19:05 / 06.06.2024
36609

Истеъмолчиларга базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган газ-свет ҳақида SMS юборилмоқда. Бу қандай ишлайди?

Маиший истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумотни базавий меъёр ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида ола бошлади. Масъуллар Kun.uz'га берган интервюсида ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилишини тушунтириб берди.

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ бўйича ижтимоий норма жорий этилди. Ижтимоий норма деганда аҳолига электр энергияси ва табиий газнинг таннархидан анча арзонга сотиладиган миқдори тушунилади. Бу миқдор электр энергияси учун ойига 200 kWh’гача; табиий газ учун март-октябр ойларида ойига 100 куб метргача, ноябр-феврал ойларида эса ойига 500 куб метргача деб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил апрелда қабул қилинган 204-сонли қарори билан 1 июндан бошлаб фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот базавий меъёр ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида истеъмолчиларга юборилиши керак. Ҳозирда Ҳудудий электр тармоқлари ва Ҳудудгаз акциядорлик жамиятлари истеъмолчиларга маълумот юборишни бошламоқда.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ рақамлаштириш офиси бўлим бошлиғи Нурбек Дўстовнинг таъкидлашича, истеъмолчиларга ойлик маълумот юборилиши 5 июндан бошланади.

“Шу қарор бўйича “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан АСКУГ тизими жорий қилинган. Бу орқали газ ҳисоблагичларидан келадиган кўрсаткичларнинг ҳисоб-китобини амалга ошириш йўлга қўйилган. Ушбу дастурий таъминот орқали ҳукумат қарорига асосан базавий меъёр ва ундан юқори меъёр бўйича ҳисоб-китоб қилиш механизми ишлаб чиқилди ва бу бўйича истеъмолчиларга жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб SMS кўринишида хабарнома юборилиши ишга тушади.

Шунингдек, истеъмолчилар ўзи ишлатадиган кунлик газ истеъмоли ҳақидаги маълумотни билиб бориш учун “Ҳудудгазтаъминот” сайтида шахсий кабинетни ишга туширганмиз. У орқали базавий меъёр ва ундан ортиқ ишлатилган газ, қанча газ ҳажмига нисбатан қанча тўлов қилишлари бўйича маълумотларни билиб боришлари мумкин”, – дейди Нурбек Дўстов.

Газ истеъмоли калкулятори

Унинг таъкидлашича, “Ҳудудгазтаъминот” сайтидаги газ калкулятори орқали иситиш мавсуми ва ундан ташқари вақтни танлаб истеъмолчилар ишлатган газ ҳажмнини киритиб, тўлайдиган тўловларини кўриб боришлари мумкин. Масъуллар истеъмолчилардан мобил телефон рақамларини зарурат туфайли ўзгартирган бўлса, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга мурожаат қилишни сўради.

Нурбек Дўстов

“АСКУГ тизимига тегишли қарорлар билан киритилган кўп қаватли уйларда яшайдиган 300-400 минг нафар фуқароларимиз уланмаган. Улар жисмоний ва юридик шахслар учун шахсий кабинетга кириб, уйларидаги ҳисоблагичларидан кўриб, истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни киритиб боришлари керак. Истеъмолчи ўзи ишлатадиган газ ҳажмларини киритиб борса, бизнинг калкулятор орқали қанча тўлов ҳисобланишини кўриб боришлари мумкин”, – дейди компания масъули.

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Электр энергиясини автоматлашириш маркази филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишоновнинг сўзларига кўра, 1 июндан бошлаб электр энергия истеъмоли 200 киловаттдан ортганда, истеъмолчиларга базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган электр токи борасида SMS юборилади.

“Дейлик сиз 200 kWh’дан кўпроқ, яъни 250 kWh электр токи ишлатдингиз. Сизга юборилган SMSда 200 kWh’гача бўлган электр токи 450 сўмдан, қолган 50 киловатти 900 сўмдан ҳисобланиши ёзилган бўлади. Истеъмолчилардан агар уларнинг телефон рақами ҳисобига боғланмаган бўлса, электр таъминоти корхонасига мурожаат қилиб, ўзининг ҳисобига телефон рақамини боғлаб бериш борасида мурожаат қилишларини сўраймиз. Шунда ойма-ой маълумотлар SMS тарзида юборилади”.

Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ "Электр энергиясини автоматлашириш маркази" филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишонов

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ масъули ҳам истеъмолчилардан фаол телефон рақамини ҳисобрақамига боғлаб қўйишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий норма доирасида, яъни 200 kWh’гача электр токи истеъмолчиларга 450 сўмдан етказиб берилади. Бундан ортиғи эса, 201 kWh’дан 1000 kWh'гача 900 сўмлик тарифда ҳисоб-китоб қилинади. Тарифлар шу зайлда ўсиб боради.

Табиий газ учун эса март-октябр ойларида 100 куб метрлик, иситиш мавсумида эса 500 куб метрлик ижтимоий норма амал қилади. Норма доирасида 1 куб метр газ учун 650 сўмдан тўлов қилинади, нормадан кўп ёқилган газ учун юқорироқ тарифларда ҳисоб-китоб қилинади.

Мадина Очилова тайёрлади.

Top