Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» ва «Арсенал» ютқазди, «Барса»да йўқотиш. Кун ўйинлари
Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибга қайтди, аммо жароҳат олиб, алмаштирилди, ўйиндан кейин Гвардиола уни мақтади. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: 30 метрдан урилган шедевр гол
АПЛ. 3-тур
«Брайтон» — «Манчестер Сити» 2:1
Голлар: Милнер (67, пеналти), Груда (88) — Ҳоланд (34).
«Брайтон»: Вербрюгген, Велтман, ван Ҳекке, Данк, де Кюйпер, Ҳиншелвуд (Айяри, 60), Балеба (Милнер, 60), Гомес (Груда, 60), Минте (Коппола, 90+5), Митома, Уэлбек (Рюттер, 60).
«Манчестер Сити»: Траффорд, Нунеш (Люис, 85), Стоунз, Ҳусанов (Диаш, 85), Аит-Нури, Родри, Силва (О'Райли, 72), Рейндерс, Бобб, Мармуш (Доку, 72), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: ван Ҳекке (16), Ҳусанов (63), Аит-Нури (69), Велтман (77).
«Манчестер Сити» ютқазди. Яна бир марта. Мухлислар бунга ўтган мавсум давомида кўника бошлаганди ва янги мавсумда ҳам Хосеп Гвардиола вазиятни ўзгартира олмаяпти. Ҳолбуки у «Тоттенҳэм»га ютқазган таркибда қатор ўзгаришларни амалга оширган, Родри ўтган йил сентябридан буён илк бор Родри бошланғич таркибдан ўрин олган, шунингек, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов марказий ҳимояда Рубен Диашнинг ўрнини эгаллаганди. Биринчи бўлим давомида Ҳоланд ва Мармуш кетма-кет зарбалар билан дарвозабонни синовдан ўтказди, кейин эса биргаликда ҳисобни очувчи голни ташкиллаштиришди. Мисрлик ҳужумчи жарима майдони ичида рақиб ҳимоячилари орасидан ўтди ва тўпни олдинроққа ташлаб берди, норвегиялик эса осонлик билан дарвозани ишғол этиб, АПЛдаги 100-ўйинида ҳам майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди.
Биринчи бўлимда «Брайтон»нинг ишлари юришмади, аммо Фабиан Хюрцелер алмаштиришлар орқали ўйинда бурилиш ясади. 67-дақиқада Матеуш Нунеш жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади ва «Сити»нинг собиқ футболчиси Милнер 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб, АПЛ тарихига пеналтидан гол урган энг кекса ёшли футболчи (39 ёшу 239 кун) сифатида кирди, у ўз голини «Ливерпул»даги собиқ жамоадоши Диогу Жотага бағишлади. Милнерни барча танийди, «Брайтон» эса янги номларни кашф этишда давом этди.

Ўйин тақдирини ёзда «Майнц»дан харид қилинган 21 ёшли германиялик Груда ҳал қилди. У ҳимоячиларни ортда қолдириб, Траффордни ҳам алдаб ўтди, бу унинг янги жамоасидаги иккинчи голи бўлди, чоршанба куни Лига кубоги ўйинида илк голини урганди. Ҳюрцелер эса Гвардиола учун жумбоқ мураббий бўлиб қолмоқда. Пеп ёш германияликни учта ўзаро расмий ўйиндан бирортасида мағлуб этолмаяпти (=2-1).
Ўйиннинг 85-дақиқасида, меҳмонларнинг иккинчи голидан олдинроқ Ҳусанов жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Гвардиола у ҳақда илиқ фикрлар билдирди ва агар у майдонда қолганида иккинчи голни бартараф этиши мумкин бўлгани ҳақида гапирди: «Иккинчи голни жуда тезкор футболчилардан ўтказиб юбордик. Ҳусанов эплаши мумкин эди, чунки у ҳам жуда тез, лекин аввалроқ уни алмаштиришга мажбур бўлгандим. Унда ҳеч қандай жароҳат йўқ. Шунчаки бироз шикастланди ва мушакларда муаммо пайдо бўлганди».
«Ливерпул» — «Арсенал» 1:0
Гол: Собослаи (83).
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате (Гомес, 79), Керкез, Собослаи, Гравенберҳ, Мак Аллистер (Жонс, 62), Виртц (Эндо, 89), Салоҳ, Гакпо, Экитике (Кеза, 79).
«Арсенал»: Райя, Тимбер, Салиба (Москера, 5), Габриэл, Калафиори, Субименди, Райс, Мерино (Эдегор, 70), Мадуэке (Доуман, 90), Мартинелли (Эзе, 70), Гокереш.
Огоҳлантиришлар: Гравенберҳ (24), Гокереш (66), Субименди (88), Эндо (90+8).
«Арсенал» турнинг марказий турига икки асосий футболчиси – Эдегор ва Сакасиз етиб келди. Ўйин бошланганида эса Салиба майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Бундай вазиятда лондонликларни амалдаги чемпион майдонидаги ўйинда жуда кўп ёқимсиз паллалар кутаётганини тахмин қилиш мумкин эди. Аммо биринчи бўлимда йўқотишлар сезилмади.

«Ливерпул» ҳужумкор ўйнашга ҳаракат қилди, аммо мезбонларнинг олдинги чизиқдаги ишлари юришмади. Энг хавфли вазият «Арсенал» ҳимоядан чиқишда хатога йўл қўйганида юзага келди, аммо кейинроқ бу вазиятда мезбонлар томонидан ўйин қоидаси бузиб тўп олиб қўйилгани маълум бўлди. Меҳмонлар кўпроқ ҳимояланган бўлса-да, «Ливерпул»га қараганда кўпроқ вазият яратишди.
Мадуэкенинг ўзи бир неча бор хавфли зарба йўллади. Биринчи ҳолатда Алисон бурчакка келаётган тўпни бир амаллаб қайтариб қолди, иккинчи вазиятда вингер қулай позициядан туриб йўллаган зарба юқоридан ўтиб кетди. «Арсенал» шошилмади ва рақибни таваккал қилишга мажбурлади. «Ливерпул»да бир ҳафта ичида иккита бир-биридан фарқ қилувчи ўйин бўлиб ўтди. Душанба куни «Нюкасл» футболчилари ушбу жамоага қарши худди адреналин қабул қилгандек ҳаракатланган ва камчилик бўлиб ҳам бутун майдон бўйлаб устунлик қилишганди. Якшанба кунги ўйинда эса «Арсенал» эҳтиёткорона услуб танлади.
Иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби давом этди. «Ливерпул» барибир дарвозани ишғол этди, аммо Экитикенинг голи Гакподаги офсайд туфайли инобатга олинмади. Шу билан бирга, мезбонларда иккинчи бўлимга келиб ниҳоят дарвоза соҳаси томон тўғри борган зарбалар пайдо бўлди. «Арсенал» сафида эса Эзе дебют қилди, у билан бирга ҳали тўлиқ тикланмаган Эдегор майдонга туширилди.
Ўйинни эса биргина стандарт вазият ҳал қилди. «Ливерпул» футболчилари тўпни ким тепишини узоқ маслаҳат қилишди ва якунда тўп олдида Собослаини ёлғиз қолдиришди. Венгриялик яримҳимоячи сўнгги вақтларда гол уришдан тўхтаганди, чунки мураббий уни ўнг қанот ҳимоясида туширишга мажбур бўлмоқда. У эса тахминан 30 метр масофадан бор имкониятини ишга солиб зарба йўллади. Райя тўпга ета олмади, тўп тўғри тўққизликка бориб тушди.

Қолган дақиқаларни «Арсенал» тўлиқ ҳужумда ўтказди, мезбонлар чуқур ҳимояланди, аммо финалдаги штурм меҳмонларга гол келтирмади. Ўйинда шу ҳисоб сақланиб қолди ва «Ливерпул» АПЛнинг уч турдан кейин юз фоизлик натижа қайд этаётган ягона жамоаси сифатида турнир жадвали пешқадамига айланиб олди.

Испания: бенуқсон «Атлетик»
Ла Лига. 3-тур
«Селта» — «Вилярреал» 1:1
Голлар: Иглесиас (90+4) — Пепе (53).
«Селта»: Раду, Родригес (Мингеса, 75), Домингес, Фернандес, Руэда, Сотело, Роман (Мориба, 70), Каррейра, Аспас (Сведберг, 70), Дюран (Родригес, 62), Сарагоса (Иглесиас, 62).
«Вилярреал»: Жуниор, Моуринио, Фойт, Марин, Кардона, Бюкенен (Аҳомаш, 78), Комесаня, Гуйе (Парехо, 78), Молейро (Парти, 68), Пепе (Вейга, 85), Эйонг.
Огоҳлантиришлар: Роман (67), Гуйе (70).
Икки турдан кейин турнир жадвали пешқадами бўлиб турган «сариқ субмариналар» барибир Вигода очко йўқотишди, ҳолбуки ғалаба яқин эди. Голсиз ўтган биринчи бўлимдан кейин Пепе шериги билан девор услубида ўйнаб, жарима майдонига кириб борди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятда аниқ ҳаракат қилди. Аммо «Селта» сафида захирадан майдонга туширилган 32 ёшли Борхи Иглесиас ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда жамоасини қутқариб қолди. Иглесиас ла лигадаги карерасида энг кўп «Вилярреал»ни ранжитган, бу жамоага қарши ўйинларда 4 гол ва 3 голли узатма муаллифи бўлган.
«Бетис» - «Атлетик» 1:2
Голлар: Бакамбу (90+7) - Бартра (60, автогол), Паредес (85).
«Бетис»: Валлес, Ортиз (Беллерин, 88), Бартра, Натан, Фирпо, Форналс, Алтимира, Гарсия (Бакамбу, 72), Ло Челсо (Авила, 88), Рикелме (Деосса, 73), Эрнандес.
«Атлетик»: Симон, Аресо (Горосабел, 75), Вивиан, Паредес, Берчиче, Прадос (Веска, 62), Хаурегизар, Уилямс (Саннади, 75), Сансет (Гомес, 85), Уилямс (Наварро, 85), Беренгер.
Огоҳлантиришлар: Фирпо (90+11) - Прадос (45+1), Вивиан (72), Саннади (90+8), Беренгер (90+11).
«Атлетик» эса «Вилярреал»дан фарқли равишда стартдаги темпни сақлаб қолмоқда ва учинчи ўйинда ҳам ғалабага эришди. «Бенито Вилямарин» стадионида кечган ўйинда басклар кучлироқ кўринишди, меҳмонларнинг ҳимоячилари ўйини эса кўп нарсани ҳал қилди. Аввалига стандарт вазиятдан кейин узоқ чўзилган ҳужумда Берчиченинг узатмаси Бартранинг автоголига сабаб бўлди. Ўйин охирида эса Айтор Паредес иккинчи голни урди, ушбу ҳимоячи ўтган мавсумда ҳам ушбу стадионда ўз номини таблога ёздириб қўйганди. Ла лигада у бошқа жамоаларга биттадан ортиқ гол урмаган.
«Райо Валекано» - «Барселона» 1:1
Голлар: Перес (67) - Ямал (пен. 40).
«Райо Валекано»: Баталла, Ратиу, Фелипе (Валентин, 76), Лежеун, Чаваррия, де Фрутос (Камелло, 76), Лопес (Перес, 59), Кис, Гарсия (Гумбау, 90), Палазон (Эспино, 90), Диас.
«Барселона»: Гарсия, Кунде, Эрик, Кристенсен, Балде (Мартин, 78), Олмо (Фермин, 62), Де Йонг, Педри, Ямал, Ферран (Левандовски, 78), Рафиня (Решфорд, 62).
Огоҳлантиришлар: Баталла (38), Лопес (45), Чаваррия (90+4) - Кунде (56).
