14:46 / 30.04.2021
42485

Мирзиёев Жапаров билан мулоқотда «Тошкентдаги саммитда қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш муҳим»лигини қайд этди

Бугун, 30 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ўтказилган телефон мулоқотида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март ойида Тошкентда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган келишувларни амалга ошириш масаласига алоҳида тўхталди.

«Давлат раҳбарлари жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтган саммит якунида қабул қилинган қўшма қарор ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш ва устувор лойиҳаларни илгари суриш мақсадида фаол алмашинувларни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг март ойидаги ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон—Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22та ҳужжат имзоланганди. 

Март ойи охирида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, икки давлат ўртасида март ойида эришилган келишувларга мувофиқ, бир қатор чегараолди участкалари, хусусан, Ўнғар-Тоғдаги 35 гектар ҳудуд Қирғизистонга ўтади. Ўзбекистон ушбу ҳудудлар эвазига Кампиробод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 гектар майдон ҳам Ўзбекистонга ўтиши, бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган райони чегара ҳудудидан 50 гектар майдонни олиши кўзда тутилган.

Аммо апрель ойи давомида қирғизистонликлар ушбу келишув шартларига норозилик билдириб, бир неча марта намойиш ўтказишди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тошкентга бориб, Кампиробод сув омбори яқинидаги 50 гектар майдон бўйича дастлабки келишувни қайта кўриб чиқишга ваъда бергани маълум бўлди.

Бундан аввалроқ Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан Қирғизистон—Тожикистон чегарасидаги вазиятни тез фурсатда ҳал этишни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.

Top