Жамият | 01:52 / 23.05.2019
16602
3 дақиқада ўқилади

Бир гуноҳ  қилиб қўйсанг, дарҳол тавба қил ва уни ювадиган бирон яхшилик қил

«Кун ҳадиси» дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни «Тақво ва гўзал ахлоқ» деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибияти мудири Муҳаммадаюбхон Ҳамидов шарҳлаб берди.

YouTube

Tas-IX

Абу Зарр ва Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳулар ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ. Қилган ҳар бир ёмон ишинг орқасидан уни ювадиган бирон-бир яхшиликни эргаштир ва инсонларга нисбатан гўзал хулқ ила муомала қил” дедилар», (Термизий, Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари).

Ушбу ҳадис учта қисмдан иборат:

«Қаерда бўлсанг ҳам...» Яъни, одамлар ҳузурида Аллоҳдан қўрққанинг каби улар бўлмаган жойларда ҳам Ундан қўрққин. Тақводор бўлишга ёрдам берадиган ишлардан бири инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло кўриб-билиб турганини доимо ёдда сақлашдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Уч кишининг ўзаро шивир-шивири бўлса, албатта, У зот уларнинг тўртинчисидир» (Мужодала сураси 7-оят).

«Қилган ҳар бир ёмон ишинг орқасидан уни ювадиган бирон-бир яхшилик қил».

Яъни бир гуноҳ иш қилиб қўйсанг, дарҳол тавба қил ва уни ювадиган бирон яхшилик қилгин деган маънода айтилган. Ҳадиснинг зоҳирига қарайдиган бўлсак, бир яхшилик бир ёмонликни кетказади. Аслида эса бошқача. Баъзида бир яхшилик ўнта ёмонликни ювиб юбориши ҳам мумкин. Бунга ҳужжат бўлган ҳадислар жуда кўп. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта такбир, ўн марта ҳамд ва ўн марта тасбеҳ айтинг. Бу тилда бир юз эллик, мезонда эса бир минг беш юз деганидир» (Имом Аҳмад ривояти). Бу ҳадис арзимас ва кичик солиҳ амаллар ҳам ёмон амалларни ўчириб юборишига далолат қилади.

«Инсонларга нисбатан гўзал хулқ ила муомала қил».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар одамларга бойлигингиз билан ёрдамга шошилманглар. Уларга очиқ юз ва ширин сўз билан ёрдам беринглар» (Имом Аҳмад ривояти): «Сизларнинг энг яхшиларингиз гўзал хулқли бўлганингиздир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг расули, амалларнинг энг фазилатлиси нима?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўзал хулқ», деб жавоб берганлар.

Инша Аллоҳ мана шу ҳадисдан манфаатлансак, хулқлансак Пайғамбаримиз соллаллоҳу васаллам айтганларидек, ҳақиқий тақводорлар сафида бўламиз.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид