Ўзбекистон | 12:18 / 12.08.2022
38419
8 дақиқада ўқилади

«Энди АҚШ-Россия эмас, Ҳиндистон-Ўзбекистон қарама-қаршилиги бўлади» – ҳиндистонликлар «шахматдаги мулойим девлар» ҳақида

Ўзбекистон шахмат жамоасининг 44-шахмат олимпиадасидаги ғалабаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Нафақат ҳамюртларимиз, балки бошқа давлат вакиллари ҳам ўзбекистонлик спортчиларнинг олимпиададаги иштирокидан ҳайрат туйганини яширмаяпти.

Машҳурлар эътирофи

Гарри Каспаров. Фото: Facebook/Garry Kasparov

Шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони, бугунги кунда АҚШда истиқомат қилаётган россиялик гроссмейстер Гарри Каспаров ўзбекистонларнинг шахмат олимпиадасидаги иштирокини юксак баҳолади:

«Ўзбекистон жамоасини Ченнайда бўлиб ўтган шахмат олимпиадасидаги ғалаба билан табриклайман. Энг ёш таркиб билан рейтинг етакчиларини, мусобақа мезбонларининг кучли жамоаларини, анъанавий фаворитларни ортда қолдириб ғолиб бўлиш бу – ақл бовар қилмас натижа».

Тим Торлот. Фото: Twitter/ Tim Torlot

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот ҳам ҳамюртларимизни улкан ғалаба билан қутлаган.

«Мот! Орзулар жамоаси бўлган Ўзбекистонга табрикларим. Ўзбекистон жамоаси шахмат олимпиадасида бирорта матчни бой бермай ўз тарихидаги илк олтин медални қўлга киритди. Бу – ажойиб натижа».

Жонатан Роусон. Фото: Flickr/ Brendan O'Gorman

Шотландиялик гроссмейстер Жонатан Роусон эришилган муваффақият билан табрикларкан, Ўзбекистон шахматнинг асл ватани бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

«Ўзбекистонга табрикларим! Икки мамлакат чегарасини ҳатлаб ўтмасдан денгизга чиқа олмайдиган давлат учун ёмон натижа эмас. «Биз ёшларга қаранглар, биз етакчимиз! » дейиш бошқа, асабларни жиловлаб, амалда ғалаба қозониш – умуман бошқа нарса. Афтидан, улар узоқ вақтдан буён бир жамоа сифатида бирга бўлишган.

Шахмат Ҳиндистонда пайдо бўлган эса-да, унинг ҳинд заминига Ўзбекистондан келгани ҳақида қарашлар мавжуд. Давримизгача яхши сақланган энг қадимий шахмат доналари айнанЎзбекистонда, ҳозирги Самарқанддаги Афросиёб харобаларидан қазиб олинган».

Гроссмейстер, шахмат олимпиадаси совриндори, ақл гимнастикасига бағишланган ва дунё миқёсида энг кўп сотилган 10 китобдан бирининг муаллифи Борис Аврух ҳам Ченнай олимпиадасидаги муваффақият билан табриклаган.

Борис Аврух. Фото: Prochessleague.com

«Бу – Ўзбекистон учун улкан муваффақият. Ғалаба билан Ўзбекистон жамоаси, шунингдек, уларнинг ажойиб мураббийи Иван Соколовни табриклайман. Ҳар бир шахматчига аэропортдаёқ 60 минг долларлик чек ва янги автомобил берилди. Олимпиада ғолибларини шундай тақдирлашади. Баракалла, Ўзбекистон!»

Қозоғистонда туғилган, айни пайтда АҚШда яшаётган Борис мусобақа давомида Ўзбекистон жамоаси аъзоларининг ҳозирги ва 10 йил олдинги суратларини улашиб, ушбу болалар ҳозир шахмат олимпиадасида етакчилик қилаётганини таъкидлаган.

Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев 10 йил аввал ва ҳозир. Фото: Twitter/ Boris Avrukh

Мэмлар...

Ижтимоий тармоқларда ўзбек шахматчиларининг оламшумул ғалабасига бағишланган бир-биридан ажойиб мэмлар тарқалди. Уларни кузатиб, ҳамюртларимизнинг олимпиададаги иштироки жуда кўпчиликни тўлқинлантирганини пайқаш қийин эмас.

Фото: Twitter/ Art Pirate
Фото: Twitter/ Zahiriddin
Фото: Twitter/ HabiКatura
Фото: Twitter/ Imagination
Фото: Twitter/ Shuxratbek
Фото: Twitter/ Собиров
Фото-12. Фото: Twitter/ Abbos Serobov

«Ўзбекистонликлар чиндан ҳам шарафга муносиб»

Ҳиндистондаги энг машҳур шахмат платформаси ChessBase India Ченнай олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган Ўзбекистон жамоаси аъзоларидан интервю олди. Интервю давомида муҳим ўйин олдидан шахматчиларимиз нималарни ҳис қилишгани ҳақидаги саволларга жавоб топиш, энг қийин ҳолатларда ҳам ғолиб чиқишларига ишончни йўқотишмаганига амин бўлиш мумкин.

Хусусан, бошловчи Нодирбек Абдусатторовдан Гукешга қарши ўйин аввалидаёқ мураккаб вазиятга тушиб қолиб, ғалаба қозонишга деярли имкон қолмаган вазиятда ҳам нима учун таслим бўлмаганини сўрайди. Бу саволга жавобан спортчимиз шундай жавоб беради: «Жамоамни қутқаришим кераклигини ҳис қилдим».

YouTube’да ушбу интервьюга билдирилган изоҳлар янада қизиқ. Фикр билдирганларнинг кўпчилиги ҳиндистонликлар. Олимпиадада Ўзбекистон Ҳиндистон жамоаларини олтин медаллардан маҳрум қилган бўлса-да, ҳиндлар нафратомуз изоҳлар қолдиришмагани, холис бўла олишгани таҳсинга сазовор.

«Нодирбек Абдусатторовни рапид (тезкор шахмат) бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўлганда танигандим. Ўшандаёқ ушбу йигитча аллақачон кучли ўнталикка муносиб шахматчи эканини англаб етганман.

Бу интервю орқали ўзбекистонлик бошқа ёшлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдим. Уларни албатта кузатиб боринг. Келажакдаги шахмат турнирлари тақдирини Россия ва АҚШ ўртасидаги эмас, балки Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳслар ҳал қилади. Қизиқарли жанглар ҳали олдинда»,– Адитя Гупта.

«Омадимиз келгани учун биз чемпион бўлдик» демоқда Воҳидов. Йўқ, дўстим, машаққатли меҳнат ва маҳорат туфайли сиз ва йигитлар қолганларни ортда қолдирдингиз. Ўзбек йигитларининг камтарлигига қойил қолмай илож йўқ », – Ҳоутаро Ореки.

«Мен ҳиндистонликман. Ўзбекистонлик ёшлар чиндан ҳам камтар ва шарафга муносиб экани ҳақидаги фикрга қўшиламан. Уларнинг қаршисида қалпоғимни ечаман», – Абҳинандан Чоудҳури.

«Менимча, ўзбекистонликлар муваффақиятининг бош сабабларидан бири бу – Воҳидовнинг етакчилиги. У жамоа қандай ўйнашидан қатъи назар ҳаммани жипслаштириб турадиган йигитга ўхшайди. Ҳатто интервю бераётганда ҳам у ўзини жамоадаги бошқа йигитларнинг акасидек тутмоқда. Ушбу ажойиб жамоани табриклайман»,  – Сажал Жаисвал.

«Ажойиб жамоа. Синдоров бироз ҳаяжон ва қўл имо-ишоралари билан Иванчукка ўхшаб гапираркан. Уларнинг барчаси жуда истеъдодли. Қаердадир Виши Ананд ва Рустам Қосимжонов ўзларидан кейинги ворисларга кулиб қараб туришгандек», – Адитя Кулкарни.

«Жаҳонгир Воҳидов Гукешга қарши ўйин олдидан Абдусатторовга «Ҳеч бўлмаганда дуранг ўйна, у – навбатдаги Карлсен» деган экан. Бу – шахмат юлдузларнинг ўзлари томонидан айтилаётган самимий эътирофлар. Бундан каттароқ илтифот бўлиши мумкин эмас. Сиз ўзбек шахматчилари ҳақиқатан ҳам мулойим девларсиз», – Тапан Гогои.

«Абдусатторовнинг рапид бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритиши ва Гукешга қарши имконсиз вазиятда ғалабага эришиши матонатдан бошқа нарса эмас ва бу баҳсдан ҳамма нимадир ўрганиши мумкин. Унинг навбатдаги ТОП турнирда иштирокини кўрганимдан, Ўзбекистон жамоаси чемпионлардек ўйнаб олтин медалга лойиқ бўлганидан хурсандман», – Варун Синх.

«Табриклайман, Ўзбекистон! Ажойиб ва камтар йигитларнинг интервюсини кўриб, ҳақиқатан ҳам энг яхши ва муносиб жамоа ғолиб бўлганига амин бўлдим. Орадан бир неча кун ўтган бўлса-да, улар ҳар бир баҳснинг бурилиш нуқталарини ва ҳар бир ўйинни деталларигача эслашидан ҳайратдаман. Ўзбекистонликларнинг Ҳиндистон-2 жамоаси билан жангини мен тўлиқ босим остида томоша қилдим. Ҳар иккала жамоа таркибида бўлажак жаҳон чемпионлари ва чемпионликка даъвогарлар курашаётганини кўргандек бўлдим. Ўзбекистон билан бир қаторда Ҳиндистонни ҳам йилнинг, балки 10 йилликнинг энг эсда қоларли шахмат воқеаларидан бирини ажойиб тарзда ўтказгани билан қутлайман» , – Жаи Ҳинд.

Жамшид Ниёзов, журналист

Муаллиф:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид