Ўзбекистон | 20:30 / 09.04.2026
8478
11 дақиқада ўқилади

Сохта имзо, тасдиғини топган жиноят ва низоли гаров: Тошкентда тадбиркор ўзгалар қилмишини деб мулкидан айрилиб қолмоқда

Тошкентда бироз ноодатий жиноят содир этилди: бир гуруҳ шахслар тадбиркорнинг мулкини сохта имзо қўйилган ҳужжат билан гаровга қўйиб, банкдан 45 млрд сўм кредит олган. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланган. Энди кредит қарздорлиги учун ундирув гаровдаги мулкка қаратилмоқда.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

Тасдиғини топган жиноят

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2024 йил 6 майдаги ҳукми билан уч киши – Анвар Исломов, Авазбек Тошматов ва Жамолиддин Парпиев жиноий жазога тортилган. Улар жуда кўп миқдорда фирибгарлик ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган.

Суд ҳужжатига кўра, судланувчилар жиноий тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни кўзлашган. Бунинг учун пухта ўйланган жиноий режа тузилган.

Жиноий режага кўра, “Armagroup” ХК раҳбари номидан Ўзсаноатқурилишбанк Чилонзор филиалига қурилиш моллари сотиб олиш учун 3 ой имтиёзли давр ва йиллик 20 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 10 млрд сўм кредит маблағлари ажратиш ҳақида мурожаат қилинган. Гаров таъминоти сифатида “Feruza Barakat Servis” МЧЖга тегишли кўчмас мулк қўйилган. Бунга асос сифатида банкка “Feruza Barakat Servis” МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 20 ноябрдаги умумий йиғилиш қарори тақдим этилган. Бироқ ушбу ҳужжат гарчи МЧЖнинг юмалок муҳри билан тасдиқланган бўлса-да, директор ва таъсисчи имзоси сохталаштирилган бўлган.

Банк ва “Armagroup” ХК ўртасида 2 та кредит шартномаси тузилиб, 20 млрд сўм кредит ажратилган. Ушбу маблағ бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобрақамига мебел жиҳозлари, маиший техника ва қурилиш моллари сотиб олиш учун ўтказилган. Бироқ харид қилинган товарлар савдосидан тушган пул кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирмасдан шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.

Шунингдек, шу усулда Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиалидан “Zamon Stroy Building” МЧЖга 10 млрд сўм кредит олишга эришилган. Бунга гаров таъминоти сифатида “Ohangaron Ilg’or Qurilish Ta’mirlash” МЧЖнинг 12,5 млрд сўмга кафиллиги, 12,5 млрд сўм суғурта полиси тақдим этилган. Бироқ бу маблағ ҳам мақсадсиз сарфлаб юборилган.

Шу тариқа, 2021 йил 30 декабр ҳолатига “Armagroup” ХК ва “Zamon Stroy building” МЧЖларнинг банк олдида кредит ҳамда ҳисобланган фоизлардан жами 31,8 млрд сўм қарздорлик вужудга келган.

Шундан сўнг судланувчилар ушбу қарздорликни сўндириш мақсадида АТБ Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиалидан 45 млрд сўм кредит олишни мақсад қилишган. Бунга гаров таъминоти сифатида “To’rtinchi Avtoxizmat” ва “Feruza Barakat Servis” МЧЖларга тегишли мулклар қўйилган. Бунинг учун банкка ушбу МЧЖларнинг кўчмас мулкларни кредит таъминотига қўйиш ҳақидаги умумий йиғилиш баённомалари тақдим этилган. Аммо бу ҳужжатларда ҳам МЧЖлар таъсисчиларининг имзоси сохталаштирилган бўлган.

Банк ва жамият ўртасида 2021 йил 30 декабр куни шартнома тузилиб, йиллик 24 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 18 ой муддатга 45 млрд сўм кредит ажратилган. Сўнгра аввалги 31,8 млрд сўм қарздорликни сўндириш учун 45 млрд сўмнинг 12 млрд 348 млн сўми “Zamon Stroy Building” МЧЖга, 20 млрд 363 млн сўми “Armagroup” ХКга ўтказилган. Маблағнинг қолган қисми турли мақсадларда ҳар хил жойларга кўчирилган. Шу тариқа, 45 млрд сўм мақсадли кредит сарфлаб юборилган.

Суд ҳукми билан Анвар Исломов ва Жамолиддин Парпиевга 8 йил 1 ой, Авазбек Тошматовга 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Етказилган моддий зарарни қоплаш учун депозитга қўйилган 8 млрд 939 млн сўм пул Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиали фойдасига ўтказилиши назарда тутилган. Судланувчилардан солидар тартибда банк фойдасига 36 млрд 60 млн сўм ундириш белгиланган.

Апелляция ва тафтиш судлари дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Мулк эгалари жиноятга шерикми?

Бош прокуратуранинг 2024 йил 20 июлдаги қарори билан “Feruza Barakat Servis” ва “To’rtinchi Avtoxizmat” МЧЖлар вакиллари ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк мансабдорларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топилган. Жиноят ишининг уларга нисбатан қисми ҳаракатдан тугатилган.

Охири кўринмаётган суд жараёнлари

Жиноий иш бўйича судланувчилар қилмиши ўз тасдиғини топиб, уларга жазо қўлланди. Яъни улар тадбиркорнинг сохта имзоси қўйилган ҳужжат билан унинг мулкларини 45 млрд сўм кредит учун гаров таъминоти сифатида тақдим этиб юборишган. Мулк эгалари ҳаракатларида эса жиноят аломатлари йўқ деб топилган.

Бироқ ажратилган кредитдан юзага келган қарздорликни ундируви гаровга қўйилган мулкларга қаратилмоқда. Бу бўйича 2022 йилдан буён давом этаётган суд жараёнларининг охири кўринмаяпти.

Ҳолат ошкор бўлгач “Feruza Barakat Servis” ва “To’rtinchi Avtoxizmat” МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Даъво аризасида жамият таъсисчиларининг сохта имзо қўйилган 2 та қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, ушбу қарорлар бўйича низоли тарафлар ўртасида тузилган барча битимларга нисбатан ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаш, шунингдек, кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Яъни таъсисчилар имзоси сохталаштирилган 2 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган. Бироқ даъво талабининг кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантириш рад қилинган. Апелляция суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 15 ноябрдаги қарори билан апелляция суди қарори бекор қилиниб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Яъни даъвонинг кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш талаби қаноатлантирилган.

Аммо орадан бир йил ўтиб, Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2024 йил 26 ноябрдаги ажрими билан банкнинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган. Шу тариқа, Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 15 ноябрдаги қарори бекор қилиниб, иш тафтиш тартибида кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 13 февралдаги қарори билан биринчи ва апеллция инстанцияси судининг қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 21 майдаги қарори билан юқоридаги суд қарори бекор қилиниб, иш апелляцияда қайта кўриш учун яна Тошкент шаҳар судига юборилган.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 4 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 27 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Унга кўра, банк вакилининг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. “Feruza Barakat Servis” ва “To’rtinchi Avtoxizmat” МЧЖлар таъсисчиларининг имзоси сохталаштирилган 2 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган. Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 14 январдаги қарори билан тафтиш шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Сўнгра Савдо-саноат палатаси Ўзсаноатқурилишбанк манфаатида судга даъво аризаси киритган. Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2026 йил 8 январдаги ҳал қилув қарори билан банк фойдасига муддати ўтган фоиз қарздорлиги билан бирга жами 70 млрд 65 млн сўм ундириш, ундирувни гаров таъминоти сифатида қўйилган “Feruza Barakat Servis” ва “To’rtinchi Avtoxizmat” МЧЖларнинг мулкларига қаратиш белгиланган.

Банк нима дейди?

Kun.uz ҳолат юзасидан Ўзсаноатқурилишбанкдан изоҳ олди. Билдирилишича, тергов ҳаракатлари давомида сўроқ қилинган гувоҳлар, айбланувчиларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган ҳужжатларга кўра, банкнинг мансабдор шахслари томонидан бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктирган ҳолда кредит ажратилгани, ҳужжатларни била туриб сохталаштиргани ва ундан фойдалангани ўз тасдиғини топмаган.

“Қолаверса, банк томонидан кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилаётган даъвогар ва шерик даъвогар таъсисчиларининг умумий йиғилиш қарорларида имзолар сохталаштирилганини билмагани ва буни билишга мажбур бўлишмагани, имзолар ҳақиқий ёки сохталигини текшириш лавозим мажбуриятларига кирмаслиги қайд этилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 6 майдаги ҳукмига кўра, иш бўйича етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида депозитга қўйилган 8 млрд 939 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг Ўзсаноатқурилишбанк АТБ Яшнобод филиали фойдасига ундириш, судланувчилар А.Исламов, А.Тошматов ва Д.Парпиевдан солидар тартибда Ўзсаноатқурилишбанк АТБ Яшнобод филиали фойдасига 36 млрд 60 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган. Бироқ айбланувчилар томонидан мазкур зарар бугунги кунга қадар қопланмаган”, дейилади банк маълумотида.

Шунингдек, маълумотда суд қарорига нисбатан банк ёки бошқа бирор бир ташкилот баҳо беришга ҳақли эмаслиги, суд қарорининг қонунийлиги фақатгина юқори инстанция судлари томонидан кўриб чиқилиши эслатиб ўтилган.

Ҳозир вазият қандай?

Охирги суд ҳужжатларига кўра, айни вақтда ундирув гаров таъминоти сифатида қўйилган мулкларга қаратилмоқда.

Маълум бўлишича, даъвогар томон судда ютган вақтида мулкка қўйилган тақиқ ечилган. Ҳозирда гаров таъминоти сифатида қўйилган мулк ўрнида кўп қаватли уй қурилган. Ушбу “дом”даги хонадонлар юздан ортиқ одамга сотилган.

Агар ундирув мулкка қаратилиб, бу амалга ошса, шунча одам сотиб олган ўз уйларига мулк ҳуқуқини ололмасдан сарсон бўлиш ва зарар кўриш хавфи юзага келмоқда.

Охири нима бўлади?

Банк етказилган зарарни ундириш ҳаракатида. Ундирув қаратилаётган мулклар эгаси эса содир этилган жиноятга ва етказилган зарарга алоқадор эмаслиги боис “нега бировларнинг қилмиши учун емаган сомсага пул тўлашим керак?” демоқда. Соддароқ айтганда бировларнинг қилмиши учун мулкидан айрилиб қолиш ниятида эмас.

Бу ишнинг охири нима билан тугашини вақт кўрсатади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид