Жаҳон | 20:13
2018
3 дақиқада ўқилади

Россияда ёқилғи инқирози жиддийлашмоқда

Камида 20 регионда бензин сотувига чеклов жорий этилган.

Сергей Шахиджанян / ТАСС. / Profimedia

Россияда ёқилғи инқирози авж олмоқда. Украин дронлари мамлакатнинг турли ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни давом эттирмоқда. Бундай ҳужумлар туфайли нефтни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини тўхтатишга ёки ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Мамлакатнинг турли қисмларида ёқилғи қуйиш шохобчаларига маҳсулот етказиб беришда узилишлар бошланган. Шу билан бирга, расмийлар кўп ҳолларда бензин учун узун навбатлар юзага келаётганига ёқилғи етишмовчилиги эмас, балки «талаб ҳаддан ташқари ошиб кетгани» билан боғламоқда.

Бош вазир ўринбосари Александр Новак РФ президентига ёқилғи бозоридаги вазият назорат остида эканини айтиб ҳисобот берди. Шу билан бирга, Новак «айрим регионларда ва айрим автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларида вақти-вақти билан юзага келувчи объектив логистика муаммолари» мавжудлигини тан олган. Расмий хабарларга кўра, Новак нефтни қайта ишлаш заводлари бензинни камроқ ишлаб чиқараётганига украин дронларининг ҳужумлари сабаб бўлаётгани ҳақида тўхталмаган. Ундан фарқли равишда, «Роснефт» раҳбари, ёқилғи инқирозига қарши кураш бўйича ўз чора-тадбирлар рўйхатини тайёрлаган Игор Сечин Путинга йўллаган мактубида дронлар зарбалари оқибатида Россия нефтни қайта ишлаш заводларига «мисли кўрилмаган даражада зарар етказилгани» ҳақида маълум қилган.

Ҳозирча расмийлар кўраётган чоралар айтарли натижа бермаяпти. Ҳар куни Россиянинг қайсидир ҳудудида ёқилғи сотиш чеклангани тўғрисида хабарлар чиқмоқда. Қаердадир бензинни канистрга ғамлаб олиб кетишнинг ўзигина тақиқланган бўлса, қаердадир битта автомобил учун сотиб олиш мумкин бўлган бензин миқдорига лимит белгиланмоқда. Айрим регионлар расмийлари бундай чекловларни ҳукумат эмас, балки ёқилғи қуйиш шохобчалари (масалан, Москва ва Санкт-Петербургда) жорий этаётганини таъкидламоқда.

Москвадаги заправкада юзага келган навбат
Игор Иванко / AFP / Scanpix / LETA

Қуйида 24 июн ҳолатига расмий чекловлар амалда бўлган регионлар рўйхати. Унга аҳолиси ёқилғи тақчиллиги юзага келганидан шикоят қилаётган, аммо расмийлар (ҳозирча) чекловлар ҳақида расман эълон қилмаган ҳудудлар кирмаган.

Адигей
Белгород области
Брянск области
Владимир области
Вологодск области
Иркутск области
Курск области
Курган области
Омск области
Пензен области
Самара области
Саратов области
Ставропол ўлкаси
Липецк области
Мордовия
Новосибирск области
Тамбов области
Татаристон
Ханти-Мансийск автоном округи
Чувашия

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид