31 май куни миллий матбуот марказида Олий аттестация комиссияси раҳбарияти иштирокида «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа ходимлари, мутахассислар, ёш олимлар, эркин тадқиқотчилар ва журналистлар иштирок этди.

«Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Илм-фанда ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда комиссиямиз тизимида ҳам қатор ўзгаришлар қилинди. ОАК фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда рейтинги юқори 30 та олий таълим муассасаси қаторига кирган олийгоҳларга имтиёзлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган идоравий мансуб олий таълим муассасалари кенгашларига синов тариқасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб талабгорларни бевосита доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларида, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқи бериш кўзда тутилган», деган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК раиси Аҳмадбек Юсупов.

Матбуот анжуманида қатнашган Kun.uz мухбири илмий кадрлар аттестацияси тизимини қулайлаштириш билан боғлиқ кутилаётган 5та муҳим ўзгариш ва улардан кўзланаётган ижобий натижалар ҳақида маълумот келтирди:

1. Республиканинг энг яхши 30та олийгоҳи рўйхатига кирган олий таълим муассасалари кенгашларига, Фанлар академияси тавсия этган илмий-тадқиқот муассасалари кенгашларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган ОТМ кенгашларига синов тариқасида 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб талабгорларни бевосита доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларида, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқи бериш кўзда тутилмоқда. Бу талабгорларнинг илмий унвонларини олиш жараёнини соддалаштириб, уларнинг нашрчилик фаолиятини фаоллаштиради, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида рақобатни шакллантиради. 

2. Фақат олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларига киришда чет тили бўйича имтиҳонни топширишни сақлаб қолган ҳолда 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топшириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу чет тилидан такрорий имтиҳон топшириш мажбуриятидан халос этади ва тадқиқот мавзусига кўпроқ вақт ажратиш имконини беради.