Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёдаги айиқлар макони – Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи | Манзил
Бу ерда айиқлар шунчалик кўпки, уларни деярли ҳар куни учратиш мумкин. Баъзан фотоқопқонларга “селфи”га тушиб ҳам туришади. Айиқларнинг қўшниси – ёввойи чўчқалар ҳам тўда-тўда бўлиб яшайди. “Манзил” жамоаси Ўзбекистоннинг ҳайвонот оламига энг бой масканларидан бири – Юқори Тўпаланг миллий табиат боғига саёҳат қилди.
Ўзбекистон жанубида, Ҳисор тоғ тизмасининг бағрида Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи жойлашган. Бу – табиат ҳали ҳам ўз қонунлари билан яшайдиган, инсон таъсири минимал бўлган кам сонли жойлардан бири.
Сув ва тоғлар уйғунлиги
Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган. Ҳисор тоғ тизмасининг қарийб 28 минг гектар майдонини эгаллайди. У ерга етиб бориш осон эмас: аввал Тўпаланг сув омборидан қайиқда ўтиш керак бўлади.
Лекин бу сафарнинг асосий жозибаси ҳам шу: сув ва тоғлар уйғунлиги яратган манзара кишини ҳайратга солади.
Вақт тўхтаб қолган қишлоқлар
Миллий табиат боғига киришда инсон қўли билан барпо этилган боғларга дуч келасиз. Илгари бу ерларда одамлар яшаган, далалар суғорилган, болалар ўйин-кулги билан банд бўлган, қариялар гурунг қилиб ўтирган қадимий қишлоқлар бўлган.
Бу тоғлар бағрида 7–8 та қишлоқ бўлган. Лекин 2000 йилда жангарилар бостириб киргач, хавфсизлик сабабли аҳоли бошқа ҳудудларга кўчирилган. Кўпчилик бу тарихни Сариосиё воқеалари номи билан яхши билади.
Болалик изидан – табиат муҳофазасига
Инспектор Низомиддин Султонов 2022 йилда миллий табиат боғи ташкил этилгандан кейин бу ерда иш бошлаган. Унинг болалиги айнан шу тоғларда ўтган, аждодлари ҳам шу ерларга кўмилган. Низомиддин бу ерларни беш қўлдек билади.
“Ҳар бир дарахт, ҳар бир сўқмоқ мен учун хотира. Бу ерларда ҳаёт қандай бўлганини, одамлар нима билан кун кўрганини яхши эслайман”, – дейди у.
Низомиддин учун бу фақат иш эмас, у ота-онаси яшаган диёрни асраш, табиатга хизмат қилишни ўз бурчи деб билади.
Ҳайвонот ва ўсимликлар олами
Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи ҳудудида жонзотларнинг 55 тури аниқланган. Улардан 27 тури сутэмизувчилар, 12 тур – қушлар, 3 тур – судралиб юрувчилар, 1 тур – балиқлардир.
Шулардан 19 тур ҳайвон Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Боғ масъулларининг айтишича, бу ерда айниқса айиқлар ва Сибир тоғ эчкилари кўп учрайди. Сафар давомида айиқларни кўриш насиб этмади, лекин тоғ эчкиларини узоқ масофадан кузатиш имкони бўлди.
Ҳудуднинг флораси эса 667 тур ўсимликни ўз ичига олади. Улардан 36 тури Қизил китобда қайд этилган. Бу бойликларни муҳофаза қилиш ва уларнинг сонини кузатиб бориш учун доимий мониторинг ишлари олиб борилади.
Бир сўз билан айтганда, Юқори Тўпаланг – бу жимлик ва табиийлик ҳукмрон бўлган, инсонни сукунат билан тинчлантирадиган макон.
Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун
Кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.
Мавзуга оид
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
22:57 / 03.12.2025
Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?
20:28 / 03.12.2025