Москва областида украиналик собиқ депутат Иля Кива ўлдирилди. Бу ҳақда нималар маълум?
Москва областида Украина Олий Радаси собиқ депутати Иля Кива отиб кетилди. У аввалига «Ўнг сектор»да бўлган, кейин эса — россияпараст партия «Мухолифат платформаси» сафига ўтган. У Украина махсус хизматлари амалиёти натижасида ўлдирилгани айтилмоқда.
Украина Олий Радасининг собиқ депутати Иля Кива жонсиз ҳолда топилди. Унинг жасади Москва области Одинцово районидаги Супонево қишлоғи ҳудудида аниқлашган. Маҳаллий манбаларга кўра, Иля Киванинг жасади «Величъ Country Club» меҳмонхонаси яқинидаги паркда қорда қонга беланган ҳолда ётган.
Иля Киванинг жасадини 6 декабр куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида меҳмонхона ходими учратиб қолган, деб ёзади Baza телеграм-канали. Киванинг жасади у яшаб келган меҳмонхонадаги коттеж ёнидан топилган, деб хабар қилган «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали. Манба маълумотига кўра, Кива дарахтзорда ўқотар қуролдан жароҳат олган, шундан кейин қонга беланган ҳолда сўқмоқ бўйлаб меҳмонхонанинг асосий биноси томон юриб келган. Кива билан бирга яшаган аёл терговчиларга берган маълумотга кўра, собиқ депутат жойлашуви кузатилишининг олдини олиш мақсадида ўз канали учун роликларни доим меҳмонхона яқинидаги дарахтзорда ёзиб олган.
Shot ва Baza телеграм-каналлари ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, Кива бош қисмига тўппонча орқали ўқ узилиши оқибатида вафот этган. ТАСС агентлиги собиқ депутат шовқинни пасайтирадиган мослама ўрнатилган қуролдан отилган. Mash телеграм-канали аниқлик киритишича, Кива икки ўқ билан ўлдирилган — унинг кўкрак соҳаси ва бошига ўқ узилган.
Украин нашрлари Кива Украина хавфсизлик хизмати амалиёти оқибатида ўлдирилгани ҳақида ёзган. «Украинская правда», «Суспилне», «Громадске» ва бошқа кўплаб манбалар бу маълумотни аноним манбаларига таяниб тарқатган. Бу хабарларга кўра, Кива ўқотар қуролдан ўлдирилган. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳам «Суспилне»га берган интервюсида Кива ўлдирилганини тасдиқлади: «Ҳа, тасдиқлашим мумкин, Киванинг куни битди. Бундай қисмат Украинанинг бошқа сотқинлари, шунингдек, Россия режими ёрдамчиларининг бошига ҳам тушади». Кива ўлдирилгани ҳақида россиялик пропагандачи Маргарита Симонян ва Раданинг собиқ депутати Олег Царев ҳам хабар берган. Украина президенти офиси бу хабарлар юзасидан изоҳ беришни истамаган.
РФ Тергов қўмитаси Иля Кива «қотиллиги факти бўйича» жиноий иш қўзғатган. «Дастлабки маълумотларга кўра, кечқурун Одинцово шаҳар округи Супонево қишлоғидаги коттеж посёлкаларидан бирининг паркида номаълум шахс номаълум қуролдан жабрланувчига қарата ўқ узган. Олинган жароҳатлардан эркак киши воқеа жойида вафот этган. Ўлдирилганнинг шахси аниқланган — бу Украина Олий Радаси собиқ депутати — Иля Кива», — дейилади Тергов қўмитасининг Москва области бўйича бошқармаси хабарида.
Кива ҳақида нималар маълум?
Кива Полтавада туғилган, бу ерда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича бошқармада (шу даврда коррупцияда айбланиб қамоққа олинган), кейин милицияда ишлаган, «Полтавшчина» махсус патрул хизмати баталёнини бошқарган.
Кива 2014 йилда Евромайданда иштирок этиб, «Ўнг сектор» етакчиси Дмитро Ярош билан танишиб қолган. Шундан кейин у «Ўнг сектор»нинг Полтавадаги бўлимини бошқарган ва Ярошнинг президентлик сайловларидаги ишончли вакили бўлган.
2014-2015 йилларда Кива Донецк ва Луҳанск областларидаги амалиётларда қатнашиб, Донбасс «куч билан украинлаштирилиши» тарафдори бўлган.
2019 йилда эса Кива ўзи президентлик сайловларида қатнашади — у Социалистик партиядан номзодини қўяди ва бир фоиздан камроқ овоз йиғади.
Кейин Кива россияпараст «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партиясига аъзо бўлади, 2021 йилда партия раҳбариятини танқид қилгани учун уни партиядан ўчиришади.
Бундан ташқари, Кива Украина миллий полициясининг гиёҳвандликка қарши кураш департаментига раҳбарлик қилган ва Украинанинг собиқ ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг маслаҳатчиси бўлган.
Россия армиясининг Украинага бостириб киришидан олдин Кива Россия ва Украина бирлашишини ёқлаб чиққан, РФ президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлаган.
Россия босқини арафасида Кива Украинани тарк этган, босқин бошланганидан кейин эса Москванинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганди. Ўтган вақт мобайнида Кива Россия ҳудудида яшаб келган. Унга халқаро қидирув эълон қилинганди.
Олий Рада 2022 йил мартида Киванинг депутатлик мандатини бекор қилганди. Жорий йил ноябр ойи ўрталарида Лвивдаги Личаковский суди Олий Радага «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» россияпараст партиясидан депутат бўлган Кивани сиртдан 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
У давлатга хиёнат, нафрат уйғотиш, ҳокимиятни эгаллаб олиш ва тажовузкор урушга чақириш, коммунистик тоталитар тузум белгиларидан очиқчасига фойдаланишда айбланган.
«Ватани ёқиш»дан Россия пропаганда шоуларигача
BBC рус хизмати махсус мухбири Иля Барабанов — украиналик сиёсатчи Иля Киванинг ўлими ҳақида:
«Украина Олий радаси халқ депутати, жасади Подмосковеда топилган Иля Кива тўққиз йил ичида Россияда тақиқланган «Ўнг сектор» ташкилоти етакчиларидан бири ва Украинанинг собиқ ички ишлар вазири Арсен Аваков жамоасидаги одамлардан биридан Россиянинг Биринчи каналидаги асосий пропагандачилардан бирига айланди.
2014 йилда Кива «ватани ёқиш» ва Украинанинг шарқий областларида референдум ўтказиш тарафдорларини отиб ташлашга чақирганди ва ўшанда унга қарши жиноий иш очилмаганини Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг эътиборсизлиги билан изоҳлаш мумкин.
Аммо Россия босқини бошлангач у Москвада пайдо бўлди ва тезда Кремлнинг асосий тарғиботчиларидан бири ва телевизион каналлар бошловчиларини хурсанд қилиш учун исталган гапни айтишга тайёр меҳмонга айланди.
«Зеленский Полшага қочди», «ГУР раҳбари Буданов ҳалок бўлди», «Залужний Порошенко билан биргаликда Зеленскийга қарши ҳарбий давлат тўнтариши тайёрламоқда» — шунга ўхшаш гапларни. Кива Россия телеэфирларида шунга ўхшаш гапларни айтишга тайёр эди.
2022 йил баҳорида у Москвадан сиёсий бошпана сўраши ва фақат шу билан ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини айтади. Лекин 2023 йил 6 декабрда, Украина қуролли кучлари кунида у Подмосковеда жонсиз ҳолда топилди.
Шу куни тонгда у тез орада Володимир Зеленский ўлдирилишини ёзганди, амалда эса унинг ўзи ўлдирилди. Яқин кунлар ичида Россия пропагандаси аввалроқ Даря Дугина ва Владлен Татарскийнинг ўлимидан кейин бўлгани каби бу ўлимдан ҳам фойдаланадими, йўқми, гувоҳ бўламиз».
Мавзуга оид
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00 / 25.12.2024