Ўзбекистон | 22:01 / 24.10.2020
11015
3 дақиқада ўқилади

Энергетика тизимининг хусусийлаштирилиши газ ва электр энергияси нархининг ошишига олиб келадими? Масъуллар жавоб берди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг сўзларига кўра, электр энергияси тизимига давлат-хусусий шерикчиликнинг жорий этилиши нархларнинг тушишига олиб келади.

Аввал хабар қилганимиздек, 23 октябрь куни «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Энергетика вазирлиги ҳамда қатор халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистон энергетика секторини янада ислоҳ қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон энергетика секторига давлат-хусусий шерикчилик тизими асосида бозор қоидаларини жорий этиш босқичлари ҳақида маълумот берилди.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг сўзларига кўра, электр энергияси тизимига давлат-хусусий шерикчиликнинг жорий этилиши нархларнинг тушишига олиб келади.

"Бизнинг фикримизча, шунингдек, хорижий экспертларнинг ҳам фикрига кўра, тизимга қанча кўп хусусий секторни жалб қилсак, нархлар шунча тушади. Сабаби, рақобат ҳосил бўлади.

Шерзод Хўжаев

Рақобат нимада? Бугунги кундаги стратегиямизга асосан, электр энергиясини ишлаб чиқариш соҳасига имкон қадар кўпроқ хусусий секторни жалб қилмоқдамиз. Бугунги кунда электр энергиясини ишлаб чиқариш 100 фоиз давлатнинг қўлида бўлса, 2025 йилга келиб 47 фоиз, 2030 йилга келиб 52 фоиз электр энергияси хусусий сектор томонидан ишлаб чиқарилади. Яъни давлат бундан буёғига кўп ва янги электр станциялари қурмайди. Янги қуриладиган электр станцияларининг аксарияти инвесторлар ҳисобига тўғри келади. Бу нима беради? Бозор ва рақобат. Бир-бири билан рақобат қилган ҳолда ўз маҳсулоти рақобатбардош бўлишини истаган ҳар бир инвестор мажбур таннархни туширади, таннарх тушгандан сўнг сотиш нархи тушади. Улгуржи нарх ҳам паст бўлгандан кейин истеъмолчиларга етказиб бериладиган электрнинг чакана нархи ҳам ўз-ўзидан пасаяди" - деди Шерзод Хўжаев.

Энергетика вазирининг яна бир ўринбосари Беҳзот Норматов эса газ ишлаб чиқариш тизимига давлат-хусусий шерикчилик жорий этилишининг нархлар ошиб кетишига таъсири ҳақидаги саволга жавоб берди.

Беҳзот Норматов

"Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон газ нархларининг субсидияси учун йилига тахминан 4 миллиард АҚШ доллари сарфламоқда. Хусусийлаштириш бу борада рақобатни яратади. Масалан, сиз истеъмолчи сифатида газни А, B ёки C компаниядан сотиб олишингиз мумкин. Улар ҳам ўз навбатида газ нархи борасида бир-бири билан рақобат қилади. Рақобат натижасида компаниялар ўз устида ишлайди, оптимизация қилади ва йўқотишларни камайтириб, замонавий технологияларни татбиқ қилишига туртки бўлади", - деди Беҳзот Норматов. 

Мавзуга оид