Ўзбекистон | 00:07 / 01.01.2026
3756
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади

Давлат раҳбари кўп миллатли Ўзбекистон халқини янги 2026 йил билан қутлади, ўтаётган йил мамлакат учун катта ўзгаришлар даври, қутли ва баракали бўлганини ва келгуси йилда бундан ҳам катта марраларга етиш мақсад қилинганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини янги йил билан табриклади.

«Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни кириб келаётган янги 2026 йил билан чин юракдан муборакбод этаман. Ўтиб бораётган йил халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар, эртанги кунга мустаҳкам ишонч ва улкан натижалар йили бўлди. Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, биз ўз олдимизга қўйган барча мақсад ва марраларга эришдик. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди ва мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлади. Иқтисодий ўсиш самараси одамларимиз ҳаётида, оилалар даромадида, маҳаллалар қиёфасида, ёшларимизнинг келажакка бўлган ишончида яққол намоён бўлмоқда», деди президент табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбари ўтаётган йилда ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда хурсандчиликлар, бахтли онлар кўп бўлганини таъкидлади.

«Янги уйга кўчиб кирган, ўз бизнесини йўлга қўйган ёки кенгайтирган, даромади ошган, илм-фан, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда ўзи ёки фарзандларининг ютуқларидан қувонган миллионлаб оилаларнинг шодлиги 2026 йилдаги мақсадларимизга эришиш йўлида бизга албатта катта куч беради», деди Мирзиёев.

Президент келгуси йилда ҳам ҳар бир оиланинг бахтли, фаровон ва соғлом ҳаёт кечириши, ёшларнинг сифатли таълим олишлари, келажак касбларини эгаллашлари ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун янги-янги имкониятларни ишга солинишини маълум қилди.

«Биз 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилдик. Янги йилда минглаб маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз. Барча иқтисодиёт тармоқларини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказамиз. Халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш ишларини янада жадаллаштирамиз. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, муҳтарам кексаларимиз, қадрли хотин-қизлар ва навқирон ёшларимизни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Экологияни яхшилаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттирамиз. Бир сўз билан айтганда, янги 2026 йилда ҳам барча ислоҳотларимиз, саъй-ҳаракатларимиз одамларимиз яхши яшаши ва бизнес учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилади. Тажрибали маҳалла раислари ва фаоллари, зиёлилар, тадбиркорларимиз, серғайрат ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз, ҳар бир ватандошимиз ушбу олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшади деб ишонаман!», деди Мирзиёев.

«Азиз ватандошларим! Янги йил арафасида ҳар бир оила яхши ниятлар қилади, ҳар бир инсон қалбида ёрқин орзу-умидлар жўш уради. Ҳар биримизнинг пок ниятларимиз, эзгу мақсадларимиз 2026 йилда албатта амалга ошсин! Янги йил ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қут-барака, юртимизга юксак тараққиёт, тинчлик-хотиржамлик олиб келсин! Яратган Парвардигор Ватанимизни асрасин, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш йўлидаги ишларимизда мададкор бўлсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизларим!», деб якунлади табрик сўзини Ўзбекистон раҳбари.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид