Ўзбекистон | 11:38 / 03.08.2018
6859
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ раҳбари банкнинг Ўзбекистонга бўлган «жиддий даражадаги» ишончи ҳақида маълум қилди

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларни мамлакат дастурини тасдиқламасдан туриб молиялаштирилиши мамлакатга мустаҳкам ишонч даражасини кўрсатади. Бу ҳақда ЕТТБ раҳбари Сума Чакрабарти маълум қилди.

2017 йилнинг октябрида ЕТТБ Директорлар Кенгаши бир овоздан Ўзбекистонда биринчи икки лойиҳани 100 млн доллар миқдорида молиялаштиришни маъқуллади.

«Бу банкнинг Ўзбекистонга ишонч даражасини кўрсатади. Энди биргаликда реал лойиҳаларни ишлаб чиқиш устида ишлаймиз. Бу ерда ортга йўл йўқ ва бўлмайди ҳам. ЕТТБ стратегиясининг қабул қилиниши маҳаллий даражада таъсир кўрсатадиган лойиҳаларни акс эттиради. Мамлакатда ўзгаришлар юз бергани сайин, биз ўзбек ҳамкасбларимиз билан кўпроқ ишлашга тайёрмиз», - дея маълум қилди Чакрабарти Ўзбекистон президенти матбуот хизматига берган интервьюсида. 

ЕТТБ аввал аниқ бир давлат бўйича дастурни олдиндан тасдиқламасдан лойиҳаларни молиялаштириш маъқулламаган.

Чакрабарти 31 июль куни Ўзбекистонга келди. Эртаси куни у президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари билан учрашди.

Айни пайтда қишлоқ инфратузилмаси ва уй-жой қурилиши, энергетика мажмуалари ва коммунал хўжалиги объектларини модернизация қилиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда 1 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилмоқда. Келгуси ойларда 600 миллион долларлик лойиҳаларни тасдиқлаш режалаштирилган.

Мавзуга оид