Иқтисодиёт | 22:12 / 14.06.2021
41032
6 дақиқада ўқилади

«Мижоз – банк учун»: Одамлар нега ҳали ҳам валютафурушларга мурожаат қиляпти?

Бир қарашда, валюта бозори либераллаштирилганидан кейин, валютафурушлар кескин камайиб кетиши керакдек эди. Ахир банклар валютанинг бозор курсини таклиф қилиб турганда, ўзини хатарга қўйиб ноқонуний «валютчик»ка мурожаат қилиш кимга керак? Бироқ ундай бўлиб чиққани йўқ.

Иллюстратив фото

Легаллашмаган валютафурушлар сақланиб қолаётганига сабаблар бир нечта. Биринчидан, ноқонуний пул айланмаси иштирокчилари орасида қора бозорга эҳтиёж ўша-ўша. Иккинчидан, банк шохобчалари етарли эмас, борлари ҳам шанба-якшанба кунлари ишламайди. Учинчидан эса банклар ҳамон давлат бошқарувида қоляпти, натижада мижозларга хизмат кўрсатиш сифати паст.

Қуйида, бугун Ипотека банк Чилонзор филиали кассасидаги ҳолат мисолида ана шу учинчи сабаб ҳақида тўхталмоқчиман.

Филиал кассасига валюта айирбошлаш, пластик карта орқали АҚШ доллари сотиб олиш учун бордим. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидай, тикет оласиз, навбатингизни кутасиз. №82 рақамни олиб кута бошладим. 10 минут, 15 минут... Мавжуд олтита кассанинг тўрттаси ишлаб турган бўлса-да, ҳаракат жуда суст.

Мен келганда 62-мижозга хизмат кўрсатилаётган бўлса, ўртадаги 20та навбатда турганларнинг камида ўнтаси кетиб қолгани маълум бўлди ва бунинг сабаби ҳам аён эди – ярим соатлаб кутиш кимга ёқади? 4 та касса 10 кишига камида 25 минут хизмат қилганидан кейин навбатим келди.

Кассир қиз дастлаб паспортимда бир муаммо борлигини айтди. Яъни уларнинг тизимида паспортим пропискаси бошқача экан. Қаергадир қўнғироқ қилди ва у томон маълум вақт ўтганидан кейин менинг янги пропискамни тасдиқлади. Қизиқ, у банк доирасидаги қандай тизимки, қўлида турган, пропискаси аниқ ҳужжат тан олинмайди?! Мен уй сотмаяпман, хорижга чиқиб кетмаяпман. Умуман, валюта сотиб олишда прописканинг қандай аҳамияти бор?

Бахтимга бу муаммо ечилди. Аммо, ходим картамдан пулни ечиб олганидан кейин «Система ишламай қолди, кутинг» деди. «Майли, картадан ечиб олдингиз, энди система керак эмас, пулимни беринг, кетаверай», десам:

– Системадан чек чиқаришим керак, сиз унга қўл қўйганингиздан кейин пулингизни бераман, – дея жавоб берди.

– Хўп, пулни ечиб олдингиз, системангиз ишламаса-чи, мен кутавераманми, – сўрадим диққат бўлиб.

– Ишлайди, фақат сабр қилиб кутиб туринг. Қачонлигини билмаймиз.

Яна бироз кутиш ва асабийлашишдан кейин тизим ишлади (ёки ишлатишди), тўртта қоғозга имзо чекиб, пулни олдим. Бу пайтга келиб яна камида 20-25 кишилик навбат ҳосил бўлган, асосан валюта айирбошлашга келганлар асабийлашиб чиқиб кетишарди.

Қандайдир изоҳ олиш учун раҳбарият билан учраштиришларини сўраганимда бошқарувчи ўринбосарига рўпара қилишди. Ўзини Обид Азимов деб таништирган ўринбосарга савол билан юзландим:

– Битта мижозга ўртача қанча вақтда хизмат кўрсатасизлар?

– 10 минут атрофида.

– 40 минут кутдим, бу орада ўнлаб мижозлар кетиб қолишди. Бу банк хизмати учун оддий ҳолатми?

– Бизда ҳозир трансформация жараёни кетяпти, кассалар универсаллаштириляпти, шунинг учун чўзилган бўлиши мумкин.

Жавоб ҳайратланарли, трансформация қандай янгиликки, ишни тезлаштириш ўрнига секинлаштирса?

Обид Азимов билан бирга касса олдидаги мижозлар кутиш залига ҳам бордик. Ипотекабанк мижозлар кўпаяётганидан хурсанд эмасга ўхшайди. Залдагиларнинг ўзлари камида ярим соат кутаётганларини билдиришди. Бир мижоз эса бошқарувчи ўринбосарига ўғлининг контрактига тўлаш учун евро сотиб олишда чекловларга дуч келганини айтди.

Қатор саволлар туғилади: Ипотекабанк ва умуман банклар ҳар қандай операциялар бу хизмат экани ва бунинг учун тўлов ундираётганларини унутиб қўйишмаганми?

Бугунги ҳисоб бўйича банк ҳар 100 доллардан ўртача 8 минг сўм фойда қилмоқда (10570/10650). Биргина мен амалга оширган операциядан ҳам 150 минг сўм атрофида даромад кўрди. Лекин нега мижозларнинг ишини тезкор битириш чораларини кўрмайди?

Катта эҳтимол билан бу мақолани ўқиган банк вакиллари шу пайтда мижозлар кўп бўлганини, ходимлар турли сабабларга кўра ишда бўлмагани, ҳар бир одамга тизим орқали хизмат кўрсатиш учун маълум вақт талаб қилинишини рўкач қилишади. Лекин пулини тўлаб турган мижозга нима фарқи бор? Унинг учун энг муҳими иши тезроқ битиши эмасми?

Аслида муаммо бу банкларда ҳам эмас, тизимда. Биз ҳам бундан деярли 5 йил олдин эришган ютуғимиз эйфорияси билан юрибмиз. Валютани банкда легал айирбошлаш йўлга қўйилди, жуда яхши, лекин бу иш бюрократия ва суст ишлашга ўралашиб қолди.

Валюта айирбошлаш – ривожланган давлатларда товар олди-сотдисининг бир шакли, тадбиркорлар лицензия олиб у билан шуғулланиши мумкин. Хизмат кўрсатувчи эса фойда ҳисобига харидорга мижозга қулайлик яратишга интилади.

Қора бозорни қўрқитиш, жазо ёки маъмурий буйруқбозлик билан йўқотишга уриниш 30 йил фойда бермади, эндиям бу усуллардан наф йўқ. Ечим эса банкларни хусусийлаштиришни тезлаштириш. Трансформация аталмиш жараён худди хусусийлаштиришни пайсалга солиш учун ўйлаб топилгандек кўринади ҳам баъзида.

Фақат «ношукурлик қилма, олдин шу ҳам йўқ эди-ку» дея оғизга уришга шошилманг. Агар инсоният олдинги ютуқлари билангина чекланиб юраверганида тараққиётдан асар ҳам қолмасди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид