Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳмадалиев «Монстр»га қарши. Бокс мухлисларини йил жанги кутмоқда
Ўзбекистонлик боксчининг мутлақ жаҳон чемпиони, енгилмас Наоя Иноуэга қарши имкониятлари қандай?
14 сентябр куни Япониянинг Нагоя шаҳридаги «IG Arena»да профессионал бокс оқшоми ўтказилади. Турнирнинг асосий воқеаси иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,2 кг) амалдаги мутлақ жаҳон чемпиони, бугунги кундаги энг машҳур япониялик боксчи Наоя Иноуэнинг титул ҳимояси учун рингга кўтарилиши бўлади. Унга бу гал ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев рақиблик қилади.
Йил жанги
Бу ўзбекистонлик бокс ихлосмандлари учун Исроил Мадримовнинг 2024 йил августида Теренс Кроуфордга қарши ўтказган жанги билан бир мақомдаги тарихий катта жанг ҳисобланади.
Наоя Иноуэ – ҳозирда дунёнинг энг номдор ва кучли боксчиларидан бири ҳисобланади. У профессионал боксда тўртта вазн тоифасида титулларни қўлга киритган, икки вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионига айланиб, бокс тарихида бу борада Теренс Кроуфорддан кейинги иккинчи боксчи бўлган, кейинроқ уларнинг кампаниясига Олександр Усик ҳам қўшилди. Яъни бугунги кунда шу уч боксчи жаҳоннинг энг кучли боксчилари саналади. Нуфузли The Ring журналининг Pound for pound рейтингида ҳам Иноуэ Усик ва Кроуфорддан кейин учинчи ўринда қайд этилган.
Япониялик боксчи кичик вазн тоифасига хос бўлмаган тарзда нокаут машинасига айлангани ҳам эътиборга молик. У профи боксда шу вақтгача 30 жанг ўтказиб, барчасини ғалаба билан якунлаган, 27 та жангда рақибларни нокаутга учратган.
Иноуэ Саул «Канело» Алварес ёки Тайсон Фюри даражасидаги жаҳон суперюлдузига айланиши мумкин эди, аммо аксар жангларини АҚШ ёки Европада эмас, ватани Японияда ўтказади. Шунга қарамай, Наоининг жанглари доимо диққат марказида бўлади ва кўплар уни замонанинг энг яхши боксчиси деб атайди.
Камтар «Монстр»
Наоя Иноуэ 32 ёшига қадар боксда катта йўлни босиб ўтган. Япониялик вундеркинд бежиз «Монстр» лақабини олмаган. У ҳаваскор боксдалигидаёқ ўзининг тажовузкор услуби ҳамда жисмоний имкониятлари билан бошқалардан ажралиб турарди ва унинг келажаги порлоқ бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди.
Иноуэ ҳаваскор боксда 18 ёшигача 81 та жанг ўтказишга улгурган ва 75 жангда ғалаба қозонган. Ҳаваскор боксда рақибни нокаутга учратиш камёб ҳодиса, лекин Иноуэ учун бу қоида ишламайди, у 48 жангни муддатидан олдин ўз фойдасига ҳал қилган. Таққослаш учун, Деонтей Уайлдер ҳаваскор боксдаги 24 ғалабадан фақат тўрттасида рақибларини нокаутга учратган, Энтони Жошуада бу кўрсаткич – 45 жангда 25 тага тенг.
Иноуэ 2012 йил Лондондаги Олимпия ўйинларида қатнашиши мумкин эди, аммо Остонадаги саралаш турнири финалида қозоғистонлик Биржан Жакиповга ютқазгач, ҳаваскор боксга қўл силтайди ва профессионал боксга ўтиб кетади. Ва 13 йилдан буён жаҳон ареналарида енгил вазн тоифаларида унга тенг рақиб топилмаяпти. Бу вақт ичида у 22 бор жаҳон чемпионлиги титули учун жанг қилиб, барчасида ғалаба қозонган.
Аҳмадалиевда имконият борми?
Муроджон Аҳмадалиев Наоя Иноуэга қарши икки йил олдин рингга чиқиши мумкин эди. Экспертлар ўшандаёқ Аҳмадалиев япониялик панчерга жиддий рақобат кўрсата олишини айтишган. Муроджон 2023 йилга қадар WBA ва IBF камарлари соҳиби эди. Аммо 2023 йил апрелида у филиппинлик Марлон Тапалесга қарши ҳимоя жангида ҳакамларнинг баҳсли қарори туфайли ютқазиб қўяди. Натижада Иноуэга қарши мутлақ жаҳон чемпионлиги учун жанг қилиш ҳуқуқини Тапалес қўлга киритади, 2023 йил декабрида ўтказилган жангнинг 10-раундида нокаутга учраб ютқазади.
Табиийки, Наоя навбатдаги ҳимоя жангида ҳам фаворит ҳисобланмоқда. Аммо у қадар яққол эмас. Аҳмадалиев – Тапалес ёки бошқа рақиблардан фарқли ўлароқ, мутлақ жаҳон чемпиони қаршисига буткул бошқача вазифалар қўядиган боксчидир. Ўзбекистонлик спортчи профессионал рингда Иноуэга (30) қараганда икки баробар камроқ жанг (15) ўтказган, аммо ҳаваскор боксда катта натижаларга эришган, жаҳон чемпиони ва Олимпиада совриндорига айланган. Муроджон оёқда яхши ишлайди, кераксиз зарбалар алмашинувига киришмайди ва фақат ўзининг тотал устунлигини ҳис қилгандагина ҳал қилувчи зарбани беришга ҳаракат қилади. У ўз жангларида сўнгги раундгача куч сақлаб қолади.
У фаолияти давомида нокаутга учрамаган, уни нокдаун ҳолатига тушириш ҳам осон иш эмас. Шу билан бирга, япониялик боксчи рингга йиқилиб туради. 2019 йил Бутунжаҳон бокс суперсерияси финалида эса филиппинлик Нонито Донэр уни қаттиқ савалаган, бурни синган, кўзи кўкариб кетган, аммо ирода кўрсатиб, якунда ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонган.
У сўнгги вақтларда ҳам юқори вазн тоифасига ўтиши муносабати билан зарбаси кучлироқ рақибларга жанг қилишига тўғри келмоқда, очиқ жанг ўтказиш услуби туфайли қийналмоқда ва нокдаун ҳолатига тушиб қолмоқда. Хусусан, 2024 йил майида мексикалик Луис Нери, 2025 йил майида эса бошқа бир мексикалик Рамон Карденас уни нокдаун ҳолатига туширди, аммо икки ҳолатда ҳам япониялик боксчи жангни давом эттириш учун ўзида куч топди ва якунда бу рақибларни нокаутга учратди. Шунинг учун, Муроджон дастлабки раундларда шундай имкониятга эга бўладиган бўлса, тезда финиш қилиши керак бўлади.
Қолаверса, ўзбек боксчисининг чапақайлиги ҳам аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Иноуэнинг карьерасида чапақай рақиблар бўлган ва япониялик боксчи доим бундай рақибларга қарши қийналган.
Бундан ташқари, Аҳмадалиевнинг юқори даражадаги интизоми ва жангларга тўғри ёндашувини ҳам таъкидлаш жоиз. Мисол учун, боксчи Иноуэ билан жангдан деярли бир ой олдин, иқлимга мослашишга максимал даражада улгуриш учун Японияга кўчиб ўтди.
Иноуэнинг ўзи ҳам уни фаолиятидаги энг оғир синовлардан бири кутаётганини тан олган. У тасаввур қилиш мумкин бўлган энг кучли даъвогарлардан бири унинг олдига келишини жуда яхши ҳис қилиб турибди. Жанг жуда «қайноқ» кечиши кутилмоқда – Муроджон амалда ҳеч нарса йўқотмайди, қолаверса, ўзбекистонлик мутлақ жаҳон чемпиони билан бундай мақомли жангни анчадан бери кутаётганди.
Гонорарлар
Ўртага WBC, WBO, IBF, WBA (Супер) ва The Ring йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлик камарлари қўйилган.
Бундан ташқари, боксчилар катта миқдорда гонорарга эга бўлади – жанг мукофот жамғармаси 20 млн долларни ташкил этади. Жанг натижасидан қатъи назар Иноуэ 75 фоиз, Аҳмадалиев 25 фоиз улушга эга бўлади. Яъни Иноуэ 15 млн доллар гонорар ва трансляциядан 4 млн доллар миқдорида даромадга (Pay-per-view) эга бўлади. Аҳмадалиев учун 5 млн гонорар ҳамда 1 млн доллар PPV улуши кўзда тутилган.
Натижада, Муроджон Аҳмадалиев жами 6 млн ишлаб олади. Бу унинг профессионал фаолиятидаги энг катта гонорари ҳисобланади.
Албатта, «Монстр»нинг кузирлари кўпроқ. У тажриба даражаси, шу жумладан, чемпионлик даражаси бўйича даъвогардан яққол устун. У ўзбекистонлик рақибидан кўра машҳурроқ бўлган рақибларини осонлик билан яксон этган. Қолаверса, уйда деворлар ва ҳакамлар ҳам ёрдам беради. Аммо Аҳмадалиевда имконият бор ва у камида рақобатли жанг кўрсатади. Ва бу жангни ўтказиб юбормаслик керак.
Мавзуга оид
19:35
Ҳасанбой Дўсматов икки карра жаҳон чемпионига айланди
19:34 / 28.11.2025
Бокс бўйича 2026 йилги жаҳон кубоги Ўзбекистонда ўтказилади
19:16 / 18.11.2025
Усик энди мутлақ жаҳон чемпиони эмас. У WBO камарини жангсиз топширди
22:27 / 19.10.2025