Спорт | 12:41 / 17.11.2020
10943
5 дақиқада ўқилади

Бартомеунинг кетиши муаммони ҳал қилмади. «Барселона» инқироз ёқасидами?

«Барселона» президенти Жозеп Бартомеунинг истеъфосига ва унинг вазифасини вақтинча машҳур бизнесмен Карлес Тускетс бажараётганига ҳам ярим ойдан кўпроқ вақт ўтди. Тускетс бажариши керак бўлган асосий вазифалар – янги президент сайловларини ташкил қилиш, футбол ва баскетбол клубларидаги ўйинчилар ва мураббийларнинг маошларини қисқартиришдан иборат бўлган. Йил тугашига кўп вақт қолмади, ҳали сайлов саналари эълон қилинмаган, ўйинчилар билан музокаралар ҳам деярли бир нуқтада қотиб қолган. 

Томонлар ўртасидаги сўнгги учрашув бир неча кун олдин муваффақиятсиз якунланди – футболчиларнинг вакиллари Тускетснинг шартларига, яъни маошлар қисқартирилишининг иккинчи тўлқинига рози бўлишмаяпти.

«Мавсумдаги даромадларнинг 300 миллион еврога пасайиши муносабати билан, клуб иш ҳақи ведомостини оптималлаштиришга, яъни 191 миллион еврога қисқартириш чораларини кўради», – дейилади клуб расмий баёнотида. 

Навбатдаги музокаралар 23 ноябр кунига тайинланган. Футболчилар терма жамоалардаги йиғинларини ўтказиб, Испанияда яна бир тур ўйинларида майдонга тушадилар. Агар келишув амалга ошмаса, «Барселона»ни молиявий инқироз жараёни кутиб турган бўлиши ҳақиқатга яқин.

Бу вазиятга фақат Бартомеунинг ёмон бошқаруви олиб келди, дейиш ҳақиқатдан узоқ, албатта, пандемия асоратлари бутун дунёда футболга оғир зарба берди. Деярли барча клублар катта йўқотишларга учради, ўхшаш шароитларга тушиб қолишди. Аммо айнан «Барселона»да бу жараён оғриқли кечаётганининг сабаби, айнан Бартомеунинг бир қатор нотўғри қарорларидир. Айнан унинг сўнгги йиллардаги омадсиз трансферлари ва тўлов ведомостининг катталашиб кетгани бугунги шароитда катта зарба бўляпти. Бартомеу клуб учун мақбул шартларда ўйнашга рози бўладиган академия вакилларига, ёш футболчиларга эътибор бермай, бир қатор йирик трансферлар кетидан қувди. Коутиньо, Гризманн, Дембеле каби футболчиларни олиб келди. Бундан ташқари, вазиятни ўнглаш борасида ҳам ишлар кўнгилдагидек олиб борилмади. Масалан, худди шундай ҳолатда «Реал» Гарет Бэйл, Хамес Родригес каби «юлдузлар»дан қутулишга эришган бўлса, «Барселона»даги «хаос» бунга ҳам йўл қўймади, ҳатто Кумани очиқ «керак эмас»лигини айтган футболчилар жамоада қолди.

Нега футболчилар рози бўлишмаяпти?

Ушбу вазиятда, аксарият мухлислар шундай қилаётган бўлишса-да, тамомила футболчиларнинг қайсарлиги ёки клубга ён бермасликда айблаш хато бўлади. Гап шундаки, футболчилар айнан Тускетс жамоаси билан музокаралар столига ўтиришни исташмаяпти. Буни тушуниш мумкин, зеро вақтинчалик бўлган ва эртага бошқарувни тарк этадиган одамлар билан келишиб, «Камп Ноу»даги ўз молиявий шароитларини хавф остига қўйишни ким ҳам истайди? Ахир янги президент янги ғоя ва режалар билан келиши вазиятга ўз ечимларини тақдим этиши муқаррар, у ҳолда баъзи футболчилар «ёмонлашган» шартномалар билан аросатда қолиб кетиш эҳтимолига эгалар.  

Бундан ташқари, футболчилар орасида ҳам бу масалага турлича қарашлар, зиддиятлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Марк Андре тер Штеген, Лангле, Пике, Френки де Йонг каби футболчилар аллақачон камайтирилган маошлар белгиланган янги шартномаларга қўл қўйиб бўлишди. Айтилишича, ушбу шартнома бандларидан бирида, кризисдан чиқиб олингач, маошлар автоматик тарзда ошиши белгилаб қўйилган. Айнан шу банд учун ушбу футболчилар бошқаларга терс равишда клуб шартларига рози бўлишди. Бошқалар бунга рози бўлишмади, уларни Тускетс билан яна бир оғир музокаралар кутиб турибди.

«Барселона» қишда трансфер қила олмайди

Бу шароитда «Барселона»нинг қишки трансфер чоғида янги футболчиларни жалб этишга ҳаракат қилишига ишониш мушкул. Албатта, бу борада ишлар тўхтамайди, зеро ҳали Бартомеу кетмасидан олдин ҳам клуб ўз трансфер мақсадларини белгилаб олган. «Камп Ноу»даги янги футболчилар «Манчестер Сити» ҳимоячиси Эрик Гарсия ва «Лион» ҳужумчиси Мемфис Депай бўлиши кутиляпти ҳам.

Аммо ушбу трансферларни қишда кутиш мантиқсиз. Клуб бюджетида жуда катта «тешик» бор ва агар маошлар режадаги каби қисқармаса, клуб молиявий жар ёқасига келиб қолади.

Иккинчидан, «Манчестер Сити» Гарсияга ҳали ҳам янги шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда, Лионда эса, Мемфис ушбу мавсумни тўлиқ Францияда ўтказиши борасида баёнот беришди.

Роналд Куман ўз таркибини кучайтиришдан ҳар қанча умид қилиши мумкин, аммо унга бундай имкон берилмайди. Балки ҳеч қачон. Сабаби, ёзга энди «Барселона» янги президент билан кириб боради, у эса, табиийки, мураббийнинг ишига ўз хулосасини беради. 

Мавзуга оид