Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
TBC Bank ва Oasis Credit кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик ҳамкорликни эълон қилади
Мамлакатнинг етакчи рақамли банкларидан бири бўлган TBC Bank тадбиркорларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Oasis Credit микромолия ташкилоти билан стратегик ҳамкорлик бошланганини эълон қилади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг муҳим омилларидан бири бўлган кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган. Мазкур ҳамкорлик TBC Bankʼнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, молия секторида тадбиркорликнинг ролини кучайтириш ҳамда мамлакатнинг барча ҳудудларида иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг муҳим йўналишларидан биридир.
“Тадбиркорликни ривожлантириш — иқтисодий ўсишни таъминлайдиган асосий омиллардан биридир. Биз учун кичик бизнес ўз вақтида, тушунарли ва қулай молиявий маблағга эга бўлиши учун зарур шароитларни яратиш муҳим. Oasis Credit билан ҳамкорлик қамровимизни кенгайтиришга, фаолиятимизни янада кенг миқёсда олиб боришга ҳамда мамлакатнинг барча ҳудудларидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади”, — деди TBC Bank бош директори Спартак Тетрашвили.
“TBC Bank томонидан ажратилган молиявий ресурслар компаниямиз учун маҳаллий бозорда миллий валютадаги илк молиялаштириш ҳисобланади. Бундан олдин биз асосан хорижий молиявий манбалардан фойдаланиб келганмиз. Маҳаллий банклар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик Ўзбекистон молия институтлари билан янада яқин ва самарали алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Жалб этилган ресурслар кредит портфелимизнинг 95 фоиздан ортиғини ташкил этувчи кичик ва микробизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади”, — деди Oasis Credit бош директори Маҳмудали Гусейнов.
Oasis Credit Uzbekistan каби микромолия ташкилотлари билан ҳамкорлик TBC Bankʼнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли фаолиятини тўлдиради. Аввалроқ 2025 йилда банк аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Triple Jumpʼдан, шунингдек кичик ва ўрта бизнес учун маҳсулотлар қаторини кенгайтириш йўналишида BlueOrchardʼдан маблағ жалб қилган.
2024 йил декабр ойида TBC Bank тадбиркорлар учун банк ва унга боғлиқ барча молиявий операцияларни тўлиқ онлайн бошқариш имконини берувчи TBC Business платформасини ишга туширди. Платформа қулай ва тезкор транзакцион хизматларни таклиф этади. Ишга тушганидан бери маҳсулот жадал ривожланмоқда: бугунги кунда 6 000 дан ортиқ ҳисобрақамлари очилган. Шу билан бирга, тадбиркорлар орасида банк маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортмоқда, бу эса 2025 йилнинг учинчи чорагида бизнес кредитлари портфелининг ўсиши билан тасдиқланмоқда. TBC Business доирасида молиялаштириш йўналишини ривожлантириш орқали банк кичик ва ўрта бизнес сегментида етарлича қамраб олинмаган бўшлиқни босқичма-босқич тўлдирмоқда ҳамда TBC экотизимидаги мижозлар иштирокини кучайтирмоқда.
TBC Bank ҳақида
TBC Bank — Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар учун кенг турдаги рақамли молиявий хизматларни таклиф этади. Банк хизмат кўрсатишнинг рақамли каналларини фаол ривожлантириб, операцияларнинг шаффофлигига, халқаро хавфсизлик стандартларига ва хизматлар сифатига алоҳида эътибор қаратади. Банк мижозларининг молиявий ҳаётини янада қулай ва осон қилишни ўзига мақсад қилган.
Oasis Credit Uzbekistan ҳақида
Oasis Credit Uzbekistan — кичик ва микробизнесни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган, Ўзбекистондаги тажрибали микромолия ташкилотларидан бири ҳисобланади. Ташкилот шаффофлик ва корпоратив бошқарув бўйича халқаро стандартлар асосида фаолият юритади. Унинг таъсисчилари қаторига халқаро молиявий институтлар — жумладан, Финландия ривожланиш банки Finnfund, Германиянинг I.D. Inspiring Development GmbH, ҳамда Буюк Британиянинг Sturgeon Capital ташкилотлари киради.
Реклама ҳуқуқи асосида