Ўзбекистон | 16:06 / 25.01.2022
33095
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги блэкаут сабаблари ҳукумат комиссияси томонидан ўрганилади

Президент топшириғига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифасини қўйган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энергетика вазирлиги Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Ўзбекистон ҳудудларида электр энергия таъминотида юзага келган ўчиш ҳолатлари бўйича яна бир изоҳ берди.

«Президентимиз топшириқларига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.  

Ҳукумат комиссияси соҳа вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетиб, иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Толимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилган.

«Ҳурматли истеъмолчилар, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллел равишда ишлайди. Умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олади. 

Ҳозирги вақтда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хўжакент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланди.

Айни пайтда республикамиз ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.

Носозликлар бартараф этилаётгани ҳақида қўшимча равишда ахборот бериб борилади», дейилади вазирлик хабарида.

25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатди, Тошкент аэропорти маълум вақт давомида рейсларни қабул қилишни тўхтатди. «Ўзбекистон темир йўллари» айрим йўловчи поездларнинг ўз манзилларига етиб бориши кечикишидан огоҳлантирди. Тошкентда светофорлар ишламай қолгани туфайли йўлларда тирбандликлар юзага келмоқда, Тошкент шаҳар ИИББ тибандликларнинг олдини олиш мақсадида кўчага зарурат бўлмаса, шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилган.

Мавзуга оид