Жамият | 14:38 / 08.03.2023
33805
2 дақиқада ўқилади

Доимо ҳайратлантирадиган маскан — Бойсун | Манзил

"Манзил" Самарқанд-Қашқадарё-Сурхондарё йўналиши бўйича саёҳатининг сўнгги манзили Бойсунга йўл олди. Қамашидан йўлга чиқиб, ўзига хос ажойиб масканларни томоша қилиб, Сурхондарёга етиб келдик. Саёҳатимиз мобайнида Бойсуннинг Дуоба ҳамда Омонхона қишлоқларини тасвирга олишга муваффақ бўлдик.

Дуоба қишлоғи Бойсун марказидан 35 км узоқда, тоғлар ошиб борадиган ерда жойлашган. Икки сув маъносини берувчи ушбу қишлоққа фақат тоғда юришга мўлжалланган машиналардагина бориш мумкин. Қалин ёғган қор шундай машиналар ҳаракатини ҳам қийинлаштирган. Бир кунда бир марта бориш мумкин бўлган ўзига хос масканда инсонлар қандай яшаши  билан қизиқдик.

Дуобаликларнинг асосий тирикчилиги боғдорчилик ва чорвачиликдир. Қишлоққа келган одам табиат гўзаллигини кўриб ҳайратда қолади.

Иккинчи манзилимиз эса Омонхона қишлоғи бўлди. Бу ерда ер остидан кўплаб касалликларга шифо бўлувчи сув чиқади. Жигар касалликлари учун фойдали сув бўлгани учун бу ерга келиб даволанувчилар сони жуда кўп.

Аввалроқ Бойсуннинг Дарбанд қишлоғига саёҳат қилгандик. У саёҳатимиз ҳам бу галги саёҳатимиз ҳам инсонни ҳайратга соладиган даражада таассуротларга бой бўлди. Кўрсатувимизни томоша қилиб, ўзингиз бунга амин бўлишингиз мумкин.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус

Мавзуга оид