Сеҳрини йўқотган Дортмунд

«Боруссия» Д — «Барселона» 2:3
Голлар: Гирасси (60 пеналти, 78) — Рафиня (53), Торрес (75, 85). 
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Рюэрсон (Коуто, 46), Рейна (Гросс, 73), Нмеча, Забитцер, Гиттенс, Гирасси, Дуранвил (Мален, 73).
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри (Гарсия, 90+3), Касадо, Рафиня (де Йонг, 71), Олмо (Лопес, 71), Ямал (Пау Виктор, 90+1), Левандовски (Торрес, 71).
Огоҳлантиришлар: Забитцер (42), Нмеча (51), Коуто (57), Кубарси (58), Бенсебайни (61), Торрес (90+2). 

«Ювентус» — «Манчестер Сити» 2:0
Голлар: Влаҳович (53), Маккенни (75). 
«Ювентус» – Ди Грегорио, Данило, Калулу, Гатти, Савона, Тюрам (Маккенни, 69), Локателли, Йилдиз (Мбангула, 84), Копмейнерс, Консейсау (Веа, 69), Влаҳович (Дуглас Луис, 85).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Люис, Гвардиол, Диаш, Уокер, Грилиш (Нунеш, 87), Гундўған, Доку (Савио, 79), де Брюйне, Силва, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Грилиш (84), Ди Грегорио (85), Силва (86).

Дортмунддаги ва Туриндаги ўйинларни умумлаштирадиган жиҳатлар етарлича эди. Биринчидан, бу ўйинлар турнинг энг ёрқин афишалари эди. Иккинчидан, икки учрашувда ҳам биринчи бўлим якунларига кўра таблодаги ноллар сақланиб қолди. Ниҳоят, икки учрашувда ҳам ўта қулай имкониятлардан фойдаланилмади. Туриндаги биринчи бўлим охирларида меҳмонлар ўта қулай вазиятга эга бўлишди, Де Брюйненинг пасидан кейин Ҳоланд яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни дарвозабон устидан ташлаб қўйишга уринди, аммо Ди Грегорио қўлини кўтариб, оқшомнинг энг яхши сейвини ижро этишга улгурди.

Дортмундда эса «Боруссия» ва «Барселона» навбати билан хавфли вазиятларни кўкка совуришди. Аввалига Рафинянинг оёғига тўп яхши тушмагани туфайли вазият йўққа чиқди, унга бу сафар ҳам Ямал қанотдан шведка усулида пас берганди. Дортмундликлар сафида эса Забитцер бир неча метр масофадан гол уролмади. Иккинчи бўлим бошланганида Гирасси барибир тўпни дарвозага киритганида эса «асаларилар»нинг ҳужумдаги уч футболчиси ҳам Ҳанси Фликнинг офсайд қопқонига тушиб қолишганди.

53-дақиқада эса шунга ўхшаш вазиятда «Барселона» ҳисобни очди. Меҳмонлар прессингни енгиб ўтишди, Олмо ўзини қўриқлаётган рақибдан қочиб кетиб, Рафиняни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Бенсебайни орқароқда қолиб кетгани туфайли офсайд рўй бермади. Бразилиялик вингер ерлатиб йўллаган зарбаси билан узоқ бурчакни аниқ нишонга олди – дарвозабон Кобел жойидан қимирлай олмади.