Жамият | 13:29 / 12.04.2021
46916
2 дақиқада ўқилади

Наманганда мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг жасади каналдан топилди. Уни келинойиси сувга итариб юборгани гумон қилинмоқда

Наманганда мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг жасади каналдан топилди. Унинг 22 ёшли келинойиси қотилликда гумон қилинмоқда.

2021 йил 5 апрел куни соат 19:00ларда Наманган шаҳар, “Соҳил” МФЙ, Бодомзор кўчасида яшовчи фуқаро туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Наманган вилоят прокуратураси.

Фуқаро Чортоқ тумани, “Бағрикенглик” МФЙ, Олмазор кўчаси, 88-уйда онаси қарамоғида бўлган вояга етмаган қизи шу куни эрталаб Чортоқ туман ХТБга қарашли 47-сонли умумтаълим мактабига кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганини маълум қилиб, қизини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, вояга етмаган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, қизнинг шубҳали бедарак йўқолишида уни қотиллик жинояти қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини назарда тутиб, 6 апрел куни туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 6 апрел куни вояга етмаган фуқаронинг жасади Наманган шаҳар, “Шербулоқ” МФЙ, Шербулоқ кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган” канали устидан ўтган кўприк остининг сув оқими паст бўлган қисмидан ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, вояга етмаган фуқарони 5 апрел куни соат 10:30ларда келинойиси, 1999 йилда туғилган фуқаро мактабдан олиб чиқиб кетгани ва Чортоқ тумани, “А.Навоий” МФЙ, М.Улуғбек кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган канали”га олиб бориб, сувга итариб юборгани аниқланган.

Шунга кўра, 1999 йилда туғилган фуқаро 6 апрел куни жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид