Иқтисодиёт | 17:41 / 24.11.2023
21257
4 дақиқада ўқилади

ЕИнинг Ўзбекистонга ҳам тааллуқли бўлган GSP+ имтиёзлари 4 йилга узайтирилди

6200дан зиёд товарларни Европа Иттифоқига божхона имтиёзлари асосида экспорт қилиш имконини берадиган GSP+ дастурининг амалдаги муддати 2027 йилгача узайтирилди. ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адрианга кўра, Ўзбекистон дастурга қабул қилингач, ЕИга экспорти икки йилда икки баробарга ошган.

2021 йилда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзлар дастурига қабул қилинган 8-давлат бўлган эди. Бу билан Ўзбекистон компаниялари Евроиттифоқ бозорларига 6200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни божсиз олиб кириш имконига эга бўлганди. 22 ноябр куни бу дастурнинг амал қилиш муддати 4 йилга – 2027 йил 31 декабргача узайтирилди.

Шу муносабат билан 23 ноябр куни Тошкентда матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адрианнинг айтишича, ўтган даврда GSP+ Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиб, мамлакат учун муваффақият ҳикоясига айланган.

“GSP+ мамлакатингиздаги хусусий секторга катта туртки бўлиб, 448 миллион истеъмолчига эга Европа бозорларига киришни осонлаштиради, Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни рағбатлантиради ва харажатларни сезиларли тежашга олиб келади”, – деди Шарлота Адриан.

Анжуманда маълум қилинишича, 2022 йил якуни ҳолатига 628 та корхона томонидан 647 млн доллар миқдорида, яъни 2020 йилга нисбатан қарийб 2 баробардан ортиқ ҳажмдаги маҳаллий маҳсулотлар Европа бозорларига етказилган.

Жумладан, GSP+ доирасидаги имтиёзлар асосида тўқимачилик саноатида – 177,4 млн доллар; кимё саноатида – 138,3 млн доллар; қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноатида – 19,7 млн доллар; электротехника саноатида – 9 млн доллар миқдоридаги маҳсулотлар Европа бозорига экспорт қилинган.

Хўш, бу дастур орқали экспортчилар қандай қилиб ўз товарларини Европа Иттифоқига экспорт қила олади? Қандай талаблар бор? Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволига инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов жавоб берди.

“Ўзбекистон рўйхатдаги 12 мингдан ортиқ товарлардан ярмидан кўпроғини Европа Иттифоқига экспорт қилиш салоҳиятига эга. Асосий йўналишлар – тўқимачилик, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари, нефт ва газ, металлургия саноати ва бошқа товарлар гуруҳларини ўз ичига қамраб олган. Биз уларнинг ҳаммасидан самарали фойдаланаётганимиз йўқ. Охирги GSP+ тизими йўлга қўйилганидан кейин кўплаб корхоналар бу ҳақда билиб олди.

Энди талаблари қандай? Оддий кўринади, аммо осон эмас. Ҳар бир тармоқ йўналишида Европа Иттифоқининг талаблари бор, уларга риоя қилиш керак. Агар товарлар шу талабларга жавоб бермаса, уларни экспорт қилиш имкони бўлмайди. Шу сабабли бизнинг мақсадимиз стандартлар, сертификация талабларига риоя қилишни таъминлаш. Корхона Европа бозорига киришни хоҳласа, маҳсулотни келиб чиқишини таъминловчи ҳужжат муҳим. Дейлик, ручка Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлса, бу маҳсулот айнан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганини кўрсатувчи ҳужжат керак. Келиб чиқиши Ўзбекистон бўлиши керак. Биз шу ҳужжатни таъминлаб берсак, ЕИ буни тан олади.

Бу – биринчи талаб. Иккинчиси, шу ручкани ишлаб чиқаришда ЕИдаги регламентларга риоя қилинадими ёки йўқлигини аниқлаш бўлади. Бир қатор талаблар бор – услуби, экологик талаблар, стандартларга риоя қилиш керак. Шундагина бу имтиёзлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Ҳозирда бу дастур бўйича 1016 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар рўйхатдан ўтган”, – дея тушунтирди Абидов.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи GSP+ дастурига инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ҳимояси ва оқилона давлат бошқарувига доир БМТнинг 27 та конвенсиясини қабул қилган ривожланаётган давлатларни қабул қилади. Бенефициар давлатларнинг бу конвенсиялар талабларини бажараётгани Евроиттифоқ томонидан мониторинг қилиб борилади. Ташкилотнинг Ўзбекистонга навбатдаги кузатув миссияси келаси йили келиши кутиляпти.

Мавзуга оид