«Райо» фаворитларга муаммо туғдиришнинг ҳадисини олган, «Барселона» эса яқин йилларда «асаларилар» жамоасига қарши беш ўйиндан иборат ғалабасиз серия қайд этганди. Фақат Ҳанси Флик каталонияликлар бошқарувига келгач, Мадрид чеккасидан бўлган ушбу жамоа икки бор мағлуб этилди. Аммо икки ҳолатда ҳам — фақат бир тўп фарқи билан, бу эса кўк-анорранглиларнинг чемпионлик версияси учун деярли нонсенс ҳолат. Бир ўйинда барчасини Левандовскининг пеналтиси ҳал қилганди, бу сафарги ўйин ҳам 11 метрлик зарбасиз кечмади. Танаффус арафасида Ямал жарима майдони ичида йиқитилди, бу ушбу ёш футболчи ла лигада дебют қилганидан буён олтинчи бор пеналти ишлаши бўлди. Бу давр ичида фақат «Осасуна» форварди Будимирга нисабатан жарима майдони ичида кўпроқ фол (10) ишлатилган.

Шу билан бирга, Ламиннинг ўзи ички чемпионатда ҳеч қачон пеналти ижрочиси вазифасида бўлмаганди, энди эса бу пробел ҳам тўлдирилиб, XXI асрда 11 метрлик жарима зарбасидан гол урган энг ёш футболчига айланди (18 ёшу 49 кун). Фақат у ҳам, «Барса»нинг бошқа футболчилари ҳам ҳали энг яхши формасида эмаслиги кўриниб қолди. Шунчаликки, якшанба оқшоми Жоан Гарсиянинг бенефисига айланди. Агар унинг ақлбовар қилмас сейвлари бўлмаганида (жумладан, яккама-якка вазиятни бартараф этиши) меҳмонлар дуранг билан қайтиши ҳам амримаҳол эди. «Райо»нинг тезкор қарши ҳужумлари «Барса» ҳимоячилари учун ҳақиқий даҳшатга айланди, аммо мезбонлар сафида биргина Фран Перес гол уролди. Лекин шу голнинг ўзи «Барса» турнир жадвалида «Реал» ва «Атлетик»ка ета олмаслигига етарли бўлди.

Италия: Влаҳович — «Ювентус»нинг асосий жокери
«Женоа» — «Ювентус» 0:1
Гол: Влаҳович (71).
«Женоа»: Леали, Каффи, Остигард, Васкес, Карикол, Френдруп (Экҳатор, 78), Мазини, Карбони (Малиновский, 65), Станчу (Торсби, 65), Эллертссон (Витиня, 77), Коломбо (Экубан, 78).
«Ювентус»: Ди Грегорио, Гатти, Келли, Бремер, Калулу, Локателли (Копмейнерс, 62), Тюрам, Мариу (Костич, 62), Консейсау (Гонсалес, 83), Йилдиз (Маккенни, 90), Дэвид (Влаҳович, 62).
Огоҳлантиришлар: Мариу (19), Остигард (67), Копмейнерс (82).
«Ювентус» Игор Тудор бошқарувида Массимилиано Аллегри даврини ёдга солиб юбормоқда. Ўша жамоа ёмон ўйнаганида ҳам натижага эриша оларди. «Парма»га қарши биринчи тур ўйинида Камбязонинг қизил карточкасидан кейин ҳам ғалабали ҳисоб ушлаб қолинди. Генуядаги ўйин ҳам меҳмонлар учун жуда қийин кечди. Масалан, иккинчи бўлим давомида Жоау Мариу фақат сўнгги лаҳзада ўз хатосини тузатиб, рақиб футболчиси бир неча метр масофадан йўллаган зарбаси йўлига ташланишга улгурди. «Кекса синиора»нинг дастлабки турларидаги яна бир умумийлик Влаҳовичнинг захирадан муваффақиятли қўшилиши бўлмоқда. Бир ҳафта муқаддам серб ғалабали ҳисобни мустаҳкамлаганди, бу сафар эса ўз имконидан фойдалана олмаган Дэвид ўрнига тушиб, бурчакдан оширилган тўпни идеал тарзда дарвоза тўрига йўллади. Ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада эса дарвоза тўсини туринликларнинг ғалабасини сақлаб қолди.
«Интер» - «Удинезе» 1:2
Голлар: Дюмфрис (17) - Давис (пен. 29), Атта (40).
«Интер»: Зоммер, Биссек, Ачерби, Бастони, Дюмфрис, Барелла (Зелински, 83), Чалҳаноғли (Эспозито, 68), Сучич (Михитарян, 62), Димарко, Тюрам, Мартинес.
«Удинезе»: Сава, Бертола (Гогличидзе, 46), Кристенсен, Солет, Эхизибе (Модесто, 80), Пиотровски (Заррага, 70), Карлстром, Атта, Земура, Баю (Букса, 63), Давис (Эккеленкамп, 70).
Огоҳлантиришлар: Мартинес (88) - (Бертола (38), Сава (77), Заррага (90+3).
«Интер» душанба куни «Торино»ни йирик ҳисобда (5:0) тор-мор этиш орқали А серия ўйинларини бошлаганди, ҳафта охирида Дюмфрис тезкор гол урганида «Удинезе»нинг ҳам тақдири аёндек кўринаётганди. Аммо «кичик зебралар» оддий рақиб эмаслигини кўрсатди. Бўлим ўрталаридан ўтганда Дюмфрис жарима майдони ичида тўпни қўл билан ўйнаши меҳмонларга пеналти тепиш ҳуқуқини берди, танаффус арафасида эса меҳмонлар иккинчи голни ҳам уришди. Атта маҳорат ва совуққонлик намойиш этиб, жарима зарбасини Зоммер ета олмайдиган траектория бўйлаб ижро этди.
«Удинезе» Миландаги ўйиннинг биринчи бўлимида икки гол уриши охирги бор 2013 йилда кузатилганди, ўшанда меҳмонлар нерадзурриларни 5:2 ҳисобида яксон этишган. Бу сафар унақа бўлмади, аммо меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳам қатор хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди. Димарконинг голи офсайд туфайли бекор қилиниши ва Биссекнинг зарбасидан кейин дарвозабонни сейви меҳмонлар учун ғалабали натижани сақлаб қолди.

Германия: тўхтатиб бўлмас Гирасси
Бундеслига. 2-тур
«Боруссия» Д — «Унион Берлин» 3:0
Голлар: Гирасси (44, 58), Нмеча (81).
«Боруссия» Д: Кобел, Анселмино (Рюэрсон, 76), Антон, Бенсебайни, Коуту, Забитцер (Гросс, 86), Свенссон, Брандт, Беллингҳем (Нмеча, 71), Гирасси (Адейеми, 87), Байер (Чуквуэмека, 77).
«Унион Берлин»: Роннов, Дуки, Кверфелд, Роте, Триммел (Шкарке, 64), Хедира, Сков (Кон, 70), Крал (Чон Ву Ён, 64), Ҳаберер (Кемляйн, 82), Илич, Ансаҳ (Берк, 70).
«Боруссия» стартда ўз мухлислари ҳафсаласини пир қилганди, мавсумдаги илк уй ўйинида эса анча вақтгача «Унион» дарвозасига йўл топилмади. Фақат танаффус арафасида Гирасси берлинликлар деворини бузиб ўтди. Дортмундлик тўпурар куражни ушлаб олганида эса уни тўхтатиш имконсиз ишга айланади. Иккинчи бўлим бошида Кобелнинг сейвидан кўп ўтмай гвинеялик ҳужумчи Байердан пас қабул қилиб Олди ва рақиб дарвозабонини нозик зарбаси билан доғда қолдирди. Бу ўйиндан кейин Гирассининг бундеслигадаги голли серияси етти турга етди. Бу дортмундликлар клуби тарихида Левандовски (12 ўйин) ва Обамеянгдан (10) кейинги учинчи натижа. Қанчалик ғалати кўринмасин, Ҳоланда бундеслигада бундай оралиқ кузатилмаганди.
