Жамият | 23:39 / 27.09.2018
13650
6 дақиқада ўқилади

101 ўзбек жангчисининг инсонпарварлик ғалабасига бағишлаб тадбирлар ўтказилди

Уруш... Қонли жанггоҳ... Ота-она, опа-сингил, севикли ёр, қон-қариндош, Ватан учун майдонга кирган мардларни ер тишлатган қоп-қора сўз. «Уруш номинг ўчсин жаҳонда» деб ёлворганларнинг акаси, отаси, ўғли, унинг исканжасидан омон келмаган. Тишланган нон эса ҳамон ризқи бу дунёдан узилган эгасини кутади... «Ой бориб, омон қайт» деб навқирон, тўй кўрмаган ўғлини урушнинг шафқатсиз қўлларига тутқазган она кеча-ю кундуз бедор...

Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биносида ташкиллаштирилган II жаҳон урушига бағишланган саҳна кўринишида худди шу манзаралар ҳам акс этди. 1941 йил жами 6 миллион аҳолиси бор Ўзбекистондан 1,5 миллионга яқин киши Ватан тинчлиги, юрт тупроғи учун жангга отланди. Афсуски, уларнинг орасидан она юртга қайтиб келганлар сони жуда-жуда оз эди.

Голландия ҳудудидаги Амерсфорт лагерида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, фашистлар томонидан ҳам руҳан, ҳам жисмонан оғир қийноқларга солинса-да, уларнинг пойига мағрур бошини қўймаган, охирги нафаслари қолгунча Ватанини сотмаган, оч-наҳор, энг оғир ишларга жалб этилса-да, аҳиллигини йўқотмай, бир-бирини суяган, инсонпарварлик ғалабасини қозониб, шафқатсизларча отиб ташланган 101 нафар ўзбек жангчиси эса бугунги болалар учун чинакам ибрат, фахр-ифтихор, ғурур бахш этади.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида II жаҳон урушида фашизмга қарши курашда иштирок этган ўзбекистонликларнинг номини абадийлаштириш, мардона курашган ота-боболаримизнинг ҳаёти мисолида ёш авлодни тарбиялашга мўлжалланган «101» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган эди.

Мазкур «101» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Республиканинг бошқа давлат ташкилотлари ташаббуси билан тадқиқотчи жаноб Ремко Рейдинг бошчилигидаги Нидерландия делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашидаги «Ёшлар пресс-клуби»да нидерландиялик делегация аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Учрашув «101» номли инсталляция билан бошланди.

Учрашувда тадқиқотчи ва журналист жаноб Ремко 20 йилдан буён тадқиқот олиб бораётган «101 ўзбек жангчиси» ҳақида сўзлаб берди: «Бундан йигирма йилча олдин, шаҳар яқинидаги Совет қабристони ҳақида эшитиб қолдим ва у ерга бордим. Ушбу қабристонга 865 нафар Совет аскари кўмилган экан. Мени ажаблантирган ҳолат улар орасида 101 аскарнинг шахсияти ва  исмлари ҳақида умуман маълумот йўқ эди. Унинг ўрнига қабртошларга “номаълум совет жангчиси” деган битик ёзилганди, холос. Бу ҳолат мени ўйлантириб қўйди. Ўйлаб кўринг, юрти учун, тупроғи учун урушга кетган одамни номсиз-нишонсиз ўтиши адолатдан эмас, ахир. Шунинг учун уларнинг номини тиклаш керак деган виждон амри мени тинч қўймади. Бир қатор архив маълумотларини ўрганиб, гувоҳларни изладим. Менга бу ишда ўша пайтда ўсмир бола бўлса-да, фашист тадқиқотчиларининг ёвузликларига гувоҳ бўлган, ҳозир 91 ёшдаги нидерландиялик Хенка Брукхаузен ўз хотиралари билан ёрдам берди. Яна бир ноёб маълумот - голландиялик коммунист рассом томонидан қаламда чизилган икки сурат сақланиб қолган. Уларнинг орқасига – бирига Ҳотам Қодиров, иккинчисига Зоир Муратов деб ёзилган. Бошқа ўзбек жангчилари эса ҳозиргача номаълум. Шунинг учун давлат архивларидан ўша қаҳрамон ўзбекларнинг исмини топиб, қайсидир маънода юртингизнинг мардларини ўз диёрига қайтариш учун Ўзбекистонга келдик».

Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан сўзлаган нутқида «Эл-юртимизнинг буюк ғалабага қўшган ҳиссаси бадиий асарларда ҳали тўлиқ очиб берилмаган, деб ҳисоблайман. Ота-боболаримизнинг буюк қаҳрамонлиги ҳақида янги асарлар яратиш лозим. Бу борада китоб-альбом нашр қилиш вақти келди. Ўйлайманки, бу адолатли бўларди», деб таъкидлаган эди. Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаянинг «Сто один» номли тарихий романи юртбошимиз сўзларининг амалий ифодаси бўлди.

Чунки ушбу роман реал воқеаларга асосланган бўлиб, Амерсфорт концлагерида отиб юборилган 101 ўзбек қаҳрамони ҳақида ҳикоя қилади. Тадбирда мазкур тарихий романнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Роман Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳисобидан чоп этилиб, ҳозирда ўзбек тилидаги нусхаси ҳам нашрга тайёрланмоқда. Энг қувонарлиси, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу тарихий роман асосида бадиий фильм суратга олиш бўйича қарор қабул қилинди ва жуда катта маблағ ажратилди. 2020 йилда ушбу фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилган.

Анжуманда 101.uz портали ишга туширилгани ҳақида ҳам таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Нидерландия делегацияси 4 октябргача Ўзбекистонда бўлиб, ёшлар иттифоқи кўмагида Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига ташриф буюриб, давлат архивларида ва ФҲДЁларда учрашувлар ўтказади.  Бундан ташқари, делегация аъзолари янги ташкил этилган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ва Кинематографияни ривожлантириш марказига ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид