Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Армия ҳимоясидаги” педагоглар ва кичик бизнес учун солиқ ислоҳоти — ҳафта дайжести
Ўқувчини калтаклаган ўқитувчига баҳсли муносабат: педагог обрўси учун ҳуқуқий меъёрларга кўз юмилди. Солиқ сиёсатида жиддий бурилиш: кичик бизнес учун эркинликлар доираси анча кенгайди. Тошкент–Самарқанд пулли йўли 2,2 млрд долларга баҳоланди: лойиҳани Хитой компанияси амалга оширади. Олий аттестация комиссиясининг 10 йиллик раиси ишдан олинди: илмий даража олиш тизими ислоҳ қилинмоқда.
5 кунлик дам олиш билан ўтган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Ўқувчи ва ўқитувчи жанжали: фақат бир томон жазо олди
Мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинган ҳафта қизиқ бир воқеа билан ёдда қолди. Тошкентдаги мактабда 9-синф ўқувчиси ва ўқитувчи ўртасида юзага келган жанжал – нафақат жамиятда, балки энг юқори расмий доираларда ҳам педагогларнинг обрўси ҳақидаги муҳокамаларни келтириб чиқарди ва якунда давлат тўлиқлигича ўқитувчи томонда эканини эълон қилди.
Воқеа Мирзо Улуғбек туманидаги 275-мактабда рўй берган. Камера ёзувларига қараганда, синфдаги икки йигит дарсга халал бериб, бир-бирига сув сепа бошлаган. Ўқитувчи уларни хонадан ташқарига чиқармоқчи бўлганида, ўқувчилардан бири “қўлингни ол” дея сенсираган, эркак муаллим бу гапни кўтаролмай, болага шапалоқ тортиб юборган. Ўқувчи ҳам бунга жавобан устозига қўл кўтарган ва икки ўртада муштлашув бошланиб кетган.

Расмий репортаждан маълум бўлишича, бу икки йигитчанинг хулқи аввалдан яхши бўлмаган, улар иштирокида бир неча марта жанжаллар рўй берган ва ота-оналари мактабга чақиртирилган. Хусусан, охирги воқеадан икки ҳафта олдин улардан бири аёл ўқитувчини ҳам сенсираб, ҳатто сўккан. “20 йиллик стажимда ҳали бирон марта биронта ўқувчи сўкиб ҳақорат қилмаган”, дейди воқеани кўзда ёш билан сўзлаб берган муаллима.
Болаларнинг устозига ҳурматсизлик қилиши биринчи марта эмаслиги, воқеа видеоси интернетда кенг тарқалиб кетгани каби омиллардан келиб чиқиб, расмий доиралар: “Ўртада бутун мамлакатдаги педагогларнинг мавқейи турибди” деган тўхтамга келди ва ўқитувчини айбсиз деб эълон қилди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев мактабда ўтган йиғилишда педагогга нисбатан очилган жиноят иши тугатилганини маълум қиларкан, мактаб жамоаси бу қарорни олқишлар билан қабул қилди.
“Ҳар битта ўқитувчига нисбатан кўтарилган қўл, ҳақорат жавобсиз қолмайди. Фарзанднинг тарбиясига бевосита ота-она жавобгар. Устоз Зокир Омоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши батамом тугатилди”, – деган Султонхўжаев.
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Жўраев йиғилишдаги нутқида республикадаги барча ўқитувчиларга мурожаат қилди:
“Бутун республиканинг ўқитувчилари эшитиши керак: сизлар муҳтарам президентимиз, администрация раҳбарияти ҳимоясидасизлар. Бутун Ўзбекистоннинг ўқитувчилари, ота-оналар, ўқувчилар билиши керак бу нарсани! Сизларнинг орқаларингизда армия бор, погонлилар бор, генераллар бор!”

Жиноят иши тугатилганини изоҳловчи расмий хабарда “муаллим дарс жараёнини ва ўз касбий шаънини қонуний доирада ҳимоя қилгани” айтилади. Интизомни бузган ўқувчиларнинг ота-оналари эса маъмурий жавобгарликка тортилган.
Давлат бундай позиция билдириш орқали педагогларнинг ёш авлод олдидаги авторитети ҳақида қайғургани, ҳозирги давримизнинг эрка болалари ва айрим ота-оналар қаршисида ўқитувчини намойишкорона ҳимоя қилгани – жамиятнинг катта қисми томонидан илиқ қабул қилинди. Лекин бу ўринда вазиятга берилган расмий баҳо баҳсли эканини айтмаслик – нохолислик бўлур эди.
Тергов хулосаси қанақалигидан қатъи назар, факт фактлигича қолади: бу воқеада биринчи бўлиб ўқувчи эмас, ўқитувчи қўл кўтарган, тан жароҳати олган болани шифохонага олиб боришга тўғри келган. Вояга етмаган шахсга шапалоқ тортиш ва у билан ёқалашиб кетиш – на ҳуқуқий, на педагогик мезонларга мос келади. Шу боис расмий изоҳдаги “касбий шаънини қонуний доирада ҳимоя қилган” деган жумланинг “қонуний доирада” деган қисмига қўшилиб бўлмайди. Қонуний доирада фикрласак, тарбияси оғир болаларга нисбатан энг юмшоқ таъсир чораларидан бошлаб, то тарбия колониясига жойлаштиришгача бўлган тизимли чоралар босқичма-босқич ишлаши керак.
Ўқитувчиларнинг мавқейига келсак, уларнинг ижтимоий статуси шак-шубҳасиз кўтарилиши лозим. Лекин хулқи ёмон ёки қони қайноқ ўсмир йигитчалар билан тўқнашувларда устознинг тарафини олиш билангина, бунга эришиб бўлмайди. Охирги йилларда педагоглар обрўсини ошириш, эркак ўқитувчиларни мактабларга қайтариш учун бир қатор чоралар кўрилганига қарамай, амалда ўқитувчилик ҳалигача энг кам маош тўланадиган касблар қаторида қоляпти. Ёки бўлмаса, мактаб таъмирига бюджетдан етарлича пул ажратилмаслиги оқибатида, кўп ҳолларда устозлар ҳамон ота-оналардан пул йиғиб юришга мажбур.
Қолаверса, ўқитувчи шаънини оёқости қилаётган мансабдорлар ҳам тез-тез учраб турибди ва уларнинг ҳаммасига ҳам жазо муқаррар бўлаётгани йўқ. Охирги мисоллардан бири – Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов, у феврал ойида ўқитувчилардан ноқонуний пул йиғган, бу қилмиши ошкор бўлиб қолганидан кейин ишдан олинган эди. Лекин кўп ўтмай, энди ҳоким даражасидаги амалдор ўқитувчилар шаънини оёқости қилди, лекин унга бирор бир жазо бўлгани йўқ. Ёдингизда бўлса, март ойида Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев битта мактаб ўқитувчиларини автобусга чиқариб, ҳокимликка олиб борган ва у ерда жазо тариқасида салкам 1 соат тик оёқда турғизиб қўйган эди. Бундай камситиш учун ҳокимга нисбатан жавобгарлик масаласи кўрилганми-йўқми, шу пайтгача маълум эмас.
Кичик бизнесга кенг кўламли солиқ эркинликлари эълон қилинди
Ҳайит арафасида, аксарият тадбиркорлар учун ёқимли янгиликлар эълон қилинди. Гап – солиқ сиёсатидаги муҳим бурилиш ҳақида кетяпти. Президент фармонига кўра, 1 июндан эътиборан умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 1 млрд сўмдан қарийб 5 млрд сўмгача оширилади. Худди шу санадан эътиборан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлар учун 6 фоизлик ҚҚСни назарда тутувчи янги тартиб кучга киради.
Бу янгиликларни солиқ сиёсатидаги катта бурилиш, дея таърифлаганимиз бежиз эмас. 2018-2019 йиллардаги қизғин муҳокамалардан кейин қабул қилинган янги Солиқ кодекси, ўз моҳиятига кўра, вақт ўтиши билан борган сари кўпроқ корхоналарни умумий солиқ режими билан қамраб олишни, бу орқали қўшилган қиймат занжирига асосланган шаффоф иқтисодиёт қуришни кўзда тутар эди. Шунинг учун ҳам айланмадан олинадиган солиқ режимидан ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига ўтишдаги 1 млрд сўмлик чегарани ошириш аввалбошдан режа қилинмаганди. Амалда эса, ҚҚС билан боғлиқ муаммолар гирдоби – 1 млрд сўмлик айланмага бориб қолишни кичик бизнеснинг энг катта қўрқувига айлантириб қўйди. Йиллар давомида тўпланиб борган инфляция сабабли, 2024-2025 йилларга келиб бу қўрқув рўёбидан қочиб қутулишнинг иложи бўлмай қолди. Натижада ҳукумат расмийлари билан мулоқотларда кичик бизнес сўрайдиган энг асосий нарса – чегарани ошириш бўлиб қолганди.
