картиналар ҳисобланади. Ҳозирги кунда ранг-тасвир фондимизда 1 000 тадан ортиқ асар сақланяпти. Фарғона ва бутун республика миқёсида яшаб ижод қилган рассомларнинг, ҳайкалтарошларнинг асарлари”, – дейди у.

Музейдаги асарлар қандай қилиб қалбакисига алмаштирилган бўлиши мумкин?

“Мен ҳам хатлов жараёнларида ишчи гуруҳ аъзоси сифатида иштирок этдим. Бир гуруҳ рассомлар, мис, ёғоч буюмлар текширувчилари, мато бўйича мутахассислар бу ишга жалб қилинди.

Қонун-қоидага кўра, экспонатлар қабул қилинаётганда уларнинг ўлчами, ранглари, асарлари, муаллифларнинг номлари ёзиб қўйилади. Текширув жараёнида асар қабул қилинаётган пайтда ёзиб қўйилган маълумотлар асл ҳолатига тўғри келмади.

Асарлар қалбакилаштирилган бўлса, бу ҳолатлар 20-30 йил давомида амалга ошириб келинган бўлиши мумкин. Албатта, биз юз фоиз асарлар қалбакилашган дейишдан йироқмиз, лекин айрим нумизматикага оид экспонатлар ҳақиқатан ҳам қалбакилаштирилгани исботланди. Лекин бундай фикрни ранг-тасвирга нисбатан айта олмаймиз, чунки ўша пайтда музейга айнан қалбаки асарлар қабул қилинган бўлиши ҳам мумкин. Ёки асарга доир маълумотлар нотўғри ёзилган бўлиши мумкин. Булар ҳам эҳтимолдан холи эмас. Мутахассислар бу масалага ойдинлик киритади, деб ўйлаймиз.

2011 йилда вилоят ИИБда музей ташкил қилинган эди. Маълумотларга кўра, музейдан олиб кетилган 21 асардан 14 таси қайтарилган. 7 таси эса қайтарилмаган. Бу масалада ИИБга хат билан чиқдик. Бу асарлар қаердадир сақланаётган бўлиши мумкин”, – дейди музей ходими Жаҳонгир Тойболаев.

Маълум бўлишича, 2011 йилда музейдан вилоят Ички ишлар бошқармасига 21 номдаги ашёлар олиб кетилган. Улардан 14 таси 2016-2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, қолган 7 та ранг-тасвир асари қайтарилмаган.

Музей собиқ директори Баҳодир Ҳошимов вақтида вилоят ИИБга олиб кетилган ушбу 7 дона ранг-тасвир асарларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Расмийларга кўра, музей таъмирланиши учун 2020 йилда Маданият вазирлиги томонидан тендер ўтказилган. Тендерда ғолиб бўлган “City Building” МЧЖ ажратилган 3,1 миллиард сўм маблағга ҳалигача бинони таъмирдан чиқармаган.

Ишлар чала қолиб кетган бўлиб, ажратилган маблағнинг 1,4 млрд сўми талон-тарож қилинган бўлиши мумкин.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли қалбакилиги айтилаётган асарларни тасвирга олишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎзМУ кутубхонасидан XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган “Муқаддимаи Зафарном” қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган “Хамса” достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалари сирли тарзда ғойиб бўлгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Текширув ишларидан сўнг университет фондида сақланаётган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани тасдиқланиб, университет мансабдорлари ва ахборот-ресурс маркази директорига нисбатан 3 та модда бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид