Ўзбекистон | 11:23 / 09.08.2021
20842
10 дақиқада ўқилади

«Нашр эт ёки йўқ бўл» - Ўзбекистонда сифатсиз «олимлар» кўпайиши омиллари

Ўзбекистонда мақолалар сони илмий салоҳиятни аниқлашнинг умумий кўрсаткичига айланиб улгурган. Ҳукуматлар ва муассасалар ушбу кўрсаткични лавозимга кўтарилиш ва ишга қабул қилишнинг муҳим мезони сифатида тобора кўпроқ қўлламоқда. Eurasianet.org ўзбек тадқиқотчилари чет элда нашр этаётган мақолаларнинг 98 фоизи обрўйи йўқ журналларда чиқаётгани ҳақида ёзди. Инновацион ривожланиш вазирлигининг баёнотига кўра, мақолаларнинг 45 фоизи сифатсиз журналларда чоп этилган. Аслида-чи?

Фото: Getty Images

Eurasianet.org ўзбекистонлик олимлар чет элда обрўйи йўқ бўлган «йиртқич» журналларда ўз ишларини нашр этаётгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.

Таҳририят Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими — Бахтиёр Эшчанов, шунингдек, Кабулбек Абдураимов, Мавлуда Ибрагимова ва Рўзимбой Эшчановнинг «Нашр этинг ёки йўқ бўлиб кетинг» - Ўзбекистон тажрибасига асосланган баъзи мулоҳазалар» сарлавҳали мақоласига эътибор қаратган.

Ушбу мақолада бу муаммонинг келиб чиқишига икки сабаб борлиги, булардан бири маҳаллий, бошқаси глобал тенденциядан юзага келганига урғу берилган.

Биринчи омил – мамлакатдаги бюрократия. Илмий ишлар тарихан илм-фан тараққиётининг пойдевори бўлиб келган. Сўнгги 5-10 йилликда мақолалар сони илмий салоҳиятни аниқлашнинг умумий кўрсаткичига айланди. Ҳукуматлар ва муассасалар ушбу кўрсаткични лавозимга кўтарилиш ва ишга қабул қилишнинг муҳим мезони сифатида тобора кўпроқ қўлламоқда. Хусусан, Ўзбекистон Олий Аттестация Комиссияси, Фанлар Академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги академиклардан илмий мавқейини ва рақобатбардошликни сақлаб қолиши ва юқори лавозимларни эгаллашни хоҳласа, тез-тез ўз мақолалари хорижда нашр этилишини талаб қилади.

Аттестация комиссиясининг «амалда имконсиз» талабларидан яна бири шундаки, докторантлар камида 10та мақола (шу жумладан, чет элда) чоп эттиришлари керак. «Нашр эт ёки йўқ бўл» тамойили илмий муҳитнинг асосий тенденциясига айланди. Энг яхши ва савияли журналларда нашр этиш қийин ва кўп вақт талаб қиладиган жараён. Бу жуда катта меҳнат талаб қилади.

Муаллифлар таъкидлаганидек, талаб сифатга эмас, сонга ва хорижда нашр этилишига боғлиқ бўлиб қолган. Бунга 2010 йилда киритилган талаблар асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатилган. Илмий муҳитда қолиш, маълум лавозимни эгаллашни хоҳлаган тадқиқотчилар сифатга эмас, сонга ишлаши, сохта тадқиқотларга берилиб кетиши кучайган. Шунингдек, мамлакатдаги бирорта илмий муассасада тадқиқотларни осонлаштириш сиёсати йўлга қўйилмаган.

Иккинчи омил — глобал миқёсида очиқ журналларга ўтиш. Бу нисбатан янги ҳодиса эди. Натижада «йиртқич» журналлар пайдо бўла бошлади.

Муаммони очиб бериш учун, 2016 йилдан 2019 йилгача ўз мақолаларини чет элда нашр қилган ўзбек олимларининг миқдори кўрсатилган. Ушбу давр мобайнида 1110 нафар ўзбекистонлик олимлар 610та халқаро журналда 2500та мақола ёзган. Кейин мақолалар нашр этилган журналлар кўриб чиқиш давомийлиги, топшириш жараёни, таҳрирловчилар учун алоқа маълумотлари мавжудлиги, нашр этиш харажатлари (баъзи «йиртқич» журналлар 80 доллар атрофида), журналлар қаерда жойлашгани (ажабланарлиси шундаки, кўпчилик «йиртқич» ноширлар Европа мамлакатларида ва АҚШда рўйхатга олинади, чунки тадқиқотчилар бу мамлакатларда жойлашган нашриётларни ишончли деб ҳисоблашади) нуқтайи назаридан ўрганиб чиқилган.

Таҳлилларга кўра, 2010 йилгача бўлган даврда ўзбек тадқиқотчиларининг 90 фоизи ишончли халқаро журналларда синф тестларидан ўтгани маълум бўлган. 2010 йилдан кейинги даврда эса бу кўрсаткич йилдан йилга пасайиб борган. 2018 йилга келиб, бу бор-йўғи 2 фоизни ташкил этган. Бошқача қилиб айтганда, ҳар 100та илмий мақоладан 98таси «йиртқич» нашрларда чиққан. Нуфузли журналларда камдан кам чиққан илмий ишлар асосан, физика ва кимё соҳасига алоқадорлиги қайд этилган.

Eurasianet.org янгиликлар лентасидаги Девид Триллингнинг ушбу мақоласига Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Қайд этилишича, 2017-2020 йилларда Scopus маълумотлар базасида ўзбекистонлик олимлар томонидан жами 5 минг 754та мақола чиқарилган (2017 йилда – 594, 2018 йилда – 654, 2019 йилда – 1531 ва 2020 йилда – 3536та). Мазкур мақолаларнинг бир қисми ҳақиқатан ҳам Scopus маълумотлар базасидан кейинчалик чиқариб ташланган журналларда чоп этилган.  

Вазирлик изоҳича, 2017 йилда Scopus’дан 1та мақола 0,1 фоиз, 2018 йилда 7та мақола ёки 1 фоиз, 2019 йилда 220та мақола ёки 14,4 фоиз, 2020 йилда 1604та мақола ёки 45,4 фоизи чиқариб ташланган. Мақолаларнинг 45 фоизи сифатсиз журналларда чоп этилиши ҳам анчайин катта ва аянчли кўрсаткич ҳисобланади.

Мутахассислар фикри

«Билимлар карвони» ННM директори Фарҳод Толипов сифатсиз тадқиқотчиларнинг кўпайишини бевосита Олий аттестация комиссиясининг консерватив ва замонга мос келмайдиган талаблари билан боғлади.

«Илмий мақолаларнинг сифатига эмас, сонига эътибор бериш Ўзбекистондаги илмий муҳитда кўп йиллардан бери ечилмай келаётган иллатдир. Аслида бу муаммо илмий асарлар учун белгиланган талабларга бориб тақалади. Олий аттестация комиссияси PhD ёки докторлик ишини ҳимояга олиб чиқиш учун хорижий нашрларда илмий мақолалар чоп этилган бўлиши кераклиги бўйича талаб қўйиб қўйган. Шу туфайли илмий тадқиқотчилар қандай қилиб бўлмасин тезкор равишда мақола ёзиб, хорижда чоп этишга интилади. Натижада кўпчилик сифатсиз журналларнинг «пуллик хизматлари»дан фойдаланмоқда. Тезкорлик сифатга нисбатан кўпроқ баҳоланмоқда.

Бир томондан, бу нарса илмий изланувчининг ўзига ҳам бориб тақалади. Қилаётган ишига жиддий ёндашиб, меҳнатини тўғри баҳолаши керак. Бошқа томондан, буларнинг ҳаммаси Олий аттестация комиссиясига бориб тақалади. Ҳозирги кунда кўпчилик олимлар ҳам таъкидламоқдаки, ОАК жуда консерватив ташкилот бўлиб, унинг талаблари ҳозирга замонга мутлақо мос эмас. Фан соҳасида илмий эркинлик деган тушунчалар бор, олим эркин бўлиши керак. У ўз ишини қандай услубият билан ёзади, қай кўринишда олиб боради, қандай манбалардан фойдаланади, қайси нашриётда чоп этади, буларнинг барини ўзи ҳал қилиши керак.

Академик эркинлик Ўзбекистонда яхши йўлга қўйилмаган ва ОАК фаолияти ва унинг тамойиллари бунга халал беряпти. Дунёдаги обрўли ва нуфузли университетларда илмий унвонлар университетларнинг ўзлари томонидан, ўзларининг талаблари асосида берилади. ОАКга ўхшаш ташкилотлар мавжуд ҳам эмас», деди Фарҳод Толипов.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети маърузачиси, PhD Умиджон Ахунжанов ўзининг Kun.uz’дa эълон қилинган мақоласида ўзига таниш бўлган гуманитар соҳада илм ва тадқиқот нималигини тушунмайдиган «олимлар» тайёрлашда давом этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтиб, биздаги бир қанча мантиқсизликларни санаб ўтганди. Хусусан, биздаги мантиқсизлик илмий раҳбар тайинлашдан бошланишини, илмий раҳбар илмий салоҳиятига қараб эмас, балки «нуфузи», таниш-билишлари, «каттароқ» лавозимда ўтирган-ўтирмаганига қараб танланишига урғу берган.

«Нега дейсизми? Чунки бунақа раҳбар билан соҳада жуда авж олиб кетган бюрократик тўсиқларни осонроқ енгиб ўтиш мумкин. «Сиз зўрсиз, ҳурматингиз баланд» қабилида ишлар осонроқ битади. Чет элда эса илмий раҳбар илмий салоҳияти, етакчи халқаро журналларда чиқарган мақолалари ва бошқа шу каби кўрсаткичларга қараб танланади», дея таъкидлаган мутахассис.

Шунингдек, у Олий аттестация комиссияси (ОАК)да илмий ишлар мавзулари танланиши чет элдаги самарали стандартларга умуман мос келмаслигини ҳам айтиб ўтганди.

Аввалроқ, Буюк Британия Абердин университети магистри, Зангиота 2-коронавирусга ихтисослашган клиник шифохонаси Радиология бўлими мудири Маъруфжон Салоҳиддинов ҳам илмий фаолият ва тадқиқотлар борасида кундан кунга орқада қолаётганимиз борасида фикр билдириб, Ўзбекистонда айниқса уч йиллик PhD стипендияси бўйича ўқиётган номзодлар деярли ҳар ҳафта кераксиз ҳисоботлар билан машғул бўлишга мажбурлиги, бу эса ўз навбатида вақтдан ютқазиш, ортиқча стресс ва илмий ишга бўлган қизиқишнинг сўнишига олиб келаётганига урғу берганди.

«Илмий ишларнинг асосий қисми аниқ ва табиий фанлар йўналишларида бажарилади. Ҳолбуки, ушбу илмий ишнинг асосий қисми бўлмиш методологияси учун лаборатория ускуналари, реагентлар, техник қурилмалар ва бошқа инструментлар керак бўлади. Ушбу ускуналарнинг қимматлиги, олиб келишдаги божхона муаммолари ва ягона платформанинг йўқлиги илмий иш бошламасдан олдин тугашига олиб келади», дея таъкидлаган Маъруфжон Салоҳиддинов.

Ўзбекистонда илмий ишларга ва тадқиқотларга қанча маблағ ажратилмоқда?

Илмий-инновацион фаолият бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 2018 йилда 198 млрд сўм, 2019 йилда 324 млрд сўм, 2020 йилда 428,2 млрд сўм миқдорида маблағлар ажратилган.

Нидерландиянинг IN ME журналида чиққан инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон Республикасида инновацион ривожланиш» номли мақоласида 2021 йилда инновацион илмий тадқиқотларни бюджетдан молиялаштиришга 514,2 млрд сўм (ЯИМнинг 0,09 фоизи) ажратилишини маълум қилган.

Солиштирадиган бўлсак, илмий ишларга ва тадқиқотларга ажратиладиган бюджет тақсимоти ЯИМга нисбатан Жанубий Кореяда – 4,55, Исроилда – 4,54, Швецияда – 3,33 фоизни ташкил қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, эскича усулдаги ишлар кечиктирилгани сайин жамиятда сифатсиз олимлар сони ортиб бораверади. Бунақа олимлар эса ўз ўрнида ўзига мос шогирдлар тайёрлайди. Дунё шиддат билан ўзгаряпти. «Стоп» тугмасини босиб, тўла янги тизимга ўтишга қурбимиз, имкониятимиз етади, бироқ буни негадир кечиктиряпмиз.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид