Жамият | 17:42 / 18.11.2019
16219
6 дақиқада ўқилади

Қўшкўпир туманидаги маҳалла йўллари обод бўлмади - чанг-тўзонга кўмилган одамлар шикояти

Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўртаёп қишлоғидаги «Адолат» маҳалласи аҳолиси «Обод маҳалла» дастури асосида таъмирланиши керак бўлган йўлларда ишлар охирига етказилмай қолганидан шикоят қилишмоқда. Одамлар йўлларнинг таъмирлаб берилишини сўрамоқдалар.

«Адолат» маҳалласидаги Адолат кўчаси

2018 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди. Унда маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш асосий вазифалар экани белгилаб қўйилган.

Фармон доирасида Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани, Ўртаёп қишлоғидаги «Адолат» маҳалласи ҳам «Обод маҳалла» дастурига киритилди.

 23-сон умумтаълим ўрта мактаби

Ўртаёп – Хоразм вилоятининг чекка ва катта қишлоқларидан бири. Унинг «Адолат» маҳалласида 2900га яқин аҳоли истиқомат қилади.

2019 йил давомида «Адолат» маҳалласида бу дастурни амалга ошириш учун кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, 23-сон умумтаълим ўрта мактабининг 120 ўринга мўлжалланган қўшимча биноси қурилди. Натижада, мактабнинг сиғими 534 ўринга етди. Бундан ташқари, мактаб юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.

19-сон мактабгача таълим ташкилоти (болалар боғчаси) ҳозирча фаолият юритмаяпти

19-сон мактабгача таълим ташкилоти (болалар боғчаси) тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Аммо жиҳозлар йўқлиги боис, ҳали ишга туширилгани йўқ. Жиҳозлар билан қачон таъминланиши эса номаълум.

Электр симёғочлари, симлари алмаштирилди, янги трансформатор ўрнатилди. Аҳоли сўзларига кўра, электр энергияси таъминоти ҳам анча яхшиланди. Уй-жойларининг фасад қисми таъмирланди. Кам таъминланган оилаларнинг уйлари эса ҳомийлик асосида таъмирланиб, томи ёпиб берилди.

Баъзи кўчаларга асфальт ётқизилди. Йўл четларига бетондан пиёдалар йўлаги қурилди. Натижада одамлар ишга, болалар мактабга йўлнинг қатнов қисмидан эмас, балки хавфсиз пиёдалар йўлагидан бориш имкониятига эга бўлишди. Уяли алоқа компанияларининг ускуналари янгиланди, алоқа ва интернет сифати яхшиланди.

Болалар учун ўйин майдончаси

Маҳалла болалари учун ўйин майдончаси қуриб берилди. Нима деб ўйлайсиз, унинг жиҳозлари болаларнинг ўйнаши учун етарлимикан?

Аммо «Адолат» маҳалласи аҳолисининг шикоятига кўра, режадаги ишлар тўлиқ бажарилмай қолган. Бунда асосий эътироз йўлларнинг абгор аҳволига қаратилмоқда. Хусусан, Олмазор, Райҳон, Адолат кўчаларидаги йўлларнинг чуқурчалари кўмилган, текисланган, шағал тош тўшалган, аммо асфальт ётқизилмасдан қолиб кетган.

Бунинг натижасида серқатнов йўлларда ҳаракатланиш қийинлашган, ҳавога кўтарилаётган чанг эса уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олмоқда. Чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашяпти. Одамлар кун бўйи ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда ҳатто тановул қилинаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўллардан ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг-тўзон туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо. Боғда қуритиш учун осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтиряпти.

Қайд қилиш жоизки, «Обод маҳалла» дастури бўйича ички йўлларга асфальт қопламаси эмас, балки ШҚА (шағал-қум аралашмаси ёки ШПС – «шчебенно-песочная смесь») ётқизилиши кўзда тутилган. Аммо буни Хоразм вилоятининг иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитига қанчалик мос экани яхшилаб ўрганиб чиқилганмикан? Тўғри, ШҚА йўлларнинг нотекислигини бартараф қилишга имконият беряпти, аммо ҳавога кўтарилаётган чанг-тўзон одамларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмоқда. Мутасадди ташкилотлар аҳолига ШҚА ётқизилган йўлларга сув сепиб туришни тавсия қилишяпти. Бироқ, вилоятнинг қуруқ об-ҳаво шароитида йўллар тезда қуриб қолмоқда. Унинг намлигини сақлаб туриш учун ҳар бир хонадондан кимдир шу иш билан мунтазам шуғулланишига тўғри келади. Бунинг қанчалик имкони борлигини эса билмадик...

Қўшкўпир тумани ҳокимлиги ва «Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан берилган маълумотга кўра, «Адолат» маҳалласи йўлларини таъмирлаш учун йил бошида 100 млн сўм ажратилган ва бу қиймат доирасидаги барча ишлар бажарилган. Бироқ жуда қиммат турувчи асфальт қопламасини ётқизиш учун маблағ етишмай қолган. Қўшкўпир тумани ҳокимлиги охирига етказилмай қолган ишларни 2020 йил баҳорида якунлашга, камчиликларни бартараф қилишга ваъда бермоқда.

«Адолат» маҳалласининг обод кўчаси. Қани эди ҳамма маҳалла кўчалари шундай бўлса

Йўлларнинг ҳолати – ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан биридир. Миллионлаб одамлар ҳар куни транспортда, велосипедда ёки пиёда шу йўлларни босиб ўтади, ишга, юмушга, ўқишга боради. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади.

Умид қиламизки, «Адолат» маҳалласидаги йўл билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинади, қўшкўпирликлар эса ҳақиқий обод қишлоқ, обод маҳаллада фаровон ҳаёт кечиришади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид