Ўзбекистон | 17:35 / 11.11.2024
14621
3 дақиқада ўқилади

Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди

Кадастр агентлигининг Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғи ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқародан жарима қўлламаслик учун ходимининг тўйига тўёна беришни талаб қилган. Фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун бировдан 100 доллар қарз кўтарганини, шуни беришини билдирган. Бироқ бўлим бошлиғи яна 300 доллар сўраган. У “тўёна”ни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Кадастр агентлиги Наманган вилояти Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Жобир Маҳмудов озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида баён қилинишича, Жобир Маҳмудов ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб, фойдаланиб келган фуқарога унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳолда 51 млн сўм жарима қўлланишини билдирган. Фуқаро 2024 йил 21 август куни Кадастр агентлиги Тўрақўрғон туман бўлимига келиб, Жобир Маҳмудов билан учрашган ҳамда 51 млн сўм маъмурий жарима қўлламасликни сўраган. У томорқасининг ер участкасига тегишли ҳужжатларини расмийлаштираётганини, тез орада уларни тақдим этишини айтган.

Жобир Маҳмудов эса бир ходимининг тўйи бўлаётганини айтиб, фуқародан ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширгани учун иш қўзғатмаслик эвазига тўёна беришини талаб қилган. Фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун бир танишидан 100 доллар қарз кўтарганини, шу маблағни беришини, бошқа пули йўқлигини маълум қилган. Бўлим бошлиғи тамагирлик йўли билан яна 300 доллар “тўёна” сўраган.

2024 йил 22 август куни фуқаронинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Жобир Маҳмудов Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалласи ҳудудида ўзининг Lacetti машинасида 300 долларни пора тариқасида олган. Сўнгра машинасини ҳаракатлантириб, ИИБ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, 300 долларни машина ойнасидан улоқтирганича воқеа жойидан қочган. Аммо у пулни олгани Наманган вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосаси билан тасдиғини топган.

Жобир Маҳмудов судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

Суд ҳукми билан Жобир Маҳмудов Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисмининг “в” бандида (тамагирлик йўли билан пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан Кадастр агентлиги тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  

Мавзуга оид