Жаҳон | 10:10 / 21.04.2026
1581
2 дақиқада ўқилади

Франция ва Польша ҳарбий алоқа учун сунъий йўлдош яратади

Гданьскда бўлиб ўтган учрашувда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Польша бош вазири Дональд Туск Польша армияси учун космик сунъий йўлдошни биргаликда қуришини эълон қилди. У Starlink тизимига муқобил вариантлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Фото: Ludovic Marin/AFP

Франция ва Польша Польша қуролли кучлари учун ҳимояланган ҳарбий алоқа каналини таъминлайдиган космик сунъий йўлдошни ҳамкорликда барпо этади. Бу ҳақда 20 апрель, душанба куни Гданьскда бўлиб ўтган қўшма учрашувда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Польша бош вазири Дональд Туск маълум қилди.

Гап Thales Alenia Space, Airbus Defence and Space ҳамда RADMOR компанияларининг қўшма лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Thales Alenia Space’нинг пресс-релизида қайд этилишича, ушбу лойиҳа Европани 2030 йилгача мустақил мудофаа имкониятлари билан таъминлашга қаратилган Европа Комиссиясининг мудофаа режаси доирасига киритилган. Битим қиймати ошкор этилмаган.

Reuters таъкидлашича, Европа ўзининг мустақил сунъий йўлдош хизматларини ривожлантиришга интилмоқда. Бу орқали, жумладан, Starlink тизимига қарамликни камайтириш мақсад қилинган, чунки унинг эгаси Илон Маскнинг сиёсий жиҳатдан олдиндан айтиб бўлмайдиган позицияси борасида хавотирлар мавжуд. Reuters хабарида айтилишича, янги йўлдош геостационар орбитада жойлаштирилади ва Польша ҳарбий алоқасига хизмат қилади.

Гданьскдаги учрашувда Макрон ва Туск ядровий тийиб туриш, энергетика, шунингдек, Европанинг мудофаа сармояларини молиялаштирувчи SAFE — Security Action for Europe ташаббусини ҳам муҳокама қилди.

Томонлар, шунингдек, ракетага қарши мудофаа, узоқ масофали қурол-яроғ тизимлари ва ракета ҳужуми ҳақида эрта огоҳлантириш тизимлари бўйича кейинги ҳамкорлик йўналишларини ҳам белгилаб олди. Бу ҳақда Туск ва Макроннинг қўшма баёнотида сўз боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид