Ўзбекистон | 15:26 / 27.12.2025
4802
2 дақиқада ўқилади

Ягона миллий ижтимоий ҳимоя: оилалар 3 тоифага ажратилади

“Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. 2026 йил 1 февралдан амалдаги реестрлар негизида ягона Ижтимоий реестр юритилиб, ундаги маълумотлар асосида ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари манзилли тарзда тақдим этилади. 

Фото: Kun.uz

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр шакллантирилади. У “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради. 

Янги Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб қуйидаги тоифаларга ажратилиши белгиланган:

  • “давлат таъминотидаги оила”;
  • “камбағал оила”;
  • “камбағаллик чегарасидаги оила”.

Фармонда тоифалаш мезонлари ҳам белгиланган. Хусусан:

“Давлат таъминотидаги оила” тоифасига — оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган бўлган, ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар киритилади;

“Камбағал оила” тоифасига — оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган, ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар киритилади;

“Камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига — ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган оилалар киритилади. Шунингдек, бу тоифага:

аввал “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” тоифаларидан чиқарилган оилалар;

“маҳалла еттилиги” тавсияси асосида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган деб топилган оилалар ҳам киритилиши мумкин.

Ягона реестр жорий қилиниши орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда:

  • эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш механизми ягона базага жамланади;
  • оилаларнинг ҳолати тизимли баҳоланади;
  • ёрдам чораларининг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилади. 
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид