Украина ҳужумларни амалга ошириш ва нисбатан кам сонли аскарларини хавф-хатардан узоқроқ тутиш учун ракета ёки бомбалар билан қуролланган ерусти аппаратларидан фойдаланмоқда.
Бугунги кунда инсон кучи жанг майдонидаги энг ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Урушларда асосан роботлар қатнашадиган келажак ҳали узоқдек туюлади. Аммо Украина ўзининг технологик ютуқларини намойиш этиш орқали Ғарбдаги ҳамкорларига сон жиҳатдан кам бўлган армияси жангни давом эттира олишини кўрсатишга интилмоқда.
Хусусан, Киев армияда шахсий таркиб етишмовчилиги билан курашмоқда ва аскарлар орасида катта йўқотишларга йўл қўймасдан ўзини ҳимоя қилиш йўлини топгандек. New York Times нашри Украина қандай қилиб жангларнинг кўпроқ қисмини учувчисиз тизимлар ва роботларга топширишга ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳикоя қилди.
Ўтган ҳафтадаги чиқишида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам улар эндиликда Россия позицияларини фақат автоматлаштирилган қуроллар ёрдамида эгаллаши мумкинлигини таъкидлаганди.
Дронлардан роботларгача
Дастлаб Украина жанг майдонида асосий эътиборни – фронт чизиғи осмонини тўлдирган, ҳар қандай ҳаракатни кузатиб турадиган ва ҳужум қиладиган кичик ҳаво дронларига қаратганди. Бугунга келиб, улар учувчисиз тизимларни нафақат ҳавода, балки сув остида ва қуруқликда ҳам ишга солмоқда.
Ерусти роботлари кўпинча хавфли ҳудудларда юк ташиш ва тиббий эвакуация қилиш учун ишлатилса-да, Украина улардан ҳужумлар уюштиришда ҳам борган сари кўпроқ фойдаланмоқда.
Украина мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган ойда (март ойида) армия портловчи моддалар, пулемётлар ёки ракеталар билан жиҳозланган учувчисиз ерусти аппаратлари ёрдамида фронтда 9000дан ортиқ вазифаларини бажарган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг ноябр ойида бундай операциялар сони 2900 тани ташкил этган. Бир йил аввал эса роботлар билан операциялар камдан кам учраган ва фақат тажриба тариқасида бўларди.


















