Жаҳон | 22:03 / 08.02.2024
24892
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондонини тайинлади

Украина президенти Володимир Зеленский расман Украина қуролли кучлари  бош қўмондони Валерий Залужнийни лавозимидан озод этди ва унинг ўрнига Украинанинг шарқий фронтдаги гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирскийни тайинлади.

Фото: Getty Images

Украина ҚК Қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский Украина ҚК бош қўмондони этиб тайинланди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский расман маълум қилди. 

«Бугундан Украина қуролли кучларига янги жамоа раҳбарлик қила бошлайди. Мен Работине ёки Авдийивкадаги, шунингдек Бош штаб ва ставкадаги жангчиларимизнинг уруш ҳақидаги қарашлари бир хилда бўлишини хоҳлайман.

Турли даражадаги қўмондонлар билан ўнлаб суҳбатлар ўтказдим. Хусусан, бугун генераллар Ондрий Гнатов, Михайло Драпатий, Игор Скибюк ва полковниклар Павлел Палиса ҳамда Вадим Сухаревскийлар билан гаплашдим. Уларнинг барчаси армиядаги раҳбарлик лавозимлари учун кўриб чиқилмоқда ва нисбатан тажрибали украин қўмондони қўл остида хизмат қилади. Мен генерал-полковник Сирскийни Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинладим», — деган Украина президенти.

Валерий Залужний Украина ҚК бош қўмондони лавозимидан олингани 8 феврал куни кечқурун маълум бўлганди. Украина мудофаа вазири Рустем Умеров «бугун Украина қуролли кучлари раҳбариятини ўзгартиришга қарор қилингани» ҳақида маълум қилганди.

Кечиктирилган истеъфо

Украина матбуоти сўнгги ҳафталарда Украина президенти Володимир Зеленский Залужнийни лавозимдан озод этишга қарор қилгани ҳақида ёзиб келаётганди.

2023 йил охирида кўп сонли кузатувчилар ва ОАВ манбалари Зеленский ва Залужний ўртасида низо юзага келгани ҳақида хабар қилганди.

Россия босқинини тўхтатишга ва кейинроқ босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлган жанговар генерал – ҳозирда мамлакатдаги энг машҳур шахслардан бирига айланган.

Ғарб нашрлари Зеленский Залужнийнинг машҳурлиги ортиб бораётгани ва у фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолганини айтган интервюдан ғазаб отига мингани ҳақида ёзган.

Украина ҳукумати вакиллари эса томонлар ўртасида бундай зиддият борлигини рад этишганди.

Янги бош қўмондон ҳақида нималар маълум?

Генерал-полковник Олександр Сирский 1965 йил 26 июл куни Владимир области Новинки қишлоғида (ҳозирги Россия Федерацияси ҳудудида) туғилган. «РБК-Украина» нашри ёзишича, Сирский армияда хизматнинг барча босқичларидан ўтган — взвод командирлигидан Украина қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари лавозимигача.

2000-йиллар бошида Сирский жойлашув манзили Белая Церков шаҳрида бўлган 72-механизациялашган дивизияга раҳбарлик қилган. 2013 йилда Украина ҚК Бош қўмондонлик марказида НАТО билан ҳамкорликка масъул ўринбосар лавозимини эгаллаган. 2014 йил Украина шарқида қуролли можаро бошланганида аксилтеррор амалиётлар (АТО) штабига бошчилик қилган. Сирский 2019 йилда Қуруқлик қўшинлари қўмондонига айланганди. 

Олександр Сирский Россиянинг Украинага босқини бошланганида Киев мудофаасига раҳбарлик қилган, шунингдек 2022 йил кузида Харкив областида муваффақиятли амалга оширилган қарши ҳужум тактикасини ишлаб чиққанди.

Мавзуга оид