ҚҚСга ўтиш чегараси аниқ суммада белгиланмасдан, базавий ҳисоблаш миқдорига боғлаб қўйилгани – ўйин қоидасининг жиддий ўзгаришини англатади. Бу, бир томондан, бюрократия ва бухгалтериядан қочадиган кичик бизнес учун – ўзи ўрганган, ортиқча даҳмазаларсиз, энг осон солиқ режимида қолиш ва эркин нафас олиш имкониятини кенгайтиради; 5 млрд сўмгача бўлган айланмаларнинг расмийлашиши ҳисобига, иқтисодиёт оқариши учун шароитни яхшилайди. Иккинчи томондан эса, ўсиш ва кенгайиш йўлидаги тадбиркорлар учун бизнесни бўлакларга бўлишга рағбат пайдо бўлади.
Фармонда икки хил солиқ режими ўртасидаги улкан тафовутни камайтирувчи муҳим механизм ҳам қўзда тутилган. Унга кўра, 1 июндан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси, хусусан умумий овқатланиш тармоғи учун ҚҚС бўйича соддалаштирилган тартиб кучга киради. Бу тартиб доирасида тадбиркор айланмага нисбатан 6 фоиз ҚҚС тўлайди, фойда солиғидан озод бўлади, солиқ ҳисоботи топширмайди. Санаб ўтилган енгилликлар эвазига, бу режимдаги тадбиркор ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини қайтариб ололмайди. Бошқача айтганда, бу солиқ режимини айланмадан олинадиган ҳозирги 4 фоизлик солиқнинг 6 фоизлик шакли дейиш мумкин. Тадбиркорлар учун бунинг плюслари кўп, лекин масаланинг юқорида айтиб ўтганимиз макроиқтисодий жиҳатини бу ерда ҳам кўриш мумкин: ҚҚС бўйича соддалаштирилган тартиб йирик корхоналар учун амал қилмайди, бу эса ўрта ҳажмдаги корхонанинг йириклашиш йўлида тескари рағбатни яратиб қўйиши мумкин.
Умуман олганда, янги қоидалар гарчи назарий жиҳатдан идеал бўлмаса ҳам, солиқ масаласида жуда кўп тадбиркорлар дуч келиб турган муаммоларга реал ечим бериши шубҳасиз.
Фармондаги бошқа янгиликлар ҳам анча залворли. Хусусан, бизнес учун роса бошоғриқ бўлган ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш тартиби бекор қилинди. Ҳар қандай импортёр мажбурий тартибда ҚҚС тўловчисига айланиб қолиши ҳақидаги қоида ҳам чиқариб ташланяпти, яъни ҳатто ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳам расмий импорт билан шуғулланишга йўл очилиши кутиляпти.
1 июлдан бошлаб банкдаги ҳисоби музлатиб қўйилган тадбиркор солиқ органига тушунтириш ёки тузатиш тақдим этган тақдирда, унинг банк ҳисоби автоматик блокдан чиқарилиши керак. 1 октябрдан бошлаб эса, солиқ хавфи даражаси паст ҳолатларда ҚҚСнинг манфий фарқи инсон омилисиз, автоматик тарзда қайтариб берилиши назарда тутиляпти.
Шунингдек, солиқдан қочиш гумони 100 млн сўмдан кам бўлган ҳолатларда сайёр солиқ текширувига рухсат берилмайди. Яъни 10 млн, 50 млн ёки ҳатто 90 млн сўм солиқ яшириляпти деган гумон бўлганда ҳам, солиқ ходимлари кичик бизнес эгасининг дўконига ёки омборига бориб текширув ўтказилишига йўл қўйилмайди. Солиқ хавфи суммаси 500 млн сўмдан кам бўлса, солиқ аудити ўтказишга ҳам рухсат берилмаслиги белгилаб қўйилди. Солиқ текширувларига оид бундай чеклов 2028 йил 1 январгача амал қилади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Кўмир нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинадиган бўлди. Бу ҳақдаги таклифлар сешанба кунги йиғилишда давлат раҳбари томонидан маъқулланди. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир ижтимоий товарлар рўйхатидан чиқарилади ва унинг нархи биржада, талаб ва таклифга қараб шаклланади. Бозор механизмларига ўтишда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий реестрга киритилган оилалар mycoal.uz портали орқали кўмир сотиб олганда, жорий йилда 600 минг сўмгача бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Шунингдек, импорт кўмир сифати бўйича талаблар оширилиб, янги стандартларга мос келмайдиган импорт кўмирга тақиқ қўйилиши кутилмоқда.
Олий аттестация комиссиясини 10 йилдан кўпроқ бошқарган Аҳмадбек Юсупов лавозимидан олинди. У илмий кадрлар малакасини тасдиқлаш соҳасига узоқ 2015 йил ноябр ойидан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди. Аввалроқ Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов илмий ишларда плагиат кўпайиб кетгани, Ўзбекистон “қароқчи” илмий журналлардаги мақолалар сони етакчига айланиб қолганини айтиб, ОАК фаолиятини танқид қилган, комиссия эса унга раддия берган эди. Юсуповнинг истеъфоси – Аюпов ва бошқа масъулларнинг давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотидан кейин рўй берди. 26 май куни имзоланган президент фармони билан кўра, ОАК Фанлар академияси тизимига ўтказилди ва 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даража беришдаги қатор талаблар бекор қилинадиган бўлди. Комиссиянинг янги раиси ҳозирча маълум эмас.
Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли қурилиши июл ойида бошланади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотдан кейин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтни Самарқанд билан боғловчи пулли трасса қуриш бўйича тендерда Хитой компанияси ғолиб деб топилган. 282 километрлик лойиҳа қиймати 2 млрд 185 млн долларга баҳоланяпти. Асосий молиялаштириш манбаси Хитой банклари бўлиши кутилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш устидан сифат назоратини олиб бориш учун халқаро компания жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
Тошкент билан боғлиқ яна иккита пулли йўл лойиҳаси илгари сурилди. Пойтахт ҳокимлиги хабарига кўра, шаҳар атрофида қарийб 100 километрлик пулли ҳалқа автомобил йўлини қуриш масаласи кўриб чиқиляпти. Бу таклиф ҳоким Умрзоқовнинг Хитойга ташрифи давомида муҳокама қилинган. Ҳалқа йўлидан ташқари, янги халқаро аэропортни шаҳар маркази билан боғловчи пулли йўл қурилиши варианти ҳам бор. Бундан ташқари, хитойлик инвесторлар билан Тошкент шаҳридаги дренаж тизимини яхшилаш учун 400 млн долларлик келишувга эришилгани хабар қилинди. Инвесторнинг харажатлари ва фойдаси узоқ истиқболда шаҳар бюджетининг янги даромад манбалари ҳисобидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.
Эртага, 1 июндан эътиборан газ ва электр энергияси тарифлари ошади. Аввалги йилдаги каби, бу йил ҳам аҳоли олдиндан тўлов қилган ҳолда, икки ой давомида эски тарифлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Яъни 1 июнгача газ ва свет учун икки ойга етадиган олдиндан тўлов қилиб қўйган истеъмолчилар учун янги тарифлар амалда 1 августдан бошлаб кучга киради. Ҳукумат қарорига кўра, бу тартиб базавий меъёр доирасида ҳам, базавий меъёрдан ортиқ истеъмол учун амал қилиши керак. Юридик шахслар учун аванс тўлов эвазига эски тарифлардан фойдаланиш муддати 1 ойни ташкил этади. Маълумот ўрнида, Жаҳон метеорология ташкилоти 28 май куни эълон қилган прогнозга кўра, 2027 йил – кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
16:49 / 30.05.2026
“Болага ҳатто ота-онанинг кучи етмаяпти” — мактаблардаги интизом ҳақида суҳбат
12:40 / 30.05.2026
Кичик бизнесга кенг кўламли солиқ эркинликлари эълон қилинди (батафсил)
18:31 / 26.05.2026
Кичик бизнес учун ҚҚСга ўтиш чегараси оширилди
17:31 / 26.05.2026