Жамият | 16:01 / 05.05.2021
7466
2 дақиқада ўқилади

Рамазон акцияси: Юрак порогига чалинган 5 нафар бола операцияси тўловига ҳомийлик қилинади!

Улуғ кунларда саховатли инсонлар ҳам кўпаяди. Уларнинг ташаббуси билан ўтказилаётган акция юрак порогига чалинган болаларни ана шу дарддан фориғ қилиш учун мўлжалланган.

Туғма ёки орттирилган юрак пороглари болаларда кўп учрайдиган ва муттасил азоб берадиган касалликлардан бири ҳисобланади. Бу дарддан қутулишнинг ягона самарали усули жарроҳлик амалиётидир. Аммо кўп ҳолларда касаллик кеч аниқланиши, ота-оналарнинг қўли калталиги ёки бошқа сабабларга кўра операциялар ортга сурилиб кетади ва ривожланишдан ортда қолиш билан бирга бола ҳаётига жиддий хавф туғилади. Мазкур акция муҳтож оилаларнинг 5 нафар ана шундай болаларига ёрдам беришни мақсад қилган.

Акцияда қуйидаги шартларга амал қилинади:

1. Операция Ўзбекистон клиникаларида ўтказилиши лозим, бунда танлов фақат ота-оналар томонидан амалга оширилади ва ҳомийлар бу жараёнга аралашмайди;

2. Амалиёт нархлари жорий йил май ойига қадар белгиланган нархларга мутаносиб бўлиши керак;

3. Ҳомийлик тўлови фақат стандарт операцияни қоплашга қаратилади, комплекс даволаниш, реабилитация жараёнларни қамраб олмайди;

4. Акция бўйича мурожаатлар жорий йилнинг 15 майига қадар қабул қилинади;

5. Оилавий шароити ва бошқа қатор жиҳатларга кўра танлаб олинган беморлар билан алоқага чиқилади, қолганларга жавоб ва изоҳ берилмайди;

6. Мурожаатлар сони 60 тадан ошганида акция муддатидан олдин якунланиши мумкин.

Боғланиш учун соат 10:00дан 18:00гача телеграм орқали @Abror_Zohidov аккаунтига мурожаат қилинг!

Яхлит хат шаклидаги мурожаатингизда:

1. Боланинг тўлиқ исм-шарифи, ёши ва оилавий аҳволи тўғрисида маълумот;

2. Манзил ва боғланиш телефонлари;

3. Касаллик тарихидан аниқ ва тўлиқ диагноз кўрсатилган кўчирма;

4. Талаб қилинувчи маблағ ва клиника номи;

5. Беморнинг ота-онасига тегишли пластик карта рақамларини илова қилинг.

Аллоҳ фарзандингизга комил шифо берсин ва бу болажонлар эл-юртига хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишсин!

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид