Жаҳон | 19:35 / 07.06.2024
6082
2 дақиқада ўқилади

​Байден АҚШнинг Украинага ёрдами кечиккани учун Зеленскийдан узр сўради

У яна 225 миллион долларлик ёрдам ваъда қилган.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Украина учун 225 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ваъда қилди, деб хабар бермоқда NBC.

Францияда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув чоғида Байден АҚШнинг ҳарбий ёрдами кечиккани ва бу Россия жанг майдонида муваффақиятга эришишига сабаб бўлгани учун илк бор узр сўраган. Шунингдек, у украинлар президентини АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирган.

«Молиялаштириш масаласидаги тушунмовчиликлар ҳафтаси учун узр сўрайман, чунки бизда бу воситалар бўйича қонун лойиҳасини қабул қилишда муаммолар бўлди, унинг қабул қилинишига тўсқинлик қилган айрим ўта консерватив аъзоларимиз туфайли, аммо биз ўз мақсадимизга эришдик», — деган Байден.

Зеленский бунга жавобан ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

Associated Press маълумотига кўра, янги ҳарбий ёрдам пакетидан Stinger, Javelin ва TOW тизимлари, AT-4 гранатомётлари, M113 русумли зирҳли транспортёрлар, M777 гаубицалари учун 155 мм калибрли снарядлар, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари ва HAWK зенит-ракета комплекслари учун ўқ-дорилар, шунингдек миномёт тизимлари ва артиллерия снарядлари ўрин олади. 

Буларнинг барчаси АҚШ ҳарбий омборларидан ажратилади.

  • АҚШ конгресси 2023 йил кузида Украина учун 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратишни ҳам кўзда тутувчи миллий хавфсизлик бўйича қонун лойиҳаси бўйича келиша олмаганди. Ҳужжат фақат 2024 йил апрел ойига келиб қабул қилинди. Қонун лойиҳасини қабул қилиш кечиккани туфайли Украина қуролли кучлари ўқ-дори етишмовчилиги муаммосига учради, РФ қуролли кучлари эса бундан фойдаланиб қатор йўналишларда илгарилашга эришди.

Мавзуга оид