Ўзбекистон | 11:34 / 05.11.2020
17291
4 дақиқада ўқилади

Бўкалик фермер судда ютди. Ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Бўкалик фермер Нуриддин Абдуғаффоров туман ҳокими қарори ҳақиқий эмаслигини судда исботлаб берди. Бунгача суд ишни 6 марта кўриб чиққан ва орадан салкам 2 йил вақт ўтганди.

3 ноябрь куни Тошкент вилояти маъмурий суди бўкалик фермер ишини аппеляция инстанциясида кўриб чиқди. Бунга қадар, Бекобод туман маъмурий суди унинг аризасини қаноатлантиришдан рад этганди. Аппеляция инстанция суди аризачининг шикоятини қаноатлантириб, туман ҳокими қарорини бекор қилди.

Нуриддин Абдуғаффоров ерларни оптимизация қилиш сиёсатидан азият туфайли ерини йўқотди. Кейинчалик ерини олиб қўйилишига асос бўлган туман ҳокимининг тегишли қарори устидан прокуратура ва судга шикоят қилди. Аммо унинг ўтган икки йилдаги саъй-ҳаракати самара бермаган.

Нуриддин Абдуғаффоров 

Фермер ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ эканини кўп маротаба исботламоқчи бўлган. Масалан, 2019 йил 30 январда Бўка тумани ҳокимининг 182-сонли қарорни қабул қилиш учун Ўзбекистон Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми талаби (Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишида ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш) ўрнатилган тартибда бажарилмаган. Фермердан бошқа мақсад ва пайтда ердан ихтиёрий воз кечиш ҳақида аризаси олинган, аммо бу ҳолатга судлар ҳуқуқий баҳо бермай, важни инобатга олмай келганди.

Туман ҳокими қарорида фермер билан тузилган ижара шартномаси унинг ерни ихтиёрий топшириш тўғрисидаги аризасига биноан бекор қилиниши кўрсатилган. Ҳукуматнинг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан қабул қилинган низомга кўра, ерни мақбуллаштириш мақсадида тегишлича олинган ариза туман ҳокими номига ёзилади ва у уч кунда фермерлар кенгашига тақдим этилади. Фермердан олинган ариза ишончли бўлмагани, у ҳукумат тасдиқлаган низомда кўрсатилган тартиб ва таомил бўйича тўлдирилмагани, шунингдек, белгиланган тартибда фермерлар кенгашига топширилмагани судда тасдиқланган.

Тартибга кўра, фермерлар кенгаши аризани ўрганиб, тегишли хулосани тайёрлаб, ҳужжатларни Ер бериш ва реализация қилиш комиссиясига юбориши керак. Низом талабига кўра, комиссия тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш масаласини бир ҳафта муддатда кўриб чиқади, унинг натижасида қабул қилинган комиссия қарори, баённома ва фермерлар кенгаши хулосаси халқ депутатлари туман кенгашига юборилади. Депутатлар тегишли қарорни қабул қилгач, буни ҳокимга юборади. Фермер Нуриддин Абдуғаффоровнинг ерларини тортиб олишда амалдаги мана шу тартиблар бузилган.

Ҳокимнинг фермер Нуриддин Абдуғаффоровнинг ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорига Халқ депутатлари Бўка туман кенгашининг 2019 йил 30 январдаги сессияси қарори асос қилиб олинган. Аммо сессияда бу фермернинг ер ижара шартномасини бекор қилишга розилик берилган эмас, бу масала сессия кун тартибига ҳам киритилмаганди.

Чорихон Қодиров

Тошкент вилояти суди аппеляция инстанцияси аризачи ва унинг манфаатидан судда ҳозир бўлган Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров келтирган важ ва далилларни ўрганиб чиқиб, Бекобод туман маъмурий суди қабул қилган қарорни бекор қилди. Шунингдек, туман ҳокимининг тегишли қарори ҳам ҳақиқий эмас, деб топилди.

«Ниҳоятда ҳаяжон билан суд қандай қарор чиқаришини кутаётгандим. Суд адолатли қарор чиқарди», — дейди фермер Kun.uz билан суҳбатда.

Ўзбекистон фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодировнинг айтишича, туман ҳокимлиги суднинг қарорини тан олмаслиги қонун бузилишига сабаб бўлади.

«Агар туман ҳокимлиги судлар томонидан қабул қилинган қарорни тан олмаса, ишончим комилки, қонунларда суд қарорини бажармаслик (тан олмаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган», — дейди у.

Маълумот учун, суднинг апелляция инстанциясида қабул қилинган янги ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан кучга киради.

Мавзуга оид