Жамият | 23:45 / 11.05.2020
42343
10 дақиқада ўқилади

«Илҳақ» бизга умид бера оладими? Баҳслар мавзуси бўлган фильм ва ўзбек киноси ҳақида

Иккинчи жаҳон уруши – инсоният кўксидаги очиқ яра. Бу яра ҳеч қачон буткул тузалмайди. Шу боис ҳам орадан йиллар кечса-да, у ҳануз кўплаб санъат асарлари учун аччиқ «хамиртуруш» вазифасини ўтаб келмоқда.

Ҳа, қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритган, бани башар тақдирини кутилмаганда издан чиқариб юборган бу беъмани урушдан (урушнинг маънилиси бўлмайди, аслида) кейинги авлодларга минг йилларга татигулик изтироблар, хотиралар ва унутилмас сабоқлар қолди.

9 май куни Ўзбекистон телеканалларида премьераси бўлиб ўтган «Илҳақ» фильми ҳам мана шу ўлмас ва оғриқли мавзу ҳақида.

Бугун «Илҳақ» ҳақида жамоатчилик ва мутахассислар орасида аллақачон баҳслар бошланиб улгурди. Яъни фильм атрофида турли эътироф ва эътирозлар янграмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур фильм ўзбек томошабинини таъсирлантириш баробарида, аудиторияда ўзига хос муносабат тўлқинини ҳам уйғота олди.

Ушбу мақолада балиқ ови пайтида қармоқ учига чувалчанг ёки бошқа нарса илиш керак эди, деб ақл ўргатиш йўлидан бормоқчи эмасмиз. Чунки балиқ аллақачон қармоққа илиниб бўлди – фильм намойиш этилди. Зотан, энди чувалчанг ҳақида эмас, балки балиқ ҳақида сўз юритишимиз тўғрироқ ва мантиқлироқдир.

Албатта, фильмни бошдан-оёқ таҳлил қилиш анча куч ва ҳажмни талаб қилади. Шу боис асарнинг айрим қабариқ нуқталарига асосланган ҳолда, баъзи фикрларни баён этишни лозим топдик.

Фильм Иккинчи жаҳон урушида беш нафар фарзандидан жудо бўлган ўзбек аёли – Зулфия Зокированинг аянчли қисматига бағишланган. Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигидаги мазкур картина марказида меҳр-муҳаббат ва сабр-у матонат тимсоли – Она образи туради.

«Илҳақ»да уруш ҳақидаги кенг тарқалган клише – қолиплардан кенг фойдаланилгани бор гап. Шу боис фильмни томоша қилар экансиз, уруш тўғрисидаги баъзи фильм ва адабий асарлар, хусусан, Саид Аҳмаднинг «Уфқ» трилогиясидаги «Қирқ беш кун» (Катта Фарғона каналининг қурилиши), «Ҳижрон кунларида» (Баҳодир Аҳмедов ижросидаги Мэлснинг урушдан қочиши) ва Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романи (фронторти машаққатлари, Нигора Каримбоева ижросидаги Саиданинг раисга ўйнаш бўлиши), Саида Зуннунованинг «Руҳ билан суҳбат» достони (Элга тўй берган бева аёл – Дилором Каримова ижросидаги Зулфия аянинг марҳум эри билан унсиз суҳбати) беихтиёр ёдингизга тушади. Аммо фильмдаги ҳар бир кадрда ўзига хос самимият ва ўзбекона руҳ уфуриб туради. Яъни асарнинг таг заминида инкубатордан чиққан сунъий сценарий эмас, балки бадиий асар ётгани яққол сезилади.

Фильмдаги диалоглар пухта тузилган. Унда сўнгги йилларда яратилаётган «хонтахта»ларга хос бачканалик, зўраки кулги, ортиқча оҳанжама ва баландпарвоз сўзамоллик йўқ. Балки буни фильм ижодий гуруҳ таркибидан таниқли сўз санъаткорлари Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Шуҳрат Ризаев кабилар жой олгани билан ҳам изоҳлаш мумкиндир.

Фильм воқеалари хронологик тарзда – тадрижий равишда ривожланиб боради, экспозиция бизни асар тугуни сари етаклайди. Яъни фильмда янги давр кинематографиясига хос ретроспектив тасвирлар, ночизиқли сюжет элементларидан деярли фойдаланилмайди. Аммо буни фильмнинг камчилиги сифатида баҳолаш тўғри эмас. Чунки жаҳон кино хазинасида айни услубда суратга олинган кўплаб асарларни учратиш мумкин.

Эътибор берсангиз, Фарғона канали қурилиши билан бошланган илк оммавий саҳнадаги талотўп қўйнидан Она образи алоҳида ажралиб чиқади ва у кадр маркази – кўприк ўртасига келиб тўхтайди. Айни мана шу тасвир орқали фильмда Она тимсоли марказий ўринда туришига ишора қилинади. Шу асно фильм қаҳрамонлари билан бирма-бир таништирилиб, уларнинг ҳаёти ва характерига оид дастлабки чизгилар берилади.

Режиссёр фильмнинг илк саҳналарида контраст усули – қаршилантириш санъатидан усталик билан фойдаланади. Яъни у бахт манзарасини қуюқ ва ёрқин бўёқларда акс эттирар экан, тинч-тотув ҳаётга, пишиқчилик палласидаги гўзал табиат манзарасига, фильм қаҳрамонларидан бирининг ўқишга киришию, яна бирининг эса ўғил фарзанд кўришига, ва ниҳоят, тўй тасвирларига алоҳида урғу беради. Гўё шодон дамларнинг адоғи йўқдек, гўё бу саодатли кунларга ҳеч ким, ҳеч нарса дахл қила олмайдигандек, бахт эса мангу яшаб қоладигандек. Аммо биргина шум хабар барча қувонч-у шодликларни йўққа чиқаради.

Уруш аталмиш балонинг вайронкор кучига илк бор ундан дарак олиб келаётган машинанинг болалар қурган сомон уйчани эзғилаб ўтиши орқали ишора қилинади. Тўй эса аза кайфиятини олади. Уруш ҳақидаги даҳшатли хабар одамлар кайфиятига нечоғлик қаттиқ таъсир ўтказганини эса уларнинг ҳайкалдай қотиб қолган юз ифодаларию, дастурхонда қўл урилмай қолиб кетган ноз-неъматлар тасвири билан берилади. Умуман олганда, фильмда бу каби рамзий тасвир-ишораларга бот-бот мурожаат қилинади ва тарихий муҳит жонли тарзда акс эттирилади. 

Урушга сафарбарлик эълон қилинган пайтдан бошланган оғир ва машаққатли кунлар фильм қаҳрамонлари характери шаклланиши ва юзага қалқиб чиқишида муҳим рол ўйнайди. Кимдир оғзидаги луқмасини фронтга илинади, яна кимдир эса синовларга тоб беролмай, хиёнат йўлини тутади. Шу асно фильм драматизми тобора таранглашиб боради.

Картина қаҳрамонларининг ўзига хослигини таъминлаш мақсадида уларнинг нутқини индивидуаллаштиришга, шунингдек, персонаж нутқидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинган. Масалан, «Қарғалар учса қарайлик» – Искандар Элмуродов ижросидаги Аҳмаджон; «Битта ўпай» – Бунёд Раҳматуллаев ижросидаги Юсуфжон, «Шаҳарда қизлар бўлади» – Райҳона Асадова ижросидаги Зулайҳо образи шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, қаҳрамонлар тилидан янграйдиган бу каби сўз ва бирикмaлар улар қисмат чизиғининг турли бурилиш нуқталарида қайта-қайта такрорланади ва ҳар ҳар сафар ўзгача маъно-моҳият, ўзгача руҳ, ўзгача фожиавийлик касб этади. Алалоқибат, бу образларнинг томошабин хотирасида муҳрланиб қолишига хизмат қилади. Аммо фильмдаги бир қатор персонажларнинг руҳият харитаси етарли даражада аниқ қилиб чизилмагани, индивидуаллиги таъминланмагани, образ сифатида «қиёми»га етмай қолгани (Илҳом Содиқов ижросидаги Исоқжон ва Ҳусан Рашидов ижросидаги Ваҳобжон образи) уларнинг томошабин ёдида хира тарзда бўй кўрсатишига, ҳатто уларнинг фильмдаги кўп сонли юзлар орасида йўқолиб кетишига сабаб бўлади.

Айни пайтда Йигитали Мамажонов ижросидаги Шокир образи картинага ўзига хос тарзда олиб кирилган бўлса-да, сюжетдаги такомили чала қолгани туфайли унинг персонаж сифатидаги ёрқинлиги тобора йўқолиб боради. Шунингдек, қилган хиёнати ўз қизининг ақлдан озишига сабаб бўлган Нигора Каримбоева ижросидаги Саида образининг ҳеч қандай ишора-изоҳларсиз раиснинг ўйнашига айланиб қолиши томошабинда савол келтириб чиқаради.

Фильмда ўзбек халқи менталитетига хос энг нозик нуқталар, орият, андиша, ғурур ва муҳаббат каби тушунчалар муваффақиятли тарзда акс эттирилган, дейиш мумкин. Айниқса, тўй тасвирида, эрнинг ўтин ёриши ва хотиннинг хамир қоришдаги инжа имо-ишораларда, Зулфия аянинг ўз келинлари олдида дардини ичга ютиб, ёлғиз қолгач сой бўйига бориб, ўкириб-ўкириб йиғлашида, ака-укаларидан қорахат келган куни Фотиҳ Насимовнинг қаҳрамони Муҳаммаджоннинг тунда ўз хотинини келинойилари билан ухлашга ундаши каби саҳналарда бу янада бўртиб кўзга ташланади.

Фильм ўзбек халқининг сентиментал руҳидан озуқа олиб, етишиб чиққан режиссёр томонидан суратга олингани яққол сезилиб туради. Шунинг учун ҳам ҳар қанча совуққон, ҳар қанча «темир одам» бўлишга уринманг, асарнинг қайсидир нуқтасига келганда кўзингиздан ёш чиққанини сезмай қоласиз.

Аммо ёмон томони шуки, бу кўз ёшлар фильмнинг айнан фожиавий нуқталари – ака-укаларнинг жангда вафот этиш билан боғлиқ саҳналардан сўнг туғилмайди. Яъни томошабин қалбида беш ўғил қисматига ачиниш туйғусини уйғота олиш вазифаси етарли даражада уддаланмай қолган. Немис офицерининг Ўзбекистон ҳақида фавқулодда билим соҳиби экани, ака-ука Исоқжон ва Ваҳобжоннинг бир жойда пайдо бўлиши, Юсуфжоннинг жангчиларга хос бўлмаган тарзда ўлим топиши саҳналари кинематографик тилда ишонарли тарзда ифодаланмаган, етарлича асослантирилмаган. Шунингдек, фильмда аёлларнинг йиғлаши ва почтачи Чорининг (Раҳматилла Қурбонов) калтакланиши билан боғлиқ тасвирларга меъёридан ортиқ ўрин берилган.

Фильмнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири унинг сиёсийлаштирилмаганидир. Зотан, қаҳрамонларнинг ҳар бири қандайдир сиёсий ғоя ёки доҳий учун эмас, ўз оиласи тимсолидаги ватани озодлиги учун курашаётганини онгли равишда ҳис қилиб туради.

Бугун ўзбек кино санъати таназзул жари ёқасига келиб қолгани аччиқ ҳақиқат. Чунки енгил-елпи фильмлар аллақачон томошабиннинг бўғзига қадалди. Ўзбек жамиятида ижтимоий-сиёсий жиҳатдан онгли ва интеллектуал қатламнинг сафи тобора кенгайиб бораётган айни бир пайтда янада сифатлироқ, мукаммалликка ёвуқроқ, чинакам санъат асарлари кутилаётгани табиий ҳолдир.

«Илҳақ» мана шу борада бизга умид бермоқда. Албатта, фильм ҳақидаги фикр-мубоҳасалар ҳали давом этади. Зотан, чинакам санъат асари ўзи ҳақидаги турли баҳсларга йўл очади: у ҳақда охирги ҳукм-хулосани айтиб бўлмайди. Агарки қайсидир асар ҳақида сўнгги гапни айтиш мумкин бўлса, демак, у санъат намунаси эмас.

Отабек Тиллаев,
Истанбул университети  
Телевидение, радио ва кино бўлими докторанти

Мавзуга оид