Ўзбекистон | 13:29 / 15.03.2023
20850
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг 83 фоизи чуқур ковлама кўринишидаги ҳожатхонадан фойдаланади — ПМТИ

Ўзбекистонда аҳолининг 82,8 фоизи турли даражадаги санитария даражасига эга чуқур ковламали ҳожатхонадан фойдаланади. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, бор-йўғи 16,6 фоиз аҳолининг уйида вентиляция қилинган (яхшиланган) чуқур ковламали ҳожатхона бор. Ҳожатхонаси марказлашган канализацияга уланганлар улуши ҳам атиги 16 фоиз.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда ҳожатхоналарнинг санитария қоидаларига жавоб бериши ҳақидаги таҳлилини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур ковлама кўринишидаги ҳожатхонадан фойдаланади. Қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) ва БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлни совун ва сув билан ювиш учун шароит бўлмаган. Мактабларнинг 83 фоизи тоза ичимлик суви, 78 фоизи эса санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

Дунё миқёсида эса 2,5 миллиард киши санитария талабига жавоб бермайдиган хожатхонадан фойдаланади. Қишлоқ жойларда санитария талабларига жавоб берувчи ҳожатхоналарни қуриш диарея билан касалланиш ҳолатларини 30-50 фоизга камайтиради.

ПМТИнинг Навоий вилоятидаги тадқиқоти: 2022 йил сентябр

Тадқиқотларга кўра, инсон ахлатининг 1 граммида 10 миллионтагача вирус, миллионтагача бактерия, мингтагача паразит кистаси ва юзга яқин паразит тухуми бўлиши мумкин. Ҳиндистонда диарея туфайли ҳар йили 400 минг нафардан ортиқ киши ҳаётдан бевақт кўз юмган.

ПМТИнинг Навоий вилоятидаги тадқиқоти: 2022 йил сентябр

Санитария талабига жавоб бермайдиган мактаб ҳожатхоналари болаларнинг у ерга кирмаслигига сабаб бўлади. Швецияда 6-16 ёш оралиғидаги болалар ўртасида ўтказилган сўров натижалари болаларнинг салкам 16 фоизи мактабда кичик ҳожатга умуман чиқмаслигини кўрсатган. Бу ҳолат ёши каттароқ (13-16 ёш) болалар орасида янада ёмонроқ – 25 фоиз. Болалар асосий сабаб сифатида мактабдаги ҳожатхонанинг кўриниши ва ҳидини келтирган. Бу эса кун давомида болаларнинг етарлича сув ичмаслигига олиб келади. Чунки улар ҳожатга чиқмаслик учун ҳам сув ичишдан ўзларини тияди.

ПМТИнинг Навоий вилоятидаги тадқиқоти: 2022 йил сентябр

Институт ҳозирги ҳолатда Ўзбекистондаги санитария талабларига жавоб бермайдиган чуқур ковлама ҳожатхоналарни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолатга келтириш ва буни мактаблардан бошлашни тавсия этган.

Мавзуга оид