Ўзбекистон | 20:42 / 27.08.2020
14222
7 дақиқада ўқилади

«Тарихий адолатнинг тикланиши» — Халқаро фан олимпиадалари ғолиби бўлган ўзбекистонлик ўқувчилар тақдирланди

Бугун, 27 август куни Ёшлар пресс-клуби биносида Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро фан олимпиадаларида ғолибликка эришган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларини бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир давомида 6 нафар ўқувчи ва уларнинг яна шунча нафар ўқитувчилари тақдирланган.

Маълумот учун, жорий йилда масофавий тарзда ўтказилган халқаро кимё ва биология фан олимпиадаларида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Хусусан, 25 июль куни дунёнинг 60 давлатидан 235 нафар иқтидорли ўқувчи қатнашган нуфузли 52–халқаро кимё фан олимпиадаси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар ўқувчиси 2 та кумуш, 1 та бронза медалларини қўлга киритди.

24 август куни ўтказилган, дунёнинг 52 давлатидан 262 нафар ўқувчи қатнашган 31–халқаро биология фан олимпиадасида эса 4 нафар ўзбекистонлик ўқувчи 1та олтин ва 2 та кумуш медалларини қўлга киритганди.

Совринли ўринларни қўлга киритган бу ёшларни бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш бўйича эса Ўзбекистон президентининг қарори имзоланган.

Биология йўналишидаги мукофотлар Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов томонидан қуйидаги ўқувчиларга топширилди:

  • Халқаро фан олимпиадасидаги олтин медали учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Саида Валижонова 111 млн 500 минг сўм миқдорида;
  • Кумуш медали учун Бухоро давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Равшанбек Каримов 66 млн 900 минг сўм миқдорида;
  • Кумуш медали учун Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицейи ўқувчиси Сардор Тожибоев 66 млн 900 минг сўм миқдорида.

Кимё йўналишидаги мукофотлар Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан қуйидаги ўқувчиларга топширилди:

  • Кумуш медали учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Мирумид Миракбаров 66 млн 900 минг сўм миқдорида;
  • Кумуш медали учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Дилшодахон Исаева 66 млн 900 минг сўм миқдорида;
  • Бухоро шаҳридаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Фирдавс Собиров бронза медали учун 44 млн 600 минг сўм миқдорида.

Фан олимпиадаларида ғолибликка эришган ўқувчиларнинг устозлари эса маросимда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов томонидан топширилди:

  • Саида Валижонованинг ўқитувчиси Ортиқбой Эшонқулов 100 млн 350 минг сўм;
  • Равшанбек Каримовнинг ўқитувчиси Дилбар Ғойибова 55 млн 750 минг сўм;
  • Сардор Тожибоевнинг ўқитувчиси Бозормурод Абдувахитов 55 млн 750 минг сўм;
  • Мирумид Миракбаровнинг ўқитувчиси Дилшод Хайдаров 55 млн 750 минг сўм;
  • Дилшодахон Исаеванинг ўқитувчиси Бахтиёр Усманов 55 млн 750 минг сўм;
  • Фирдавс Собировнинг ўқитувчиси Амин Саидов 33 млн 450 минг сўм.

Тадбир давомида Шерзод Шерматов халқаро фан олимпиадаларида ғолибликка эришган ўқувчилар шу пайтга қадар ўз ватанида муносиб тақдирланмай келганига эътибор қаратиб, мазкур тақдирлашни «тарихий адолатнинг тикланиши» деб атади.

«Олдинлари фақат спортда ўрин олганлар муносиб кутиб олинарди, тақдирланарди. Илм-фанда ютуқ билан келганларга эса фақат мақтов ёрлиғи бериларди. Энди халқаро фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаганларга ҳам катта миқдорда пул мукофотлари берилмоқда.

Биласиз, ўтган йили президент алоҳида қарор қабул қилиб, халқаро олимпиадалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиб берган эди. Қарор билан Халқ таълими вазирлиги қошида халқаро олимпиадалар билан ишлайдиган департамент ҳам очилди. Бу департамент мактаб ва лицей ўқувчиларининг халқаро олимпиадаларда иштироки ва натижаси бўйича ишлаяпти. Кўз тегмасин, мана натижалари кўрина бошлади.

Яна бир эътиборли жиҳати, эндиликда фақат ўқувчилар эмас, уларни тайёрлаган ўқитувчилар ҳам пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Шу пайтгача бирор ўқитувчи ўқувчисининг натижаси учун бунча пул олмаган.

Хўш, бу ишлар нима учун қилинмоқда? Ёшларнинг мотивацияси учун. Спортга мотивация бўлгандан кейин қанча ёшларнинг спорт билан шуғулланишини кўрдик-ку. Мана энди илмдаги ғалабалар учун ҳам мотивация бериляпти.

Яна бир эслатма, дунёда турли хил кичик-кичик фан олимпиадалари бор. Бугунги ёшлар ютган олимпиадалар улардан кескин фарқ қилади. Бу ютуқлар худди спорт ўйинларида бўлгани каби фан йўналишидаги энг йирик олимпиадаларда қўлга киритилган», – деди Халқ таълими вазири.

Kun.uz мухбири тадбир якунида Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей директори Ортиқбой Эшонқулов ва лицей ўқувчиси, олтин медал соҳиби Саида Валижонова билан қисқа интервью уюштирди.

— Халқаро олимпиадалардаги бу каби юқори натижалар ўз-ўзидан келмайди. Айтингчи, бу борада сизларда қандай тизим ташкил қилинган?

Ортиқбой Эшонқулов:

— Лицейимиз ўқувчилари шу каби халқаро олимпиадаларга 15 йилдан бери қатнашиб келади. Шу йиллар давомида лицей ўқувчилари йиққан медаллар 72 тага етди. Булар битта олтин, 20 та кумуш ва 42та бронза.

Бу ўқувчилар ва уларга билим бериб келаётган кўплаб ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнати натижаси.

— Фан олимпиадаси бу йил онлайн ўтказилгани айтилди. Бу жараён қандай ташкил қилинди?

— Рости, бу йил жараёнлар қийинроқ бўлди. Бир томондан компьютерда саволлар келади. Ўқувчини кузатиб туриш учун битта умумий ва ён томондан яна бир кузатув камераси ўрнатилган.

Ўқувчилар лаборатория жараёнида бажариладиган топшириқларни пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда компьютер орқали бажаришди. Бунда тўрт юздан ортиқ саволларга 75 бет атрофида жавоб ёзиш талаб қилинди. Берилган вақт эса 5 соат. Бу вақтда ўқувчи ҳеч қаерга қимирлаши керак эмас. 

Иккинчи куни эса олимпиада иштирокчилари юздан ортиқ тест ечишди. Бунда ҳам ўқувчиларга беш соат вақт берилди.

Ўқувчимиз биология фани бўйича олтин медални қўлга киритди. Кимё фанида эса афсуски, 1 балл етмай қолди. Чунки ўқувчимиз компьютерга тикилиб ўтиравериш оқибатида жуда чарчаб қолган эди.

Саидахон ўтган йили Венгриянинг Будапешт шаҳрида бронза медалини қўлга киритган эди. Биз шундан кейин бир йил давомида камчиликларимиз устида ишладик ва мана олтин медалга етишдик.

— Саида, ютуқлар билан самимий табриклайман. Таассуротлар қандай?

Саида Валижонова:

— Жуда хурсандман. Ота-онам, устозлар ва мени таниган барча инсонларни ишончи, қўллаб–қувватлаши менга катта куч бўлди. Бизга пандемия шароитида олимпиадага тайёргарлик учун яхши шароитларни яратиб беришди. Бусиз ғолибликка эришолмасдик, менимча. 

Мавзуга оид