Ўзбекистон | 15:30 / 16.12.2022
13872
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёнинг 7 та туманида энергетика мансабдорларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди

Музработ, Шеробод ва Узун туманлари ЭТК бошлиқлари, Қизириқ ЭТК бошлиғи ўринбосари, Сариосиё ЭТК ҳисобчиси, Денов тумани газ идораси бош муҳандиси, Музработ тумани кўмир омбори мудири жиноий ҳаракатларда гумонланиб, терговга тортилган.

Сурхондарёда бир қатор туман ЭТК бошлиқлари, туман газ таъминоти бўлими ҳамда кўмир тарқатишга масъул бўлган мутасаддиларга жиноят ишлари қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Музработ ТЭТК бошлиғи А.Қ. ва бошқалар юридик шахснинг электр энергиясидан 263 млн 707 минг сўмлик тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи бўлса-да, истеъмолчини электр энергия тармоғидан узмасдан, қарздорликни ундириш чораларини кўрмасдан жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлганликда гумонланяпти.

Шеробод ТЭТК бошлиғи Қ.К. мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, тумандаги 208 нафар юридик ва жисмоний шахслар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузгани ҳолати юзасидан расмийлаштирилган 487 млн сўмлик далолатномаларни тегишли тартибда қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этмаганликда гумонланяпти.

Узун ТЭТК бошлиғи Ғ.А. ва бошқалар мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, “Искандар Турдиалиев”, “Нурафшон”, “Агро Омад” фермер хўжаликлари электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида жами 140 млн 832 минг сўмлик зарар етказилганини аниқлаган бўлса-да, етказилган моддий зарар ўрнини қоплаш чораларини кўрмагани айтилмоқда. Улар 2022 йил 1 декабр ҳолатига, уларнинг 2 млрд 638 млн сўм қарзи бўлса-да, электр энергияси тармоғидан узмасдан жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлганликда гумонланяпти.

Қизириқ ТЭТК бошлиғи ўринбосари Х.Ж. мансаб ваколатидан фойдаланиб, “Евроазия шифер” МЧЖга қарашли ғишт заводи электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида 474 млн 831 минг сўм зарар етказилганини аниқлаган бўлса-да, зарарни қоплаш чораларини кўрмаганликда гумонланмоқда. У 2022 йил 1 декабр ҳолатига, корхонанинг 3 млрд сўмдан ошиқ қарздорлиги бўлса-да, уни тармоқдан узмай, жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган бўлиши мумкин.

Сариосиё ТЭТКнинг техник ҳисобчиси И.И. туманнинг Гулобод маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.нинг хонадонида аниқланган тармоққа ноқонуний уланиш ҳолати бўйича тузилган далолатномаларни ҳисобга олмаслик учун ундан 2 млн сўм талаб қилиб, пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Музработ тумани кўмир омборхона мудири Ж.Х. аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 44 тонна кўмир маҳсулотини Музработ тумани Юртим жамоли маҳалласидаги ғишт заводи ҳудудига келгусида сотиш мақсадида туширган вақтида ушланган.

Музработ тумани сув таъминот бўлими муҳандис-энергетиги Б.К. сув насослари ва электродвигателларни электр ҳисоблагичдан ташқари тўғридан тўғри электр тармоғига улаб фойдаланиб келинаётгани оқибатида ҲЭТК манфаатларига 129,7 млн. сўм зарар етказилганликда гумонланяпти.

Денов тумани газ таъминот корхонаси бош муҳандиси М.С. корхона балансида бўлган, Тотувлик маҳалласи ҳудудида табиий газ тармоғидаги 219 мм диаметрли қиймати қарийб 66,6 млн сўмлик 280 метр темир газ қувурларини сотиб юборганликда гумонланяпти.

Денов тумани газ таъминот корхонаси собиқ раҳбари Ф.Р. туманнинг Чоргул маҳалласи ҳудудида табиий газ тармоғидаги 159 мм диаметрли қиймати 115,7 млн сўмлик 1069 метр темир газ қувурларини ушбу ҳудудда фаолият кўрсатиб келаётган 7 та фермер хўжалигига сув чиқаришда фойдаланишга бериб юборганликда гумонланяпти.

Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид