Жаҳон | 10:17 / 14.04.2018
25128
2 дақиқада ўқилади

Макрон ва Мэй Сурияга берилган зарбалар бўйича баёнот билан чиқди

Фото: Reuters

Франция президенти Эммануэль Макрон АҚШ, Британия ва Франция кучлари Суриядаги объектларга зарбалар бергач баёнот билан чиқди. Баёнот матни Елисей саройи сайтида эълон қилинган.

«Мен Франция қуролли кучларига АҚШ ва Буюк Британия билан коалициядаги халқаро амалиёт давомида Сурия ҳудудига киришга буйруқ бердим. Бу Сурия режими кимёвий арсеналига қарши йўналтирилган ҳаракат», - дейилади Макроннинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, француз кучлари амалиёти кимёвий қуролни ишлаб чиқараётган ёки ундан фойдаланаётган Сурия объектларига зарба бериш билан чекланган.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг маълум қилишича, Британия қўшинларига Сурия ҳудудига аниқ зарбалар бериш ҳақида буйруқ берган. Бу кимёвий қуролни йўқотиш мақсадида амалга оширилган, деб хабар қилмоқда Reuters.

«Гап фуқаролик урушига аралашув ҳақидаги кетаётгани йўқ. Гап режимни ўзгартириш ҳақида кетаётгани йўқ. Гап чекланган ва аниқ зарбалар ҳақида бормоқда, у минтақадаги кескинликни оширмайди», - дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар юз бермаслиги учун барча нарса қилинади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп 14 апрель куни Сурияга нисбатан ракета ҳужуми бошланганини билдирди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилишига жавобан Асад ҳукуматига қарши ҳарбий амалиёт ўтказмоқда.

 

Мавзуга оид