18:00 / 04.09.2018
7346

Нодир Отажонов: Ўзбекистонда тўқимачилик кластерлари сони 50тага етказилади

Бугунги кунда ўзбек тўқимачилик саноати янги босқичга кўтарилмоқда. Буни бир қанча хорижий компаниялар билан тузилган манфаатли шартномалар ва экспорт салоҳиятининг ўсганидан ҳам билиш мумкин.

Хусусан, жорий йилнинг 1 июлида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида тўқимачилик протоколи тузилди. Эндиликда Ўзбекистоннинг таниқли тўқимачилик брендлари Европа давлатларига ўз маҳсулотларини етказиб беришади. Бу эса секторнинг янада ривожланишига ҳамда экспорт ҳажми ўсишига ўз ҳиссасини қўшади.  

Тошкентда 4 сентябрь куни «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, ITECA Exhibitions компанияси, Республика Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Республика Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган Биринчи Халқаро тўқимачилик анжуманида соҳа истиқболлари хусусида сўз борди. Халқаро доирада соҳа вакилларини бир жойга тўплашдан мақсад инвесторларни жалб қилиш ва ўзбек тўқимачилик саноати имкониятларини кенг таништиришдир. Анжуманда бир қанча дипломатик корпус аъзолари, бизнесмен ва халқаро тўқимачилик корхоналари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акционерлик жамияти раиси Нодир Отажонов тадбирда юртимизда тўқимачилик саноатининг бугунги ҳолати тўғрисида гапирди.

«Тўқимачилик саноати ҳар бир давлат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Пахта экспорти бўйича етакчи бўлган мамлакатимиз учун бу сфера айниқса жуда аҳамиятлидир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ тўқимачилик корхоналари фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 150таси чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган қўшма корхоналардир. Ушбу секторда 100дан кўпроқ йирик компаниялар иш олиб бормоқда. Тўқимачилик ривожига 3 миллиард доллардан ортиқ миқдорда инвестиция киритилди ва унинг 40 фоизи хориж капиталидир. Чет эл сармоясининг асосий қисми Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Швейцария, Германия, Буюк Британия ва Россияга тўғри келади. Экспорт салоҳияти ошиб бормоқда. 2018 йил бошидан бери шу пайтгача 800 млн долларлик маҳсулотлар чет давлатларга сотилди. Шунингдек, айни пайтда республикада 15та тўқимачилик кластери мавжуд бўлиб, кейинги йилда бу рақамни 50тага етказиш режалаштирилган. Тўқимачилик саноат зоналарини ташкил этиб, у ерга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни йўналтирамиз. Бу борада ҳукумат барча шароитларни яратиб беради. Жумладан, бир қанча солиқ имтиёзлари  қўлланади», дея Отажоновнинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Top