Ўзбекистон | 08:04 / 18.05.2021
7530
3 дақиқада ўқилади

Кимлар ёш тадбиркор деб ҳисобланиши аниқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомлар тасдиқланди.

Ҳужжат президентнинг 2021 йил 21 апрелдаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш ва бошқариш;
  • зоналар ҳудудига жойлаштириш учун ёш тадбиркорлик субъектининг инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ва жойлаштириш;
  • зоналарда жойлашган бинолар ва иншоотларни хусусийлаштириш;
  • тижорат банклари томонидан қурилган бино ва иншоотларни лизинг ёки ижарага бериш тартиби.

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари;
  • Жамғарма фаолиятини бошқариш тартиби;
  • Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;
  • Жамғарма маблағларидан фойдаланишга доир ҳисобот ва назорат юритиш тартиби.

Белгиланишича, ёш тадбиркорлик субъекти 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ҳамда юридик шахс мақомида ёки таъсисчилари сифатида саноат ёки хизмат кўрсатиш йўналишида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Барча тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Жамғарма маблағлари тижорат банклари томонидан белгиланган тартибда ажратилиши белгиланган.

Тегишли вазирлик ва идораларга 2021 йил 20 майгача қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

  • 2021 йил 1 сентябргача 77 та ҳамда 2022 йил 1 январгача 142 та зоналар ишга туширилишини назарда тутувчи иш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизими доирасида назарда тутилган имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида ёшлар орасида кенг тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қуйидагилар юклатилди:

  • ҳар йили 25 декабргача – Жамғарманинг келгуси йил учун иш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • ҳар йили 20 январгача – Жамғарма маблағларининг тақсимланиши бўйича йиллик ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид