Декабрдаги учта ўйинда ҳам ғалабага эришган «Кристал Пэлас» Кучли тўртликка кириб олганди. Бу жамоа тўпни рақибга беришдан қўрқмайди ва тўпга эгалик қилиш бўйича 40 фоиздан ҳам паст натижа қайд этганига қарамай, ғалаба қозониб келаётганди. «Бургутлар» тактикаси бу сафар ҳам иш бериши мумкин эди, чунки жамоа ҳимоя чизиғи кучли, ҳар бир қарши ҳужум эса хавфли кўриниш олади. Биринчи бўлим давомида шундай эпизодлардан бирида Йереми Пинонинг зарбаси тўсинга тегди, кейинроқ Доннарумма Матета билан дуэлда устун келди.
Бўлим якунланиши арафасида эса «Манчестер Сити» барибир мезбонлар ҳимоя чизиғини буза олди ва Ҳоланд Матеус Нунеснинг қанотдан узатмасини бош билан дарвоза тўрига тўғрилаб юборди. Норвегиялик ҳужумчи «ўйинлар сонидан кўп гол» графигини давом эттирмоқда (16 турда 17 гол). Иккинчи бўлим ўрталарида эса мезбонлар бошига омадсизлик ёғилди. Аввалига Камада жароҳат олди. Кейин эса Фоден Шеркининг узатмасидан кейин қаторасига тўртинчи турда дарвозани ишғол этди. Ўйин охирида Савинио пеналти ишлади ва Ҳоланд навбатдаги голини нишонлади. Бир кун олдинги ўйинлардан кейин «Челси»ни олдинга ўтказиб юборган «Пэлас» кучли тўртликка қайта олмади, Хосеп Гвардиола жамоаси эса «Арсенал» билан орадаги икки очколик фарқни сақлаб қолди.
Шанба куни Экитике Англия чемпионатининг жорий мавсумидаги энг тезкор голини (46-сония) урганди, бир кун ўтиб эса Матеуш Фернандеш «Ливерпул» форвардининг натижасини яхшилади. Португалиялик футболчига тўпни Бизотнинг яқин бурчагига йўналтириш учун ўйин бошланганидан бошлаб 29 сония ўтиши етарли бўлди. «Астон Вилла» тезда жавоб қайтарди – Макгиннинг узатмасидан кейин Уоткинс бош билан зарба йўллади, тўп «Вест Ҳэм» ҳимоячиси Мавропанос орқали дарвоза тўрига бориб тушди.
Аммо «болғачилар» навбатдаги вазиятидан ҳам фойдаланди ва яна ҳисобда олдинга чиқиб олди, Поттснинг зарбаси йўлида туриб қолган Боуэн уни дарвозага тўғрилаб юборди. Ушбу яримҳимоячи энди клубнинг АПЛдаги энг сермаҳсул футболчилари қаторида Антониодан кейинги иккинчи ўринга (61+39) чиқиб олди. Аммо унинг голи дуранг учун ҳам етарли бўлмади, иккинчи бўлим бошида Роджерс Тилеманснинг узатмасидан ҳисобни тенглаштирди. Ушбу футболчининг ўзи ўйин охирларига борирб жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Энди Унаи Эмери шогирдлари «Арсенал»дан атиги уч очколик фарқ билан учинчи ўринда бормоқда.
Якшанба оқшомида Англиядаги энг қадимий ва принципиал дербилардан бири бўлиб ўтди. Маълум вақт танаффусдан кейин АПЛга қайтган «қора мушуклар» мухлислари «қарғалар»га қарши муҳим ўйин учун катта перфоманс уюштиришди.
Аммо ашаддий рақиблар ўртасидаги ўйиннинг биринчи бўлими статистика нуқтайи назаридан у қадар томошабоп бўлмади. Икки жамоа учун жами тўрт зарба ва жарима майдони ичида саккиз бор тўпга тегиниш – Англия чемпионатининг ҳозирги мезонлари бўйича минимал кўрсаткич ҳисобланади. Аммо бу рақамлар эмас, Волтемаденинг навбатдаги голи ёдда қолади. Нюанс шундаки, «Нюкасл» форварди тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб қўйди.
Бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди ва мезбонлар буни катта тантанага айлантиришди – уларнинг севимли жамоаси АПЛ дорирасида принципиал рақибга қарши 10 ўйиндан буён мағлубиятга учрамаяпти (+7=3), тўрт ғалабадан иборат серия эса тарихда илк бор кузатилмоқда.
Айтиш мумкинки, мезбонлар шу куни истаганча байрам қилишди ва ҳатто трибунадаги таблони ҳам ўзгартиришди: унда «Нюкасл» номи ва логотипи берилмади. Ўрнига шунчаки «меҳмонлар» ёзуви турди.
Ўйиндан кейин эса жамоа аъзолари мухлислар сектори фонида суратга тушишди.
Бу билан ўтган йили жамоаларнинг Англия кубогида «Нюкасл»нинг ғалабаси билан тугаган ўйиндан кейин тушилган бошқа бир жамоавий суратга жавоб қайтарилди.
«Реал»нинг навбатдаги ўйини олдидан ОАВда яна бир марта Ҳаби Алонсонинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги хабарлар урчиди. Ҳатто унинг ўрнига ҳозирда «Кастиля» жамоасини бошқараётган Алваро Арбелоа номзоди тилга олинди. Аммо мадридликларга яқин ҳисобланган нашрлар эса ўзини анча вазмин тутишди. Бу нашрларда клубдагилар мураббийга ишониши ва Алонсонинг келажаги қайсидир ўйин натижасига боғлиқ эмаслигини ёзишди.
«Реал» таркибидаги муаммолардан келиб чиқилса, натижаларда мураббийни айблаш қийин. Шу куни ҳимоя чизиғидаги етишмовчиликлар туфайли клубнинг 19 ёшли тарбияланувчиси Валдепеняс катталар футболидаги дебютини амалга оширди. У ҳам ўзи учун одатий бўлган марказий ҳимояда эмас, чап қанот ҳимоясида тушишига тўғри келди – Менди жароҳатланган, Фран Гарсия дисквалификацияга учраган.
Шу билан бирга, мураббийда ҳужум чизиғида танлов етарлича: у бу мавсумда илк бор Беллингҳэм, Родриго, Винисиус ва Мбаппедан иборат Карло Анчелотти давридаги квартетни стартда туширди.
Аввалига Мбаппе бу ўйинни ҳам ўтказиб юбориши борасида хавотирлар мавжуд эди, аммо у тушди ва илк дақиқалардан мезбонлар дарвозасига хавф сола бошлади. Саккизинчи дақиқада унинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди, бўлим ўрталарида эса аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди. Унинг жарима майдони чизиғида туриб йўллаган зарбаси тўғри бурчакка бориб тушди – бу вазиятда тўп йўлини тўсишга ташланган ҳимоячилар ва дарвозабон иложсиз аҳволда эди.
Мбаппе учун бу жорий йил бошидан буён клуб сафида урилган 56-гол бўлди. Француз ҳужумчиси «Реал» сафида бир йилда урилган голлар бўйича рекордга яқинлашмоқда – Роналду 2013 йилда жами 59 гол уришга улгурганди. Мбаппеда бунинг учун янги йилгача иккита ўйин имконияти бор – Испания кубоги доирасида «Талавера»га қарши ва ла лигада «Севиля»га қарши ўйинлар.
«Алавес» эса биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо Куртуа бунга имкон бермади ва ҳатто ноёб сейв амалга оширди, белгиялик дарвозабон Ибанеснинг зарбасини боши билан қайтарди.
«Алавес»нинг дарвоза соҳаси томон тўғри борган кейинги зарбаси эса голга айланди. Иккинчи бўлимда майдонга тушган Висенте дарҳол дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ҳисобни тенглаштирди. Бу вазиятда Рюдигер офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйганди.
Аввалига қанот ҳаками офсайд ҳолатини қайд этганди, аммо вазиятга VAR аралашди ва гол инобатга олинди. Шу паллада камералар ўйчан ва ғамгин қиёфадаги Ҳаби Алонсога қаратилди.
Мезбонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Етти дақиқа ўтиб Винисиус дриблинг ишлатиб, ҳимоячидан қочиб кетди ва тўпни дарвозабон ҳудудига оширди, тўпга етиб келган Родриго эса дарвозани ишғол этди – бу ушбу бразилиялик вингернинг ла лигада январдан буён илк голли ҳаракати бўлди. Бунгача у қаторасига 27 ўйинда на гол урган ва на голли узатма амалга оширганди.
Бу гол мадридликлар учун ғалаба голига айланди ва «Реал» устози енгил тин оладиган бўлди. Ўйин охирида меҳмонлар пеналти ишлашга яқин эди, аммо арбитр бу вазиятда Винисиус актёрлик маҳоратини ишга солган деб топилди. «Реал» ҳисобдаги устунликни сақлаб қолди ва «Барса» билан орадаги фарқни тўрт очкога қисқартирди.
Ўйин якунида Алонсо Винисиусни захирага олди, футболчи эса мураббийни қучиб қўйди ва ўзаро гина унутилганини намойиш этди.