Иқтисодиёт | 13:14 / 27.01.2026
2515
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​2025 йилда аҳоли даромадларининг ошиши тезлашди. Асосий омил – хориждан юборилган пул ўтказмалари

Ўтган йил якунларига кўра Ўзбекистонда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиши 9,2 фоизни, жон бошига даромадларнинг реал ўсиши эса 7,2 фоизни ташкил этди. Аҳолининг умумий даромадларида хориждан пул ўтказмаларининг улуши 21 фоиз бўлди ва республиканинг барча ҳудудларида бу кўрсаткич сезиларли даражада ошди.

Фото: REUTERS

2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 1 квадриллион 134 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.

Ўтган йилда аҳоли даромадларининг номинал кўринишдаги ўсиши 18,9 фоизни, реал ўсиш суръати эса 9,2 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич мос равишда 18,5 ва 8,1 фоиз бўлганди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса номинал қийматда 16,6 фоизга (2024 йилда – 16,1 фоиз), реал кўринишда 7,2 фоизга (5,9 фоиз) кўпайди. Натижада 2025 йилда аҳоли жон бошига ўртача даромад 29,9 млн сўмга (24,1 млн сўм) етган.

Ҳудудлар кесимида даромадларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (73 млн 910 минг сўм), Навоий (44 млн 694 минг сўм), Бухоро (35 млн 176 минг сўм) ва Хоразм (31 млн 136 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва 3 та вилоятда аҳоли жон бошига умумий даромадлар республикадаги ўртача кўрсаткичдан баланд бўлган.

Бу борадаги энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (20 млн 656 минг сўм), Наманган (21 млн 304 минг сўм) ва Сурхондарё (22 млн 572 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва Қорақалпоғистондаги даромадлар фарқи 3,5 баробарни ташкил этяпти.

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона вилояти (14,8 фоиз), Тошкент шаҳри (8,5 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (8,5 фоиз) кузатилган. Аксинча, Андижон (0,6 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (3,8 фоиз) ва Тошкент вилоятида (4,4 фоиз) аҳолининг реал даромадлари нисбатан кам миқдорда ўсди.

Аҳолининг умумий даромадлари таркиби

Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадларининг катта қисми мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни ўз ичига олган меҳнат фаолиятидан олинган – 34 фоиз. Шунингдек, трансфертлардан олинган даромадлар (29,6 фоиз), ёлланма ишчиларнинг даромадлари (26,4 фоиз) ҳам салмоқли улушни эгаллайди.

Трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши Самарқанд (38,5 фоиз), Андижон (38,5 фоиз), Хоразм (39,1 фоиз) ва Фарғона вилоятларида (42,2 фоиз) аҳоли умумий даромадларига нисбатан 38 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлса, Навоий вилоятида мазкур даромад турининг улуши энг паст – 13,6 фоиз бўлган.

Хусусан, аҳолининг умумий даромадларида (бошқа жорий трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) хориждан пул ўтказмаларининг улуши 21 фоизга етган.

Пул ўтказмаларига энг катта боғлиқлик Фарғона (32,5 фоиз), Хоразм (31,1 фоиз) ҳамда Андижон вилоятларида (30 фоиз) кузатилган.

Ҳудудлар кесимидаги умумий даромадларда республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмалари улушининг ўзгариши

2025 йилда республиканинг барча ҳудудларида хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларининг кўпайишида асосий омиллардан бири бўлган. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид