1986 йилда Франциянинг Рено автомобилсозлик компанияси бош директорини ўлдириб кетишади. Кейинчалик бу суиқасдда французларнинг анархо-коммунистик радикал гуруҳи айбланади. Бошқа томондан эса директорнинг ўлими эронликлардан кўрилади.

1977 йилда Францияда “Тўғри ҳаракат” радикал ташкилоти тузилади. Унинг тарафдорлари анархо-коммунистлар бўлиб, улар СССРдаги “ҳамма тенг” деб олиб бориладиган тарғиботига эргашиб, Францияда ҳам шундай жамият қуриш тарафдорлари бўлган.

Улар барча олди-берди ва савдо алоқалари эркин бозор муносабатларига асосланган ҳолда юритилишига қарши бўлган. Бойларни, ўзига тўқларни ва уларни қўллаётган ҳукуматни ёмон кўришган.

Ҳаракат ташкил этилгандан сўнг улар радикал йўл билан ҳокимиятга қарши кураш бошлайди ва таниқли бойларга суиқасд уюштиришга ўтишади.

Жумладан:

  • 1979 йил 1 май куни Франция тадбиркорлари давлат касаба уюшмасига қуролли ҳужум;
  • 1980 йил 16 март куни Франция ҳудудлари назорати бошқармаси биносида портлаш;
  • 1980 йил 28 августда Crédit Lyonnais банкида ўғирлик;
  • 1980 йил 6 декабр куни Париж-Орли аэропортида бомба портлатилади;
  • 1983 йил 30 сентябрда Марселда ўтказилаётган халқаро кўргазмада портлаш;
  • 1985 йил 25 январда армия генерали Ране Одранга суиқасд (Бу генерал Эрон-Ироқ уруши даврида Саддам Ҳусайнга қурол-яроғ етказиб беришда бош-қош бўлганди);
  • 1985 йил 8 августда Германиянинг Висбанд шаҳри яқинидаги АҚШ ҳарбий базасида автомобил портлатиш (оқибатда 3 киши ҳалок бўлади, 220 киши жароҳатланади);
  • 1986 йил 17 ноябр куни Рено компанияси бош директори Жорж Бессга суиқасд уюштирилади.
Радикаллар ўлдирган генерал Ране Одран

Анархист-коммунистлар ҳаракатининг пайдо бўлиши

1960-йилларда Европа ёшлари орасида АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг мустамлакачилик сиёсатига қарши бўлганлар сони кўпайиб боради.

Шунингдек, улар эркин бозор муносабатларига асосланган капиталистик тизимга ҳам қарши бўлади. Анархист-коммунистларга кўра дунёда кимларнингдир зўр яшаши, бошқаларнинг нон топа олмай оч юриши бу адолатсизлик эди.