Ўзбекистон | 09:14 / 03.11.2020
17964
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши очиқланди

IT Park Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

Фото: UA

MODME техник директори ва асосчиси Руслан Йўлдошевнинг айтишича, дастурчиларнинг иш ҳақи кейинги ўн йил ичида меҳнат бозорида ўртача иш ҳақидан ошиб боради. 

“Ўзбекистонда, шахсий кузатувларимдан келиб чиқадиган бўлсам, мазкур саноатда бир неча йилдан бери фаолият юритиб келаётганлар 400 доллардан 800 долларгача, тавсия қилинадиган тажрибага эга бўлганлар эса 1200-2000 долларгача маош олади.

Агар глобал бозор ҳақида гапирадиган бўлсак, масалан, яқин танишим масофавий ишлаш учун ойига 6000 доллар минимал иш ҳақи оладиган Фронтенд дастурлаш лидини бир неча ҳафта қидирди. Ўзбекистонлик дўстларимнинг бир нечтаси ушбу таклифга қизиқиш билдирмади, эҳтимол, улар етарли маош олишяпти ва айни пайтда ўзлари учун қулай шароитларда ишлаяпти”, – дейди Руслан Йўлдошев.

Иш ҳақи масаласи дастурчи бўлишни истайдиган ҳар бир кишини қизиқтиради. Аслида, дастурчининг иш ҳақи ўзгариб туради ва бу мутахассиснинг тажрибасига боғлиқ. Мантиқан олиб қараганда, IT мутахассиси қанчалик тажрибали бўлса, унинг маоши шунчалик баланд бўлади. Мисол учун, оддий дастурчи 500-900 доллар ва ундан юқори даромад олиши мумкин. Аммо у дастурлашда етарлича тажрибага эга бўлса, маоши ойига 2000 долларга етиши мумкин.

“Реал лойиҳаларга эга ёш дастурчилар бирданига катта маош олишни исташади, бироқ бу иложсиз. Ўртача, қониқарли билимга эга бўлган бошланғич дастурчи 200-300 доллар атрофида ҳақ олиши мумкин ва у бундай пулни иш тажрибасиз олганида янада яхши бўлар эди.

Ҳақиқий лойиҳалар билан ишлаш борасида 2 йиллик тажрибага эга дастурчилар аллақачон 1000 доллар ва ундан юқори иш ҳақи олишлари мумкин, буларнинг барчаси индивидуал бўлиб, кўп ҳолларда дастурлаш борасидаги қобилият ва ишлаётган компанияга боғлиқ. Шунга кўра, катта тажрибага эга дастурчилар жуда яхши пул олиши мумкин.

Бундан ташқари, асосий ишдан ташқари, ҳар қандай дастурчи фрилансерлик деб аталадиган учинчи томон буюртмаларини бажариши мумкин, бу эса унинг даромадини оширади”, – дейди IT Park веб лойиҳалари бош ишлаб чиқарувчиси ва менежери Максим Стифеев.

Маҳаллий бозорда Frontend, Backend, PHP дастурчисининг иш ҳақи ўртача 8-10 миллион сўмдан 20-30 миллион сўмгача, 1С дастурчида 3 миллион сўмдан, Fullstack дастурчида 10-15 миллион сўмдан 20-30 миллион сўмгача бўлиши мумкин. Миқдорлар фарқ қилади. Шунга қарамай, барчаси тажрибага, иш ҳажмига ва компанияга боғлиқ. Бунда мутахассислик муҳим роль ўйнайди.

Дастурчи янги ва кам тажрибага эга бўлса, унда иш ҳақи жуда кам бўлиши мумкин. Аммо тажриба ва билимларни ошириши билан иш ҳақи ҳам тезликда ўсишни бошлайди. Ўзбекистонда тажрибали дастурчилар ойига ўртача 1000-1500 доллар олади, дейилади IT Park маълумотида. 

Мавзуга оид