Жамият | 21:36 / 11.08.2020
21591
8 дақиқада ўқилади

Қўшкўпирда фермерга 49 йилга берилган ер бир йилда «ўз аризасига асосан» захирага олинди - аризани фермер ёзмаган

Kun.uz мухбирлари шу йилнинг июнь ойи ўрталарида амалий сафар билан мамлакатнинг ғарбий минтақалари – Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлди ҳамда ушбу ҳудудлардан тушган мурожаатларни ўрганди. Муаммоли арзларнинг аксарияти тадбиркорлар ва фермер хўжаликларидан бўлганини алоҳида қайд этиш жоиз.

«Жалоладдин» фермер хўжалиги 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, даставвал чорвачилик йўналишида фаолият олиб борган. Ўша вақтда 70та қўй ва 50дан ортиқ қорамол билан ишни бошлаган. Бунинг учун 4 гектар ер берилган. Кейинчалик фермер хўжалиги фаолиятини кенгайтириб, кўп тармоқли хўжаликка айланган, 35 гектар сунъий кўлда балиқчилик хўжалиги ҳам барпо этилган.

Туман ҳокимининг 2019 йил 28 январь кунги 759-сонли қароридан сўнг, хўжаликка 49 йил муддатга ижарага берилган ер майдони 160,5 гектарни ташкил этмоқда эди. Бироқ, орадан бир йил ўтар-ўтмас, аниқроғи, ҳокимнинг 2020 йил 25 январдаги 128-сонли қарори билан ер ижара шартномаси бекор қилинади ва фермер хўжалигига берилган ерлар батамом туман захирасига қайтариб олинади.

 

«Қариндош-уруғ маслаҳат қилиб ишни бошладик. Ишимиз яхши бўлди. Шунчалик бўлдики, 23 млн сўмлик чорва маҳсулотларини (давлатга) топшириб, Агробанкка туширган вақтларимиз ҳам бўлди», – дейди Қўшназар Каримов.

Унинг сўзларига кўра, дастлабки вақтларда фермер хўжалигига катта ўғли Низомиддин раҳбарлик қилган. Унинг касби тракторчи бўлгани учун механизация ишлари кўпайгани боис, кейинчалик фермер хўжалиги раҳбарлигини ота ўз зиммасига олган. Фермер хўжалиги қайта ташкил этилганидан сўнг, унинг раҳбарлиги расман Қўшназар Каримовнинг бошқа бир ўғли – Жалоладдинга ўтказилган.

Қўшназар Каримов фермер хўжалиги ерларини туман захирасига олиш бўйича аризани нима сабабдан ёзганига қизиқамиз.

Қўшназар Каримов

«Аризадаги имзо меники. Менинг ариза ёзишга ваколатим йўқ эди, лекин фарзандларимнинг соғлиғини тилайман. ИИБнинг таянч пунктида мажлис ўтказганида, сизни судга бераман, деди. Шундан сўнг фарзандларим кўпчиликнинг олдида бошқа калтакланмасин деб, [фермер хўжалиги ерларини туман захирасига қайтариш бўйича] ариза ёзишга мажбур бўлдим», – дейди Қўшназар Каримов.

Фермер хўжалигининг амалдаги раиси Жалоладдин Каримов эса, отаси ариза ёзганидан ўз вақтида хабари бўлмагани, чунки бу вақтда турмуш ўртоғи билан Тошкентда шифохонада бўлганини таъкидлади.

Шунча йиллик фермер билан ҳокимлик ўртасида нима рўй бердики, бир йилда ерлар захирага қайтариб олинса, деган савол пайдо бўлиши табиий. Биз бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берган Қўшназар Каримовга яна қулоқ тутамиз.

Жалоладдин Каримов, Фермер хўжалигининг амалдаги раиси

Унинг айтишича, 2019 йил 29 сентябрда вилоят ҳокими Фарход Эрманов туманга сафари чоғида ушбу фермер хўжалиги даласини келиб кўради ва нотўғри маълумот берилгани учун туман ҳокимига танбеҳ беради, фермерни қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлайди.

Мана шу воқеа сабаб бўлиб, туман ҳокими ва фермер хўжалиги вакиллари орасига совуқчилик тушади. Албатта, бу – Қўшназар Каримовнинг сўзлари. Туман ҳокимлигининг ўз ҳақиқати бўлиши шубҳасиз. Чунки дабдурустдан фермер хўжалиги раисининг эмас, отасининг ариза ёзиши, буни туман комиссияси маъқуллаб бериши, туман судида айни ҳолат тасдиқланганига қарамай, фермер хўжалигининг раиси ўз вақтида хабар олмагани важи билан ернинг захирага олиб қўйилишини бундан бошқача тушуна олмадик.

Жалоладдин Каримовнинг (фермер хўжалиги раиси) сўзларига кўра, 4 февраль куни ҳокимликдан хат келган. Унда фермер хўжалиги ерлари ўзининг ёзган хатига мувофиқ туман захирасига қайтариб олингани хабар қилинган.

