Ўзбекистон | 09:20 / 22.10.2025
2252
1 дақиқада ўқилади

Вазирлар ва ҳудуд раҳбарлари сунъий интеллект учун ҳам масъул бўлади

Эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантириш учун ҳам масъул этиб белгиланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.

Барча вазирлик ва ҳокимликларга ўз тузилмасида сунъий интеллектни ривожлантириш билан шуғулланадиган алоҳида бўлинма ташкил қилиш ва уларга аниқ вазифалар белгилаб бериш топширилди. Ушбу вазифалар асосан:

  • иш самарадорлигини ва хизмат сифатини oшириш,
  • ортиқча харажатларни камайтириш,
  • “яширин” иқтисодиёт ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш,
  • сунъий интеллект орқали ечим топиш каби масалаларни ўз ичига олади.

Шунингдек, юқори кўрсаткичга эришган, хорижий тил билган ва технологик билимлари кучли 100 нафар мутахассис АҚШ, Европа, Сингапур ва Япония каби мамлакатларга олти ойлик курсларга юборилади.

Келгуси йилдан вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни жорий этиш ҳолатини баҳолайдиган рейтинг тизими ишга туширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид