Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«22 миллиондан зиёд ёшлар тимсолида катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз» – президент
Фото: Президент матбуот хизмати
«Кўксарой» қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бошланди. Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялардан учрашувда 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари йиғилганларни самимий қутлади.
«Юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз тимсолида биз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучни кўрамиз», – деди президент.
Ҳар бир вазир, ҳоким, олийгоҳ ректори, техникум, мактаб директори ва бошқа масъуллар ҳудудидаги ёшларни тил ва касб-ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, ғоя, лойиҳа ва стартапига кўмак бериб, уларни ўстириши, ишли ва даромадли қилиб, бирорта ёшни эътиборсиз қолдирмасликка янада катта масъулият билан ёндашиб ишлаши лозимлиги қайд этилди.
Яратилган кенг имкониятлар натижасида сўнгги йилларда ёшлар жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритди.
Ҳарвард, Йел, Принстон, Колумбия, Корнелл каби дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ёшларимиз 500 нафардан, Топ-100 таликда ўқиётган ўғил-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошди.
Янгиликка интилувчан ёшларимиз яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар бозорига кириб борди.
Ёш спортчиларимиз халқаро ареналарда 720 та олтин, 671 та кумуш ва 854 та бронза медалининг соҳиби бўлди. Бугун ёш тадбиркорлар юртимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этмоқда.
«Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат деб эълон қилингани бизга ғурур бағишлайди», – деди президент.
Бу йил Тошкент шаҳрида Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳи ташкил этилиши, Самарқанд шаҳри Ёшлар парламенти аъзоларининг 12-глобал конференцияси, “Take Off” халқаро стартап саммити ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилиши эълон қилинди.
«Албатта, янги методика ва инновация олиб кириб, таълим сифатини ошириш ва болаларни касбининг устаси қилиш ҳақида изланадиган раҳбарнинг фаолиятида ўзгариш бўлади, ишига янгича муҳит киради», – деди давлат раҳбари.
Дунёда кун сайин ёшлар онгини эгаллаш бўйича янги таҳдидлар юзага келаётган шароитда барча даражадаги раҳбарлар ёшлар билан ишлаш бўйича янги иш тизимига ўтиши зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» бўлиши белгиланди.
Шу куни соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилади.
Ҳокимлар ёшларбоп савдо-сервис лойиҳаларини қилади, ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ва тил ўрганиб, ишга кириши ёки тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашади, стартапчилар билан учрашувлар ўтказиб, алоҳида маблағ ва грантлар ажратади.
Энг яхши томорқачи, фермер, саноатчи, стартапчи, ижодкор, маънавият ва бошқа соҳалардаги ёшлар учун қизиқарли мавзуларда танловлар ва ярмаркалар ўтказилади.
Мавзуга оид
11:45
Ҳар пайшанба — вазирлик ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» бўлади
09:08
«Амаллар ниятларга қараб эътиборлидир» — ўзбекистонлик уламолар Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
09:05
“Ўзбекнефтгаз”да харажатлар мақбуллаштирилади ва қарздорлик қисқартирилади
08:55