«Нимага асосан еримни олдингиз деб, ерни узоқ муддатга ижарага бериш бўйича шартномани ўз кучида қолдиришни сўрадим. Бу орада ҳоким билан учрашишга ҳаракат қилдим. Мени киритишмади. Шундан кейин судга беришга мажбур бўлдик», – дейди Ж. Каримов.

Суд маҳкамаси эса, барча ҳужжатларни ўрганиб чиққан ҳолда туман ҳокимлигининг 2020 йил 25 январдаги 128-сонли қарорини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этган.

Ваҳоланки, суд ҳал қилув қарорида ҳам Ж.Каримовнинг отаси Қўшназар Каримов сўралганида: «...фермерлар билан йиғилишларда ўғлининг номидан иштирок этишини, мажлисларнинг бирида унга қаттиқ гапиришгани, бундан жаҳли чиқиб, туман ҳокими ва прокурори номига фермер хўжалигини тугатиш тўғрисида ариза ёзиб, почтадан юборганини, ариза ёзганини уйдагилари ва ўғлига айтмагани...» қайд этилади.

Албатта, бу Қўшназар Каримов ҳамда ўғли Жалоладдин Каримовларнинг ҳуснихатларини солиштирганда ҳам яққол намоён бўлади. Шу билан бирга, ҳоким ва прокурор номига ёзилган аризада фермер хўжалигининг штампи йўқлиги ҳам аниқ кўриниб турибди.

Шу билан бирга, захирага олинган ер майдони Қўшкўпир тумани ҳокимининг 2020 йил 18 февралдаги 497-сонли қарори билан Хива тумани, Шомохулм қишлоғи, Варангзан маҳалласида яшовчи фуқаро С.Б.га фермер хўжалигини ташкил этиш учун ажратиб берилган.

Биз мурожаатчилар билан бирга балиқчилик кўлига бориб, кўлнинг суви оқизиб юборилгани ва қаровсиз ҳолга келиб қолганига гувоҳ бўлдик.

«Фермер хўжалигида оғайни-қариндошларим, қўшниларим ишларди. 60га яқин мавсумий ишчимиз бўларди. Бу ерда 33,8 гектар кўл бор эди. 27 гектарида бевосита сув бор эди. Дастлаб 2011 йилда 5,5 тонна чавақ ташлагандик. Йилига 10 тоннагача балиқ сотар эдик. 4 февралдан бошлаб, бизни кўлга ҳам яқинлаштирмай қўйишди», – дейди фермер Жалоладдин Каримов.

Шу ўринда, отанинг ўғли номидан ариза ёзишга ваколати бормиди, деган саволга судда ойдинлик киритилмаганини таъкидлаш лозим. Ваҳоланки, Қўшназар Каримов Жалоладдин Каримовнинг ишончли вакили бўлган тақдирда, нотариус орқали тасдиқланган ишончномада унга фермер хўжалиги раиси номидан ерни қайтариб олиш бўйича ариза ёзиш ҳуқуқи ҳам унга берилган бўлиши керак эди. Шундагина, ота ўғлининг номидан ерни захирага олиш, фермер хўжалигини тугатиш бўйича ёзган аризаси инобатга олинарди.

Фермер хўжалиги раиси минг бир умид ва ишонч билан туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори устидан Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясига мурожаат қилади, бироқ билмайдики, бу ерда ҳам унинг умиди пучга чиқади.

2020 йил 10 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида апелляция инстанцияси ҳайъати Қўшкўпир туман маъмурий судининг «Жалоладдин» ф/х раҳбари Ж.Каримовнинг аризаси бўйича чиқарган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Ваҳоланки, фермер хўжалиги низомининг 1.6 бандида «Жалоладдин» фермер хўжалигининг манзили, унинг раҳбарига доир маълумотлар берилган. Мазкур низомда Ж.Каримов номидан унинг отаси имзо қўйиш ҳуқуқига эга экани қайд этилмаган. Бу борада бирор ишончнома ҳам мавжуд эмас.

Бугунги кунда фермер хўжалиги раиси Ж.Каримов Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилган бўлиб, адолат қарор топишига умид қилмоқда.

Шу ўринда, охирги 2-3 йилда маҳаллий ҳокимликлар даражасида кузатаётганимиз айрим салбий тенденциялар ҳақида сўз юритсак.

Қачонгача маҳаллий ҳокимликлар даражасидаги муаммо «салла деса, калла» услубида ҳал этилади? Қачон улар муаммони амалий, конструктив, тадбиркорга кўмак бериш услубида ҳал этишга ўтишади?

Қачонгача, ҳар ҳоким алмашганида, янги ҳокимнинг биринчи қиладиган иши фермерларнинг ерини захирага олиб, бошқаларга қайта тақсимлаш бўлади?! Республика бўйича кузатиладиган бундай бошбошдоқликларнинг чеки-чегараси бордир ахир?

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид